3–БОБ
Одам Ато ва Момо Ҳаво гуноҳ қилади
1 Парвардигор Эгамиз ҳамма ёввойи ҳайвонларни ҳам яратган эди. Ўша ҳайвонлар орасида анча айёри илон эди. Илон хотиндан:
— Ҳақиқатан ҳам Худо, боғдаги биронта дарахтнинг мевасидан еманглар, деб айтдими? — деб сўради.
2 Хотин илонга:
— Йўғ–э, биз боғдаги ҳамма дарахтларнинг мевасидан ейишимиз мумкин, — деб жавоб берди. 3 — Лекин Худо, боғ ўртасидаги дарахтнинг мевасидан еманглар ҳам, тегманглар ҳам, акс ҳолда, ўласизлар, деб айтган.
4 Илон эса хотинга:
— Йўқ, ўлмайсизлар, — деди. 5 — Чунки Худо биладики, сизлар бу мевалардан есангиз, кўзларингиз очилиб, сизлар ҳам барча яхши ва ёмон нарсаларни биладиган бўлиб, Худога ўхшаб қоласизлар.
6 Хотин қарасаки, ўша дарахт кўзга чиройли кўринади, мевалари жуда ейишли экан. Хотин: “Қанийди мевалар менга донолик ато қилса”, деб орзу қилди. У дарахтнинг мевасидан олиб еди, кейин ёнида турган эрига ҳам берди. Эри ҳам еди. 7 Ўша заҳоти икковининг ҳам кўзлари очилиб, улар яланғоч эканликларини англадилар, анжир баргларини сонлари атрофига тизиб, ўзларига ёпинчиқ ясадилар.
8 Оқшом пайти шабада эсиб турганда, одам ва хотини боғда Парвардигор Эгамизнинг юрганини билдилар. Улар Парвардигор Эгамизнинг назаридан қочиб, боғдаги дарахтлар орасига яшириндилар. 9 Парвардигор Эгамиз:
— Қаердасан? — деб одамни чақирди. 10 Одам:
— Мен боғда юрганингни билдим–у, яланғоч бўлганим учун қўрқиб, яшириндим, — деди.
11 — Яланғоч эканингни сенга ким айтди? — деб сўради Худо. — Ёки Мен, еманглар, деб амр этган дарахтнинг мевасидан едингми?
12 Одам жавоб берди:
— Ўзинг менга берган хотин ўша дарахтнинг мевасидан менга берди, мен ҳам едим.
13 Шунда Парвардигор Эгамиз хотинга:
— Бу нима қилганинг? — деди.
— Илон мени алдади, мен мевадан едим, — деди хотин.
Худо ҳукм қилади
14 Парвардигор Эгамиз илонга шундай деди:
“Шу қилмишларинг учун
Лаънати бўлгайсан барча жонзотлар орасида
Ва жамики ёввойи ҳайвонлар орасида.
Қорнинг билан судралиб юргайсан,
Умринг бўйи тупроқ егайсан.
15 Душманлик пайдо қиламан сен билан хотин ўртасида,
Сенинг зотинг билан унинг зоти орасида.
Унинг зоти эзиб ташлайди сенинг бошингни,
Сен чақиб оласан унинг товонини.”
16 Хотинга эса шундай деди:
“Ҳомиладорлигингда ғоят азоб бераман,
Машаққат ила бола туғасан.
Аммо эрингни қўмсайверасан,
Эринг эса ҳоким бўлади сенинг устингдан.”
17 Парвардигор Эгамиз одамга шундай деди:
“Хотинингнинг гапига кирганинг учун,
Мен, ема, деб тақиқлаган мевани еганинг учун
Сен туфайли ерни лаънати қилдим.
Бутун умринг бўйи тимдалаб ерни,
Ердан ўтказасан тирикчилигингни.
18 Ернинг ҳосили емишинг бўлса ҳам,
Ер сен учун тиканлару қушқўнмас ўстиради.
19 Сен тупроқдан яралгансан,
То тупроққа қайтгунингга қадар,
Пешана теринг билан нон ейсан.
Зеро, сен тупроқдирсан
Ва тупроққа қайтасан.”
20 Хотин жамики инсонларнинг онаси бўлгани учун, Одам Ато унга Момо Ҳаво деб исм берди. 21 Одам Ато ва унинг хотини учун Парвардигор Эгамиз теридан кийим–кечак ясаб, уларни кийинтириб қўйди.
Одам Ато ва Момо Ҳаво Адан боғидан қувиладилар
22 Кейин Парвардигор Эгамиз шундай деди: “Мана, инсон ҳамма нарсани — яхшилик ва ёмонликни билиб, Бизга ўхшаб қолди. Энди у қўлини узатиб, ҳаёт дарахти мевасидан ҳам олмасин, мевани еб, абадий яшайдиган бўлиб қолмасин.” 23 Шу сабабдан Парвардигор Эгамиз Одам Атони ва Момо Ҳавони Адан боғидан чиқариб юборди. У Одам Атони ернинг тупроғидан ясаган эди, унга энди ўша ерни ишлашга берди. 24 У Одам Атони ҳайдаб юборгандан кейин, ҳаёт дарахтига борадиган йўлни қўриқлаш учун Адан боғининг шарқ томонига карубларни ва доимо айланиб турадиган алангали қилични ўрнатди.