17–БОБ
Худо Дамашқ ва Исроилни жазолайди
1 Дамашқ ҳақида башорат:

“Ана, Дамашқ энди шаҳар бўлмайди!
У вайроналар уюмига айланади!
2 Арор шаҳарлари тарк этилади,
Сурувлар масканига айланади,
Ҳеч ким уларни ҳуркитмайди.
3 Эфрайим юртининг қалъаси йўқ бўлади,
Дамашқнинг шоҳлиги кетади.
Орам халқининг омон қолганлари ғойиб бўлади,
Буларнинг ҳаммаси Исроил халқининг
Шуҳрати сингари барҳам топади,
— деб айтмоқда Сарвари Олам. —

4 Ўша куни Ёқуб наслининг шуҳрати йўқолади,
Танаси озиб–тўзиб кетади.
5 Мана, ўроқчилар бошоқларни ўриб олади,
Ўз қўллари билан дон ҳосилини йиғиштириб олади.
Ўша далаларда терилган буғдой бошоқларидай
Рафа водийсида Ёқуб наслидан ҳам озчилик қолади.
6 Ҳа, зайтун дарахти қоқилганда
Дарахт учида икки–уч мева қолгандай,
Ҳосилдор шохчаларда тўрт–беш мева қолгандай
Ўша бошоқларда бир–икки дон қолади”,
— деб башорат қилар Исроил халқининг Худоси — Эгамиз.

7 Ўша куни ҳар бир одам Яратувчига қарайди, уларнинг кўзлари Исроил халқининг Муқаддас Худосини кўради. 8 Инсон қурбонгоҳларга, қўлларининг ижодига қарамайди, ўз қўли билан ясаган нарсалар — Ашерага аталган устунларни, тутатқи қурбонгоҳларини кўрмайди.
9 Ўша куни мустаҳкам шаҳарлари ўрмонлардаги ташландиқ жойларга ўхшаб қолади. Одамлар ташлаб кетган қир тепаликлар каби бўлади. Исроил халқи дастидан бу шаҳарлар харобазорга айланади.

10 Ахир, сен нажоткоринг Худони унутдинг,
Паноҳ бўладиган Қоянгни эсламадинг.
Мана, сен ёқимли ўсимликлар экасан,
Бегона кўчатларни ўтқазасан.
11 Уларни авайлаб–асраб ўстирасан,
Тонгда уруғдан куртак чиқартирасан,
Аммо барча ҳосилинг йўқ бўлади.
Фақат дард ва алам сенга насиб этади.

12 Қаранг, халқларнинг кўплигини!
Улар денгиз каби гувиллайди!
Лашкарларнинг ҳайқириғи
Тўлқинлар товушидай баланддир.
13 Аммо Эгам уларга танбеҳ беради,
Халқлар ҳам тўлқинлар каби йўқолиб кетади.
Улар узоқларга қочиб қолади.
Тоғлардаги шамолда учган хас–чўп каби қувилади,
Қуюн олдидаги гирдоб каби ҳайдалади.
14 Оқшом пайти! Қаранглар, кулфат!
Тонг отмасдан улар йўқ бўлиб кетади.
Бизни талайдиганларнинг қисмати шундай бўлади,
Биздан тортиб олганларга мана шу насиб қилади.