10–БОБ
1 Сўнгра Шомуил мой идишини олиб, Шоулнинг бошига мой суртди. Кейин Шоулни ўпиб, шундай деди:
— Мана, Эгамиз сенга мой суртиб, Ўз халқига ҳукмдор этиб танлади. 2 Бугун менинг олдимдан кетганингдан кейин Бенямин ҳудудида, Зилзахдаги Роҳиланинг мақбараси ёнида икки кишига дуч келасан. Улар сенга: “Излаб кетган эшакларинг топилди, отанг энди эшакларни ўйламай, балки, ўғлимга нима бўлди экан, деб сендан хавотирланиб ўтирибди”, деб айтишади. 3 У ердан яна йўлингда давом этиб, Товурдаги муқаддас дарахт олдидан чиқасан. У ерда учта одамга дуч келасан. Уларнинг бири учта улоқча, бири учта гардиш нон, яна бошқаси бир меш шароб билан Худонинг ҳузурига — Байтилга йўл олган бўлади. 4 Улар сенга омонлик тилаб, иккита гардиш нон беришади. Сен нонларни ол. 5 Кейин Филистлар қўнолғаси жойлашган, Худонинг тепалиги деб аталган Гивога борасан. Шаҳарга кирганингда, пайғамбарлар гуруҳига дуч келасан. Улар жўшиб зикр тушиб, саждагоҳдан тушиб келаётган бўладилар. Уларнинг олдиларида арфа, чилдирма, най ва лира чалиб келаётган одамлар бўлади. 6 Эгамиз Руҳи сени ҳам қамраб олади. Улар билан бирга сен ҳам жўшиб зикр тушасан ва бутунлай бошқа одамга айланасан. 7 Бу аломатлар сенда намоён бўлганда, ўзингга маъқул бўлганини қил. Худо сен билан. 8 Мендан олдин сен Гилгалга бор. Мен ҳам куйдириладиган қурбонликлар ва тинчлик қурбонликларини назр қилгани ҳузурингга бораман. Мени етти кун кут, ёнингга борганимдан кейин нима қилишингни айтаман.
9 Шоул энди Шомуилнинг ёнидан кетиш учун чоғланган ҳам эдики, Худо унинг юрагини ўзгартирди. Ўша куни Шомуил айтган ҳамма аломатлар бажо бўлди. 10 Шоул Гивога келганда, уни пайғамбарлар гуруҳи қарши олди. Худонинг Руҳи уни қамраб олди, Шоул улар билан бирга жўшиб зикр туша бошлади. 11 Шоулнинг дўстлари буни кўриб, ҳайратга тушдилар:
— Нима? Наҳотки Шоул ҳам пайғамбар бўлса?! Кишнинг ўғли қандай қилиб пайғамбар бўлиб қолибди?
12 Қўшниларидан бири эътироз билдирди:
— Отаси кимлигининг аҳамияти йўқ. Ҳар ким ҳам пайғамбар бўлиши мумкин .
Шу сабабдан ҳам “Наҳотки Шоул ҳам пайғамбар бўлса?!” деган гап аслида ўшандан қолган.
13 Зикр тушиш тўхтагач, Шоул саждагоҳга чиқди.
14 Амакиси Шоул билан хизматкоридан:
— Қаерларда қолиб кетдингизлар? — деб сўради.
— Эшакларни қидирдик, уларни топа олмай, Шомуилнинг олдига бордик, — деб жавоб берди Шоул.
15 — Шомуил сизларга нималар деди, менга ҳам айт–чи, — деди амакиси.
16 — Эшакларнинг топилганини бизга тўппа–тўғри айтиб берди, — деди Шоул. Шомуилнинг шоҳликка алоқадор сўзларини эса амакисига айтмади.
Шоул шоҳ деб эълон қилинади
17 Шомуил Исроил халқини Миспахга , Эгамизнинг ҳузурига чақириб, 18 шундай деди:
— Исроил халқининг Худоси — Эгамиз айтмоқда: “Исроил халқини Мисрдан Мен олиб чиққанман. Мисрликларнинг ва сизларга зулм қилган ҳамма шоҳликларнинг қўлидан сизларни қутқардим. 19 Аммо бугун бутун машаққат ва заҳматларингиздан сизларни қутқарадиган Мен, Худойингизни рад қилдингиз ҳамда: «Бизга устимиздан шоҳ тайинланг», дедингиз. Энди Мен, Эгангизнинг ҳузурида қабила ва уруғларга бўлиниб тизилинг.”
20 Шомуил Исроил халқининг ҳамма қабилаларини бирин–кетин ўз ҳузурига чақирди. Қуръа ташлаб , улардан Бенямин қабиласини танлаб олди. 21 Кейин Бенямин қабиласини уруғлари бўйича олдига чақирди. Қуръа ташлаб, Матри уруғини танлаб олди. Яна қуръа ташлаб, Матри уруғидан Кишнинг ўғли Шоулни танлаб олди. Исроил халқи уни ахтариб топа олмади. 22 Улар Эгамиздан:
— Ўша одам келдими ўзи? — деб сўрашди.
— У шу ерда, анжомларнинг орасида яшириниб юрибди, — деган жавоб келди Эгамиздан.
23 Одамлар югуриб бориб, Шоулни олиб келишди. Шоул халқнинг орасида тикка турган эди, ҳамма унинг елкасидан келар экан.
24 Шомуил бутун халойиққа қарата:
— Эгамиз танлаган одамни кўряпсизми, бутун халқ орасида унга тенг келадигани топилмайди, — деди. Шунда халқ:
— Яшасин шоҳ! — деб ҳайқирди.
25 Шомуил шоҳликнинг қонун–қоидаларини халққа айтиб берди. (Кейинчалик Шомуил бу қонун–қоидаларни китоб ҳолига келтириб, Эгамизнинг уйига қўйди.) Сўнг ҳамма одамни уй–уйларига жўнатиб юборди. 26 Шоул ҳам Гивога — ўз уйига кетди. Худо руҳлантирган бир неча киши унга ҳамроҳ бўлди. 27 Аммо баъзи ярамас одамлар: “У бизни қутқара олармиди?!” деб Шоулни назарларига илмади, шу сабабдан унга инъомлар тортиқ қилишмади. Шоул эса билиб билмасликка олиб қўя қолди.