5–БОБ
Худо билан ярашиш
1 Биз имонимиз туфайли оқланганимиз учун Раббимиз Исо Масиҳ орқали Худо билан ярашиб, тинчликка эришдик. 2 Раббимиз Исо Худонинг инояти эшигини бизга очиб берди. Биз имон туфайли бу иноятга эришиб, маҳкам турамиз ҳамда Худонинг улуғворлигига шерик бўлиш умидимиз борлигидан фахрланамиз. 3 Фақатгина ўша умидимиз билан эмас, балки азоб–уқубатларимиз билан ҳам фахрланамиз, чунки азоб–уқубатлар сабр–тоқат ҳосил қилишини биламиз. 4 Сабр–тоқат Худога маъқул феъл–атворни, бундай феъл–атвор эса умидни ҳосил қилади. 5 Умидимиз бизни уятга қолдирмайди. Чунки бизга берилган Муқаддас Руҳ орқали юракларимиз Худонинг меҳр–муҳаббати билан тўлиб–тошади.
6 Ҳа, биз чорасиз бўлганимизда, белгиланган вақтда Масиҳ биз — бетавфиқлар учун ўлди. 7 Солиҳ инсон учун ҳам ўлишга рози бўладиган бирорта инсонни топиш қийин. Эҳтимол, кимдир ҳимматли инсон учун ўлишга журъат қилар. 8 Лекин биз ҳали гуноҳга ботган чоғимизда, Масиҳ биз учун ўлди. Шу йўсинда Худо бизга бўлган Ўз меҳр–муҳаббатини намоён қилди. 9 Демак, биз Масиҳнинг тўкилган қони туфайли оқланган эканмиз, албатта У бизни Худонинг қаҳр–ғазабидан қутқаради. 10 Биз ҳали Худонинг душманлари бўлган пайтимизда, Худо Ўз Ўғлининг ўлими орқали бизларни Ўзи билан яраштирди. Биз энди Худо билан ярашган эканмиз, албатта Ўғлининг ҳаёти туфайли нажот топамиз. 11 Бундан ташқари, биз Раббимиз Исо Масиҳ туфайли Худо билан бўлган муносабатимиздан фахрланамиз. Ахир, Исо Масиҳ орқали биз Худо билан ярашганмиз–ку.
Одам Атодан — ўлим, Масиҳдан — ҳаёт
12 Бир одамнинг дастидан дунёга гуноҳ кириб келди. Гуноҳдан эса ўлим келиб чиқди. Натижада инсонлар ўладиган бўлди, чунки ҳамма гуноҳкордир. 13 Қонун мавжуд бўлмасдан олдин ҳам дунёда гуноҳ бор эди, лекин қонун йўқлигида гуноҳ ҳисобга олинмайди. 14 Шунга қарамай, Одам Атодан Мусога қадар яшаганларнинг гуноҳлари айнан Одам Атонинг гуноҳидай бўлмаса–да, ўлим уларнинг устидан ҳокимлик қилди.
Одам Ато келадиган Зотнинг тимсоли бўлди: 15 бир кишининг гуноҳи туфайли ҳамма ўладиган бўлди, шунга ўхшаб бир Одам, яъни Исо Масиҳнинг инояти орқали ҳамма Худонинг бой эҳсонидан баҳраманд бўла олади. Бироқ Худонинг эҳсонини Одам Атонинг гуноҳи билан солиштириб бўлмайди. 16 Худонинг эҳсони билан Одам Атонинг гуноҳи орасидаги фарқ қуйидагидан иборат: ўша бир гуноҳнинг оқибати маҳкум қилинишга олиб борди, кўп гуноҳлардан кейин берилган эҳсон эса оқланишни келтириб чиқарди. 17 Тўғри, биттагина одамнинг гуноҳи туфайли, ўша одамнинг дастидан ўлим ҳокимлик қила бошлади. Аммо Худонинг чексиз инояти билан оқланганларнинг ҳаммаси энди бир Одам, яъни Исо Масиҳ орқали абадий ҳаётда ҳокимлик қиладилар.
18 Шунга кўра, бир гуноҳ ҳаммани маҳкум қилгандай, бир солиҳ иш туфайли ҳамма оқланиб, янги ҳаётдан баҳраманд бўла олади. 19 Бир одамнинг итоатсизлиги туфайли кўп одамлар гуноҳкор бўлган бўлса, энди бир Кишининг итоаткорлиги туфайли ҳамма солиҳ бўла олади. 20 Қонун берилгандан кейин гуноҳ кўпайиб кетди. Лекин қаерда гуноҳ кўп бўлса, Худонинг инояти янада кўпроқ намоён бўлади. 21 Гуноҳ ҳокимлик қилиб, бизни ўлимга бошлар эди. Аммо биз оқландик ва Раббимиз Исо Масиҳ орқали абадий ҳаётга эгамиз. Бундан кўриниб турибдики, энди Худонинг инояти ҳукм сурмоқда.
© © Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020