12–БОБ
Охирзамон
1 Фаришта гапини давом эттирди:

“Ўша пайтда халқингни ҳимоя қилувчи буюк Микойил фаришта ҳозир бўлади. Шунда инсонлар бирлашиб халқ бўлгандан бери мисли кўрилмаган даҳшатли азоб–уқубатлар даври бошланади. Аммо ўша дамларда сенинг халқинг орасидан Худонинг китобига исми ёзилган ҳар бир одам нажот топади. 2 Қора ер бағрида ётганларнинг кўпчилиги уйғонади: кимдир абадий ҳаётга эришади, кимдир шармандалигу абадий иснодга дучор бўлади. 3 Донолар мусаффо осмон каби яшнайдилар, одамларни ҳақ йўлга солганлар эса юлдузлар каби мангу порлайверадилар. 4 Сен эса, эй Дониёр, китобни муҳрлагин–у, бу сўзларни охирзамонгача сир сақла. Бу давр мобайнида кўп одамлар ўзларини у ёқдан–бу ёққа уриб, юз бераётган ҳодисаларни тушунмоқчи бўладилар .”
Дониёрнинг икки фаришта ҳақидаги ваҳийси
5 Дониёр шундай деб ёзди:

“Мен дарёнинг бўйида пайдо бўлган яна бошқа икки фариштани кўрдим. Биттаси дарёнинг бу томонида, бошқаси у томонида турар эди. 6 Уларнинг бири оқимнинг юқори қисмида турган зиғир либосли фариштадан :
— Бундай қийинчиликлар қачонгача давом этади? Охири борми ўзи? — деб сўради.
7 Зиғир либосли фаришта иккала қўлини осмонга чўзиб, барҳаёт Худонинг номи билан қасам ичганини ва шундай сўзлар айтганини эшитдим:
— Бу қийинчиликлар уч ярим йил давом этади. Худога қарашли одамларнинг куч–қудрати тамомила йўқ қилингандан кейин, ўша қувғинларнинг барчаси ўз ниҳоясига етади.
8 Ўша одамнинг гапларини эшитдим–у, тушунмадим:
— Эй ҳазратим, бунинг оқибати нима бўлади? — деб сўрадим.
9 У шундай жавоб берди:
— Бу тўғрида ҳеч хавотир олма, Дониёр, чунки бу сўзлар муҳрланган бўлиб охирзамонга қадар сир сақланади. 10 Бу қувғинлар туфайли кўп одамлар тозаланиб, покланади, аммо фосиқлар фосиқлигини давом эттираверади. Фосиқларнинг биронтаси ҳам буни тушунмайди, донолар эса буларнинг барчасини англаб оладилар. 11 Кундалик қурбонликлар тўхтатилиб, кўп ҳаром–хариш ишларга сабаб бўладиган макруҳ бир нарса ўрнатилган пайтдан бошлаб 1290 кун ўтади. 12 Охиргача, яъни 1335 кун ўтгунга қадар содиқ бўлиб қолганлар нақадар бахтиёрдир. 13 Эй Дониёр, сен эса ҳаётингни шу зайлда давом эттиравер. Вақти келиб, оламдан кўз юмасан. Охиратда эса мукофотингни олиш учун тириласан.”