24–БОБ
Яҳудо шоҳи Йўш
1 Йўш шоҳ бўлганда, етти ёшда эди. У Қуддусда қирқ йил ҳукмронлик қилди. Онаси Бершеба шаҳридан бўлиб, исми Зибиёх эди. 2 Руҳоний Ёҳайидо ҳаётлигида Йўш Эгамизнинг олдида тўғри ишлар қилди. 3 Ёҳайидо Йўшга иккита хотин олиб берди. Улар Йўшга ўғил–қизлар туғиб беришди.
4 Орадан бир оз вақт ўтгач, Йўш Эгамизнинг уйини тузатишга қарор қилди. 5 У руҳонийларни ва левиларни тўплаб, уларга айтди:
— Яҳудо шаҳарларига бориб, Худойингизнинг уйини тузатиш учун жамики Исроил халқидан йилига тўланадиган солиқни йиғиб келинглар. Бу ишни тезлик билан бажаринглар.
Лекин левилар бу ишни орқага сурдилар. 6 Шунда шоҳ олий руҳоний Ёҳайидони чақиртириб, ундан сўради:
— Нимага сиз левиларни солиқ йиғиб келишлари учун жўнатмадингиз? Эгамизнинг қули Мусо Муқаддас аҳд чодирининг харажатларини қоплаш учун бу солиқни Исроил жамоасига солган–ку.
7 Қабиҳ аёл Оталиёнинг издошлари Худонинг уйига бостириб кириб, у ердаги Эгамизга бағишланган ашёларни Баалнинг сажда маросимлари учун ишлатган эдилар.
8 Шоҳнинг буйруғи билан бир қути ясалиб, Эгамиз уйи дарвозасининг ташқи томонига ўрнатилди. 9 “Худонинг қули Мусо саҳрода Исроил халқига солган солиқни Эгамизга олиб келинглар”, деб Яҳудо ва Қуддус бўйлаб эълон қилинди. 10 Жамики йўлбошчилар ва халқ бажонидил солиқ пулларини олиб келиб, қутини тўлдиравердилар. 11 Қутида кўп пул йиғилгандан кейин, левилар қутини шоҳ аъёнларига олиб боришар эди. Шоҳнинг мирзаси билан олий руҳонийнинг ёрдамчиси қутини бўшатиб, уни ўз жойига қайтариб қўйишар эди. Улар ҳар куни шундай қилишарди. Шу тариқа кўп миқдорда кумуш тўплашди. 12 Шоҳ ва Ёҳайидо бу кумушларни Эгамизнинг уйидаги ишларнинг бошида турган одамларга берди. Улар эса бу кумушга Эгамизнинг уйини тузатиш учун тош терувчилар, дурадгорлар, темир ва бронзага ишлов берадиган усталарни ёлладилар.
13 Ҳаммалари чин юракдан меҳнат қилишди, Худонинг уйини олдинги ҳолатида тиклаб, мустаҳкамлашди. 14 Улар ҳамма ишларни тугатишгач, қолган кумушларни шоҳ билан Ёҳайидога беришди. Бу кумушлардан Эгамизнинг уйи учун буюмлар — хизматда ва қурбонликлар куйдиришда ишлатиладиган идишлар, шунингдек, олтин ва кумуш анжомлар ясалди. Руҳоний Ёҳайидо даврида Эгамизнинг уйида доимо куйдириладиган қурбонликлар келтириларди.
Руҳоний Ёҳайидонинг сиёсати бекор қилинади
15 Ёҳайидо роса кексайиб, бир юз ўттиз ёшида вафот этди. 16 У Исроил халқи, Худо ва Худонинг уйи учун қилган хизматлари эвазига Довуд қалъасида шоҳлар ёнига дафн қилинди.
17 Ёҳайидонинг вафотидан кейин Яҳудо аъёнлари шоҳ ҳузурига келишиб, унга таъзим қилдилар. Шоҳ уларнинг маслаҳатларига қулоқ солди. 18 Натижада халқ ота–боболарининг Худоси — Эгамизнинг уйини тарк этиб, Ашеранинг устунларига ва бутларга сиғина бошлади. Уларнинг бу гуноҳлари туфайли, Яҳудо ва Қуддус устига Эгамиз ғазабини сочди. 19 У, халқимни қайтарай деб, олдиларига пайғамбарларни юборди. Бироқ халқ пайғамбарларнинг огоҳлантиришларига қулоқ солмади.
20 Худонинг Руҳи руҳоний Ёҳайидонинг ўғли Закариёни қамраб олди. Закариё халқнинг олдида туриб, шундай деб айтди:
— Худо шундай демоқда: “Нимага сизлар Менинг амрларимга итоат этмаяпсизлар? Шунинг учун роҳат–фароғатга эришолмайсизлар. Сизлар Мен, Эгангизни тарк этганларингиз учун, Мен ҳам сизларни тарк этаман.”
21 Аъёнлар Закариёга қарши фитна уюштирдилар. Шоҳнинг фармони билан уни Эгамизнинг уйи ҳовлисида тошбўрон қилиб ўлдирдилар. 22 Шоҳ Йўш Закариёнинг отаси Ёҳайидо кўрсатган садоқатини эсламади, аксинча, унинг ўғлини ўлдирди. Закариё жон бераётганда: “Эгамиз бу қилмишингизни кўриб, жазоингизни берсин”, деди.
Шоҳ Йўш ҳукмронлигининг сўнгги даври
23 Ўша йилнинг охирида Орам лашкари Йўшга ҳужум қилди. Улар Яҳудо ва Қуддусни босиб олиб, ҳамма халқ йўлбошчиларини ўлдиришди, олган ҳамма ўлжаларини Дамашқ шоҳига жўнатишди. 24 Гарчи Орам лашкари озчилик бўлса ҳам, Эгамиз уларнинг қўлига Яҳудонинг катта лашкарини топширганди. Чунки Яҳудо халқи ота–боболарининг Худоси — Эгамизни тарк этганди. Шундай қилиб, шоҳ Йўш жазосини олди.
25 Йўш жангда оғир яраланди. Орам лашкари кетишлари биланоқ, Йўшнинг икки аъёни унга фитна уюштирдилар. Улар руҳоний Ёҳайидонинг ўлдирилган ўғли учун Йўшдан ўч олиб, уни ўз тўшагида ўлдирдилар. Йўшни Довуд қалъасига дафн қилдилар, бироқ шоҳлар қабрига уни қўймадилар. 26 Йўшга фитна уюштирганлар Оммонлик Шимат деган аёлнинг ўғли Йўзабад ва Мўаблик Шўмер деган аёлнинг ўғли Ёҳузабад эдилар. 27 Йўшнинг ўғиллари тўғрисидаги тўлиқ ахборот, Йўшга қарши айтилган кўп башоратлар ва Худонинг уйи тузатилгани тўғрисидаги маълумотлар “Шоҳлар китобига шарҳлар”да баён этилган. Йўшнинг ўрнига ўғли Эмозиё шоҳ бўлди.
© © Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020