16–БОБ
1 Эгамиз Исроил шоҳи Башога Хонин ўғли Ёҳу орқали шу сўзларни аён қилган эди:
2 — Сени Мен тупроқ остидан чиқариб юксалтирдим. Сени халқим Исроилнинг ҳукмдори қилдим. Сен эса Ерибомнинг йўлидан кетиб, халқим Исроилни гуноҳга ботирдинг. Гуноҳларингиз Мени ғазаблантирди. 3 Мана кўрасан, Набат ўғли Ерибом хонадони сингари, сенинг оилангни ҳам илдизидан қуритаман. 4 Сенинг хонадонингдан бўлган одам шаҳарда ўлса кўппакларга ем бўлар, қирда ўлса кўкдаги қушларга ем бўлар.
5 Башонинг бошқа ишлари, фаолияти, қаҳрамонликлари “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзиб қолдирилган. 6 Башо ҳам оламдан ўтиб, Тирзада ота–боболари ёнига дафн қилинди. Унинг ўрнига ўғли Элох шоҳ бўлди. 7 Хонин ўғли Ёҳу орқали Башога ва унинг хонадонига Эгамиз Ўзининг сўзларини аён қилган эди. Башо Эгамиз олдида Ерибом хонадони каби қабиҳликлар қилгани ва Ерибомнинг хонадонини қириб ташлагани учун Эгамиз ундан ғазабланди.
Исроил шоҳи Элох
8 Осо Яҳудога шоҳлик қилаётганига йигирма олти йил бўлганда, Элох Исроил шоҳи бўлди. Элох Башонинг ўғли эди. У Тирзада истиқомат қилиб, икки йил ҳукмронлик қилди. 9 Лекин жанг араваларининг ярмига қўмондон бўлган Зимри унга суиқасд уюштирди. Элох Тирзада турган пайтда Тирзадаги бош вазири Арзонинг уйида ичиб маст бўлиб қолди. 10 Шунда Зимри ичкарига кирди–ю, уни ўлдирди. Сўнг Зимри шоҳ бўлиб олди. Осо Яҳудода шоҳлик қилаётганига йигирма етти йил бўлганда, шу воқеа юз берди.
11 Зимри шоҳ бўлиб тахтга ўтиргач, Башо хонадонини битта қўймай қириб ташлади. Башонинг қариндош–уруғидан ҳам, ёр–биродарларидан ҳам биронта эркак зоти тирик қолмади. 12 Эгамизнинг Ёҳу пайғамбар орқали айтган сўзларига кўра, Зимри Башо хонадонини йўқ қилди. 13 Башо билан унинг ўғли Элохнинг гуноҳлари кўп бўлиб, улар Исроил халқини гуноҳга ботирган, ўзларининг бутлари билан Исроил халқининг Худоси — Эгамизни ғазаблантиргани учун шу ҳодисалар юз берган эди. 14 Элохнинг бошқа ишлари, бутун фаолияти “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзиб қолдирилган.
Исроил шоҳи Зимри
15 Осо Яҳудога шоҳлик қилаётганига йигирма етти йил бўлганда, Зимри ҳам Тирзада етти кун Исроилга шоҳ бўлди. Исроил лашкари шу пайтда Гибитон шаҳрини қамал қилиб турган эди. Бу шаҳар Филистларники эди. 16 “Зимри шоҳга суиқасд уюштирибди, шоҳни ўлдирибди” деган хабарни лашкар Гибитонни қамал қилиб турган ерда эшитди. Халқ лашкарбоши Омрини қароргоҳда ўша куниёқ Исроил шоҳи қилиб кўтарди. 17 Омри Исроил лашкарини бошлаб Гибитондан чиқиб келди ва Тирзани қамал қилди. 18 Зимри эса шаҳарнинг қўлдан кетганини кўрди–ю, шоҳ саройининг ички қалъасига кирди. Кейин орқасидан шоҳ саройига ўт қўйиб юбориб, ўзи ҳам нобуд бўлди. 19 Зимри гуноҳ қилгани учун шу ҳодисалар юз берган эди. У Ерибомнинг йўлидан юриб, Эгамиз олдида қабиҳликлар қилган ва Исроил халқини гуноҳга бошлаган эди. 20 Зимрининг бошқа ишлари, хоинлиги “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзиб қолдирилган.
Исроил шоҳи Омри
21 Энди Исроил халқи иккига бўлиниб қолди. Халқнинг ярми: “Гинат ўғли Тивнахни шоҳ қиламиз”, деб унга эргашди, ярми эса Омрининг этагини тутди. 22 Омрининг этагини тутган халқ Тивнахга эргашган халқ устидан ғолиб келди, Тивнах эса ўлди. Омри шоҳ бўлиб қолди. 23 Осо Яҳудога шоҳлик қилаётганига ўттиз бир йил бўлганда, Омри Исроил шоҳи бўлди. У ҳаммаси бўлиб ўн икки йил ҳукмронлик қилди. Олти йили Тирзада ўтди. 24 У Шамер исмли одамдан тўрт пуд кумушга тепаликни сотиб олиб, у ерга шаҳар қурдирди. Шаҳарни тепаликнинг олдинги эгаси Шамернинг исми билан Самария деб атади.
25 Омри ҳам Эгамиз олдида қабиҳликлар қилди. У шу даражада қабиҳлик қилдики, аввал ўтган шоҳларнинг бирортаси Омричалик қабиҳлик қилмаган эди. 26 Омри ҳам Исроил халқини гуноҳга ботирган Набат ўғли Ерибомнинг йўлидан кетди. Омри халқни бутпарастликка бошлаб, Исроил халқининг Худоси — Эгамизни ғазаблантирди. 27 Омрининг бошқа ишлари, кўрсатган қаҳрамонликлари “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзиб қолдирилган. 28 Ниҳоят, Омри оламдан ўтиб, Самарияда ота–боболари ёнига дафн қилинди. Унинг ўрнига ўғли Ахаб шоҳ бўлди.
Исроил шоҳи Ахаб
29 Осо Яҳудога шоҳлик қилаётганига ўттиз саккиз йил бўлганда, Ахаб Исроил шоҳи бўлди. Ахаб Омрининг ўғли эди. У Самарияда туриб, йигирма икки йил давомида Исроилни бошқарди. 30 Ахаб Эгамиз олдида шундай қабиҳликлар қилдики, олдин ўтган шоҳларнинг бирортаси ҳам шунчалик қабиҳлик қилмаган эди. 31 Ҳатто Набат ўғли Ерибомнинг гуноҳларига шерик бўлгани камлик қилгандай, Сидонликлар шоҳи Этбаалнинг қизи Изабелга уйланиб, Баалга сажда қилиб, хизмат қила бошлади. 32 Самарияда Баалга атаб қурган уйда қурбонгоҳ ҳам барпо қилди. 33 Ахаб, бунинг устига, Ашерага атаб устун ясади. У ўзидан аввал ўтган ҳамма Исроил шоҳларидан зиёда гуноҳ қилиб, Исроил халқининг Худоси — Эгамизни ғазаблантирди.
34 Ахаб шоҳлик қилган даврда Байтиллик Хиёл Ерихо шаҳрини қайтадан қурди. Эгамизнинг Нун ўғли Ёшуа орқали қилган башорати бажо бўлди. Хиёл тўнғич ўғли Абурамнинг жони эвазига шаҳарнинг пойдеворини ётқизди. Кичик ўғли Сахувнинг жони эвазига эса шаҳар дарвозасини ўрнатди.