7–БОБ
Юзаки тутилган рўза ҳукм қилинади
1 Шоҳ Доро ҳукмронлигининг тўртинчи йили тўққизинчи ойи — Хислав ойининг тўртинчи кунида Эгамиз Ўз сўзини Закариёга аён қилди. 2 Бундан олдин Байтил аҳолиси Эгамиздан илтифот сўраш учун Саризар, Рахеммалек ва уларнинг одамларини Маъбадга юбориб, шундай деган эди:
3 — Бориб, Сарвари Оламнинг уйида бўлган руҳоний ва пайғамбарлардан сўранглар: “Биз анча йиллардан бери Эгамизнинг уйи вайрон қилинган ойда қайғуриб, рўза тутиб келамиз. Шундай қилишда давом этаверайликми?”
4 Сарвари Олам Закариёга аён қилган сўзида шундай деди:
5 — Бу юртдаги барча одамларга ва руҳонийларга айт: “Ҳа, сизлар мана шу ўтган етмиш йил давомида бешинчи ва еттинчи ойларда рўза тутиб, қайғурдингизлар. Аммо буни Мен учун эмас, ўзингиз учун қилган эдингизлар! 6 Қорнингизни тўйдириш учун еб–ичганингиздай, ўз манфаатингиз учун рўза тутиб қайғургансизлар. 7 Мен, Эгангиз, ўтган пайғамбарлар орқали айнан шу ҳақда сизларни огоҳлантирганман–ку! Ўша пайтларда Қуддус ва унинг атрофидаги қишлоқлар одамга тўла эди. У ерда фаровонлик ҳукм сурар эди. Нагав чўли ва Яҳудо қир этакларида ҳам одамлар яшардилар.”
Сургуннинг сабаби итоатсизликдир
8 Эгамиз Закариёга қуйидаги сўзларни аён қилди:
9 — Мен, Сарвари Олам, шундай деган эдим: “Адолатли ҳукм қилинглар. Бир–бирингизга меҳрибон бўлинглар, раҳм–шафқат қилинглар. 10 Беваларга, етимларга, мусофирларга, камбағалларга зулм қилманглар. Бир–бирингизга қарши ёвуз режалар тузманглар.” 11 Аммо халқим қулоқ солишдан бош тортди. Ўжарлик қилиб, эшитмаслик учун қулоқларини беркитди. 12 Мен, Сарвари Олам, Ўз Руҳим билан пайғамбарлар орқали сўзларимни аён қилганман. Аммо халқим юрагини тош қилиб, қонун ва ўгитларга қулоқ солмади. Шунинг учун Мен жуда қаттиқ ғазабландим.
13 “Мен чақирганимда улар эшитмагандилар, улар чақирганда Мен ҳам эшитмадим, — дейди Сарвари Олам. 14 — Мен уларни ўзлари танимаган, билмаган халқлар орасига сочиб ташладим . Шундай қилиб, уларнинг юрти вайрон бўлди. На у ерга биров боради, на у ердан биров келади. Ўша ажойиб юрт вайрон бўлди.”