5–БОБ
Нахимиё камбағалларга ёрдам беради
1 Орадан бир оз вақт ўтгач, баъзи эркагу аёллар ўз яҳудий биродарларидан қаттиқ нолий бошлашди. 2 Улардан баъзилари шундай деб айтишарди: “Биз кўпчиликмиз, бола–чақамиз кўп. Бизга буғдой керак, бўлмаса очликдан ўлиб қоламиз.” 3 Бошқа баъзи бирлари эса шундай деб айтишарди: “Очарчилик пайтида донимиз бўлсин деб, далаларимизни, узумзорларимизни, уйларимизни гаровга беряпмиз.” 4 Яна бировлари шундай деб нолишарди: “Далаларимиз ва узумзорларимиз солиғини шоҳга тўлаш учун пулни қарзга оляпмиз. 5 Яҳудий биродарларимиздан бизнинг кам жойимиз йўқ! Уларнинг болалари бизнинг болаларимиздан ортиқ эмас. Лекин ўғил–қизларимизни қул, чўри қилиб сотишга мажбур бўляпмиз. Ҳа, қизларимиздан баъзилари чўри қилиб сотилди ҳам. Бу хусусда бирор нарса қилишга ожизмиз. Ахир, далаларимиз, узумзорларимиз энди бошқаларнинг қўлида.”
6 Уларнинг дод–фарёдларини, шикоятларини эшитиб, қаттиқ ғазабландим. 7 Бу тўғрида мулоҳаза қилиб, йўлбошчилар билан амалдорларни койидим: “Сизлар ҳали биродарларингизнинг гаровга қўйган мулкларини тортиб оляпсизларми?!” Сўнгра катта бир йиғин чақиртириб, йўлбошчиларга танбеҳ бердим: 8 “Бутпараст халқларга қул ва чўри қилиб сотилган яҳудий биродарларимизни имконимиз борича қайтариб сотиб олдик. Энди эса биродарларингизнинг қулликка сотилишига ўзларингиз сабабчи бўляпсизлар. Уларни биз яна қайтариб сотиб олишимиз керакми?!” Йўлбошчилар ва амалдорлар сукут сақлаб, миқ этмай туравердилар.
9 Мен гапимни давом эттирдим: “Бу ишингиз яхши эмас. Душманлик қилаётган халқларга масхара бўлмаслигингиз учун Худойимиздан қўрқиб юришларингиз керак эмасми?! 10 Мана, менинг яқинларим, одамларим, ҳатто ўзим ҳам яҳудий биродарларимизга қарзга пул ва буғдой бериб турибмиз. Келинглар, энди уларнинг гаровга қўйилган нарсаларини тортиб олмайлик! 11 Сизлар улардан тортиб олган далаларни, узумзорларни, зайтунзорларни, уйларни, фоиз қилиб олган пулларни, донни, шаробни, зайтун мойини ҳозироқ ўзларига қайтариб беринглар.”
12 Йўлбошчилар ва амалдорлар шундай дедилар: “Айтганларингизни қиламиз. Биз уларнинг ҳамма нарсасини қайтариб берамиз, улардан энди ҳеч нарса талаб қилмаймиз.”
Мен руҳонийларни чақирдим, берган ваъдаларини бажаришлари учун йўлбошчилар ва амалдорларга қасам ичирдим. 13 Сўнг белбоғимни ечиб қоқдим–у шундай дедим: “Шу ваъдани бажармаганни Худо худди шундай қилиб қоқиб юборсин. Уни уйидан ва мол–мулкидан маҳрум қилсин. Худо ўша одамларни қуп–қуруқ қолдирсин.” Бутун жамоа “Омин” деб, Эгамизга ҳамду санолар айтди. Йўлбошчилар ва амалдорлар берган ваъдаларида турдилар.
Нахимиёнинг фидойилиги
14 Мен Яҳудо юрти ҳокими этиб тайинланганим учун халқдан озиқ–овқат талаб қилиш ҳуқуқига эга эдим. Лекин ҳокимлигимнинг ўн икки йили давомида — Артахшас ҳукмронлигининг йигирманчи йилидан то ўттиз иккинчи йилигача мен халқдан ўзим учун ҳам, қариндош–уруғларим учун ҳам ҳеч қандай озиқ–овқат талаб қилмадим. 15 Мендан олдинги ҳокимлар халқдан кунига қирқ кумуш танга билан бирга озиқ–овқат ва шароб ҳам олиб, халқнинг елкасига миниб олган экан. Ҳатто ҳокимларнинг одамлари ҳам халққа ҳукмини ўтказардилар. Мен эса Худодан қўрққаним учун шундай қилмадим. 16 Бунинг ўрнига мен бутун кучимни деворни қайта қуришга бағишладим. Одамларимнинг ҳаммаси таъмирлаш ишларига бел боғлаган эди. Ер сотиб олишга вақтимизни сарфлаб ўтирмадик.
17 Менинг дастурхонимдан ҳар куни 150 яҳудий ва уларнинг амалдорлари таом ердилар. Булардан ташқари, атрофдаги халқлардан келган меҳмонларнинг оёғи меникидан узилмас эди. 18 Ҳар кунги дастурхонимга битта буқа, олтита семиз қўй ва бир қанча товуқлар талаб қилинарди. Ҳар ўн кунда меш–меш турли хил шароб керак бўларди. Лекин халқ шусиз ҳам оғир солиқлар остида қолиб кетганини билар эдим. Шу боис мен ҳоким сифатида талаб қилишга ҳақим бўлган озиқ–овқатдан воз кечдим.
19 Эй Худойим! Бу халқ учун қилган ҳамма ишларимни ёдингда тут, мендан марҳаматингни дариғ тутмагин.
© © Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020