5–БОБ
Узумзор қўшиғи
1 Қўшиқ айтай суюклигимга,
Айтай муҳаббат қўшиғимни
Унинг узумзори ҳақида.
Суйганимнинг узумзори бор эди
Тупроғи унумли тепаликда.
2 Ерни ағдариб, тошлардан тозалади,
Ўтқазди энг сара узум токини,
Қоровул минорасини ўртага қурди.
Узум сиқиш чуқурини тайёрлади,
Узумларнинг пишишини У кутди,
Аммо ҳосил итузум бўлди.

3 Энди, эй Қуддус аҳли, Яҳудо халқи,
Ҳакам бўлинг Мен билан узумзорим ўртасида.
4 Яна нима қилишим керак эди узумзор учун?
Унга қилмаганим яна не қолди?!
Узумларнинг пишишини кутганимда,
Нега ҳосил итузум бўлди?!

5 Энди Мен сизларга айтаман
Нима қилишимни узумзоримни.
Четан деворини олиб ташлайман,
Ҳамма бор нарсаси еб битирилсин.
Унинг деворини бузиб ташлайман,
Узумзорим пайҳон қилинсин.
6 Мен уни харобазор қиламан,
Энди токларим буталмайди,
Ери ҳеч юмшатилмайди.
Тиканлар, чангалзор билан қоплансин,
Булутларга ҳам амр бераман,
Узумзоримга ёмғир ёғдирмасин.

7 Сарвари Оламнинг узумзори — Исроил халқи,
Эгамнинг хуш кўрган кўчати — Яҳудо одамлари.
Улардан тўғрилик кутганди, қотиллик кўрди,
Улардан адолат кутганди, фарёд эшитди.
Ишаё адолатсизликни қоралайди
8 Эй кўплаб уй сотиб оладиганлар!
Ҳолингизга вой!
Эй даласига яна дала қўшиб оладиганлар!
Ҳолингизга вой,
Ҳа, бошқаларга жой қолдирмайсиз,
Энди бу юртда ёлғиз ўзингиз қолиб кетасиз.

9 Сарвари Оламнинг сўзи аён бўлди менга:
“Кўплаб уйлар, шубҳасиз, хароб бўлади,
Катта, чиройли уйлар кимсасиз қолади.
10 Йигирма таноб узумзор икки кўза шароб беради,
Ўн сават уруғ аранг бир сават ҳосил беради.”

11 Ҳолингизга вой, эй эрта тонгда туриб,
Ўткир ичимлик ортидан қувадиганлар!
Ҳолингизга вой, эй тунда алламаҳалгача
Шароб ичиб қизийдиганлар!
12 Зиёфатларингизда лира, арфа,
Чилдирма, най чалинар, шароб ичилар!
Бироқ Эгамнинг ишларини англамайсизлар,
Унинг қўллари ижодини кўрмайсизлар!
13 Шу боис, халқим Мени билмагани туфайли сургунга кетди.
Амалдорлари очликдан ўлиб кетди,
Кўплари ташналикдан ўртаниб ёнди.
14 Ҳа, беҳад очилиб кетди
Ўликлар диёрининг иштаҳаси,
Чексиз очилиб кетди унинг оғзи,
Тушиб кетди у ерга Қуддуснинг обрўси,
Ўликлар диёрига кетди кўп одами,
Шовқин–сурони, юксалгани ҳам.
15 Шундай қилиб, инсон шарманда бўлди,
Одамзод тиз чўктирилди,
Киборларнинг кўзлари ерга қаради.
16 Бироқ Сарвари Олам адолати ила юксалади.
Мана, Муқаддас Худо одиллиги ила
Муқаддаслигини кўрсатди.
17 Қўзилар ўтлайди энди ўзларининг
Яйловида ўтлагандай,
Сарсон бўлиб юрган бўрдоқилар
Еб тўяди вайроналарда .

18 Ҳолингизга вой! Эй ёлғонни арқон қилиб
Айбларини тортиб келадиганлар!
Эй араванинг арқони билан
Гуноҳларини судраб келадиганлар!
19 Сизлар айтасиз: “Қани, тез бўлсин,
Қиладиганини дарров қилсин,
Токи биз буни кўрайлик.
Исроил халқининг Муқаддас Худосининг мақсади
Зудлик билан амалга ошсин,
Токи биз буни билиб олайлик.”

20 Ҳолингизга вой, эй ёмонни яхши,
Яхшини ёмон деб айтадиганлар,
Зулматни нур билан,
Нурни эса зулмат билан алмаштирадиганлар!
Эй аччиқни ширин,
Ширинни аччиқ дейдиганлар!

21 Ҳолингизга вой, эй ўзини доно деб билганлар,
Ўзларини идрокли деб ҳисоблаганлар!

22 Ҳолингизга вой, эй шароб ичишда
Қаҳрамон бўлганлар,
Ичкиликни аралаш–қуралаш ичишда
Баҳодирлик кўрсатганлар.
23 Пора эвазига айбдорни ҳақ деб топганлар,
Солиҳларнинг тўғрилигини инкор қилади улар!
24 Шу боис аланганинг тили сомонни ютгандай,
Уларнинг илдизи чириб кетади,
Қуруқ хашак оловда куйиб битгандай,
Уларнинг ғунчаси чангдай учиб кетади.
Сарвари Оламнинг таълимотини улар рад қилди,
Исроил халқининг Муқаддас Худосининг сўзидан нафратланди.
25 Ҳа, Эгамнинг ғазаби Ўз халқига қарши алангаланди,
У халққа қарши қўл кўтариб, уларни урди.
Шунда тоғлар ларзага келди,
Кўчаларда жасадлар ахлат бўлди.
Шунда ҳам Эгам ғазабидан тушмади,
Унинг қўли ҳамон
Исроилга қарши кўтарилганча турарди.
Худо, Исроилга ҳужум қилсин деб, бегона халқларни олиб келади
26 Узоқдаги халқларга Эгам белги беради,
Ернинг четидаги халқларга ишора юборади.
Ана, улар келаётир бу ерга тез, шиддат ила!
27 Улар на чарчайди, на йиқилади,
На мудрайди, ё на ухлайди,
На камари бўшалади,
На чориғининг иплари узилади.
28 Уларнинг ўқлари ўткирланган,
Ҳамма ёйлари тортиб боғланган,
Отларининг туёқлари чақмоқтошга ўхшар,
Араваларининг ғилдираклари қуюн кабидир.
29 Улар шерга ўхшаб бўкиради,
Йиртқич шер каби ўкиради,
Ўкириб, ўлжасини ушлайди, олиб кетади,
Ҳеч ким уни қутқариб ололмайди.
30 Ўша куни гувиллаган денгизга ўхшаб
Юрт узра ўкириш эшитилади.
Ана юртга қаранг!
Зулмат ва кулфат,
Булутлар туфайли нур хира бўлди.