22–БОБ
Яҳудо шоҳи Охозиё
1 Араблар босқинчилик сафари давомида Ёҳурамнинг кенжа ўғли Охозиёдан бошқа ҳамма ўғилларини қатл қилган эдилар. Шунинг учун Қуддус аҳолиси Охозиёни ўзларига шоҳ қилишди. 2 Охозиё тахтга ўтирганда, йигирма икки ёшда эди. У Қуддусда бир йил шоҳлик қилди. Онасининг исми Оталиё бўлиб, Исроил шоҳи Омрининг невараси эди. 3 Охозиё ҳам Ахаб хонадони йўлидан юрди, чунки онаси унга қабиҳ ишлар қилишни маслаҳат берарди. 4 Охозиё Ахаб наслига ўхшаб, Эгамиз олдида қабиҳликлар қилди. Отаси Ёҳурамнинг вафотидан кейин, шоҳ Ахаб хонадонининг бошқа аъзолари Охозиёнинг маслаҳатчилари бўлиб, уни ҳалокатга бошладилар. 5 Охозиё уларнинг маслаҳатига кириб, Исроил шоҳи Ахаб ўғли Ёрам билан бирга Гиладдаги Рамўтга бориб, Орам шоҳи Хазайилга қарши уруш очди. Шоҳ Ёрам шу урушда ярадор бўлди. 6 У ярасини даволатиш учун Йизрил шаҳрига қайтиб келди. Яҳудо шоҳи Охозиё эса яраланган Ёрамни кўргани Йизрилга борди.
7 Худо Охозиёнинг бу ташрифини унинг ҳалокати учун ишлатди. Охозиё Ёрамникига етиб боргач, Ёрам билан биргаликда Нимшининг невараси Ёҳуни кутиб олгани чиқди. Ёҳуни Эгамиз Ахаб хонадонини қатл қилиш учун танлаган эди. 8 Ёҳу Ахаб хонадони устидан чиқарилган ҳукмни ижро этаётган пайтда, Охозиё билан бирга келган Яҳудо аъёнларига ва Охозиёнинг жиянларига дуч келди. Уларнинг ҳаммасини битта қолдирмай қириб юборди. 9 Сўнг Охозиёни қидира бошлади. Ёҳунинг одамлари Самарияда яшириниб юрган Охозиёни қўлга олдилар. Уни Ёҳунинг олдига олиб келиб ўлдирдилар. Аммо кейин дафн қилдилар, чунки улар: “Эҳа, бу Эгамизга чин юракдан интилган Ёҳушафатнинг невараси–ку!” деб айтган эдилар. Охозиё хонадонида шоҳлик қиладиган ҳеч бир кимса қолмади.
Яҳудо маликаси Оталиё тахтга ўтиради
10 Оталиё ўз ўғли шоҳ Охозиёнинг ўлдирилганини эшитгач, Яҳудода Охозиёнинг жамики уруғини қириб ташлашга киришди. 11 Шоҳнинг ҳамма ўғилларини ўлдириш режалаштирилган эди. Шоҳ Ёҳурамнинг Ёҳушева деган қизи бор эди. Ёҳушева Охозиёнинг ўгай синглиси бўлиб, руҳоний Ёҳайидога турмушга чиққан эди. Ёҳушева Охозиёнинг ўғли Йўшни шоҳнинг ўғиллари орасидан билдирмасдан олиб қочди. Оталиё болани ўлдирмаслиги учун, уни энагаси билан бирга Эгамизнинг уйидаги ётоқхонага яширди. 12 Оталиё юртни бошқарган пайтда, бола олти йил давомида Худонинг уйида улар билан бирга яшириниб юрди.