7–БОБ
1 Шундан кейин Хират–Йўрим аҳолиси бориб, Эгамизнинг Сандиғини олди. Уни Абунадавнинг тепаликдаги уйига олиб келишди. Эгамизнинг Сандиғини авайлаб сақласин деб, Абунадавнинг ўғли Элазарни поклаб, шу вазифага тайинлашди.
Шомуил Исроилга йўлбошчилик қилади
2 Сандиқ узоқ вақт — йигирма йилча Хират–Йўримда қолиб кетди. Бу орада бутун Исроил халқи Эгамизга талпинди.
3 Шомуил жамики Исроил халқига деди:
— Агар чин дилдан Эгамизга қайтмоқчи бўлсангиз, ҳамма бегона худоларни ва Аштарет тасвирларини орангиздан йўқотинг. Кўнглингизни Эгамизга бериб, ёлғиз Унга хизмат қилинг. Ана шунда Эгамиз сизларни Филистларнинг қўлидан қутқаради.
4 Исроил халқи Баал ва Аштарет тасвирларини йўқ қилиб, фақат Эгамизга хизмат қила бошлашди.
5 Ўшанда Шомуил:
— Бутун Исроил халқи Миспахда тўплансин, мен у ерда Исроил халқи учун Эгамизга илтижо қиламан, — деди.
6 Миспахда тўпланган Исроил халқи қудуқдан сув тортиб, Эгамизга назр қилиб тўкишди. “Эгамиз олдида гуноҳ қилдик”, деб ўша куни рўза тутишди. Шомуил Миспахда Исроил халқига ҳакамлик қила бошлади.
7 Филистлар Исроил халқининг Миспахда тўпланганини эшитиб қолишди. Филист беклари, Исроил халқи билан уришамиз, деб отланишди. Исроил халқи буни эшитиб, Филистлардан қўрқиб кетишди. 8 Улар Шомуилга:
— Биз учун Эгамиз Худога тинимсиз илтижо қилинг, токи У бизни Филистларнинг қўлидан қутқарсин, — дейишди. 9 Шу боисдан Шомуил битта эмадиган қўзичоқ олиб, Эгамизга куйдириладиган қурбонлик қилди. Сўнг Исроил халқи учун Эгамизга нолаю фарёд билан илтижо қилди. Эгамиз унинг илтижосини эшитди.
10 Шомуил куйдириладиган қурбонликни адо этаётган эди, Филистлар Исроил лашкарига ҳужум қилмоқчи бўлиб яқин келдилар. Аммо ўша заҳоти Эгамиз ваҳимали овоз чиқариб, Филистларни шундай саросимага солдики, оқибатда улар Исроил лашкарига мағлуб бўлди. 11 Исроил лашкари Миспахдан чиқиб, Филистларни Байт–Кор деган ернинг этагигача қувиб бориб ўлдирдилар.
12 Шомуил бир тошни олиб, Миспах билан Яшоно орасига ўрнатди. “Эгамиз бизга йўл бўйи ёрдам берди”, дея тошга Эванзор деб ном берди. 13 Мағлуб бўлган Филистлар Исроил ҳудудига қайтиб ҳужум қилишмади. Шомуил ҳаётлигида Исроил халқи Филистларга ҳужум қилганда, Эгамиз мадад бериб турди. 14 Эхрондан Гатга қадар Филистлар қўлга киритган шаҳарларнинг ҳаммасини Исроил халқи яна қайтариб олди. Шундай қилиб, Исроил халқининг ҳамма ерлари Филистлардан озод бўлди. Исроил халқи билан Амор халқлари орасида сулҳ тузилди.
15 Шомуил умр бўйи Исроилга ҳакамлик қилди. 16 У ҳар йили Байтил, Гилгал, Миспахни айланар, бу шаҳарларда туриб, Исроилни бошқарарди. 17 Кейин Рама шаҳридаги уйига қайтар ва ўша ерда туриб Исроилга ҳакамлик қиларди. Шомуил Рамада Эгамизга атаб бир қурбонгоҳ қурдирди.
© © Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020