11–БОБ
Шамаёнинг башорати
1 Рахабом Қуддусга келиб, Яҳудо ва Бенямин қабилаларидан 180.000 одамни сипоҳликка танлаб олди. “Шоҳликни қайтариб оламан” деган мақсадда уларни Исроил халқига қарши жанг қилиш учун тайёрлади. 2 Лекин ўшанда Шамаё пайғамбарга Эгамизнинг қуйидаги сўзлари аён бўлди:
3 — Яҳудо шоҳи Сулаймон ўғли Рахабомга ҳамда Яҳудо ва Бенямин ҳудудларида истиқомат қилаётган бутун Исроил халқига шу гапларни етказ: 4 “Эгамиз шундай деб айтмоқда: қариндошларингизга қарши уруш бошламанглар! Ҳар ким ўз уйига қайтсин! Чунки бу ишлар ҳаммаси Мендан бўлди.”
Улар Эгамизнинг амрига итоат этиб, Ерибомга қарши уруш қилмадилар.
5 Рахабом Қуддусда яшади, у мудофаа учун Яҳудодаги қуйидаги шаҳарларни мустаҳкамлади: 6 Байтлаҳм, Этом, Тахува, 7 Байт–Зур, Сўху, Адуллам, 8 Гат, Моришо, Зиф, 9 Одорайим, Лахиш, Озикаҳ, 10 Зорох, Ойжавлон ва Хеврон. Бу шаҳарлар Яҳудо ва Бенямин ҳудудларидаги мустаҳкам шаҳарлар бўлди. 11 Рахабом қалъаларни мустаҳкамлади. У ерга қўмондонлар тайин қилиб, озиқ–овқат, зайтун мойи ва шароб ғамлади. 12 Ҳар бир шаҳарни қалқон ва найзалар билан таъминлаб, мудофаани ғоят кучайтирди. Шу тариқа у Яҳудо ва Бенямин қабилаларини қўли остида сақлади.
Руҳонийлар ва левилар Яҳудо юртига келадилар
13 Исроилнинг барча ҳудудларидаги руҳонийлар ва левилар Рахабомнинг тарафдорлари эдилар. 14 Левилар ҳатто ўз яйловларини ва мулкларини ташлаб, Яҳудо ва Қуддусга келган эдилар. Чунки Исроил шоҳи Ерибом ва унинг ўғиллари левиларга Эгамизнинг руҳонийлари сифатида хизмат қилишга йўл қўймаган эдилар. 15 Ерибом саждагоҳларда хизмат қилиш учун ўз руҳонийларини тайинлади. Улар Ерибом ясаттирган олтин бузоқларга ва эчки жинларга топинар эдилар. 16 Исроилнинг ҳамма қабилаларидан Эгамизга чин юракдан интилганлар эса левилар ва руҳонийларга эргашиб, Қуддусга келдилар. Улар Қуддусда ота–боболарининг Худоси — Эгамизга қурбонлик қилишарди. 17 Бунинг натижасида Яҳудо шоҳлиги мустаҳкам бўлди. Улар Довуд билан Сулаймонга қандай хизмат қилган бўлсалар, Рахабомга ҳам уч йил давомида садоқат билан хизмат қилдилар.
Рахабомнинг хонадони
18 Рахабом Довуд ўғли Яримўтнинг қизи Махалатга уйланди. Махалатнинг онаси Абуҳайил, Эссай ўғли Элиёбнинг қизи эди. 19 Махалат Рахабомга Ёуш, Шамариё ва Заҳам деган ўғиллар туғиб берди. 20 Кейинчалик Рахабом Абсаломнинг қизи Махони ўзига хотин қилиб олди. Махо унга Абиё, Аттай, Зизо ва Шалумит деган ўғиллар туғиб берди. 21 Рахабом бошқа хотинлари ва канизакларига қараганда, Абсаломнинг қизи Махони яхши кўрарди. Рахабомнинг ўн саккизта хотини ва олтмишта канизаги бўлиб, у йигирма саккиз ўғил ва олтмиш қиз кўрди.
22 Рахабом хотини Махо туққан ўғли Абиёни тахт вориси қилиш ниятида, ҳамма ака–укалари орасида бош шаҳзода қилиб тайинлади. 23 Рахабом доноларча иш тутиб, қолган ўғилларига масъулиятни тақсимлаб берди, уларни Яҳудо ва Бенямин ҳудудидаги мустаҳкам шаҳарларга ўрнаштирди. Уларга ҳамма нарсани мўл қилиб етказди, уларни кўп хотинларга уйлантирди.
© © Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020