48–БОБ
Ер қабилалар орасида бўлинади
1 Эгамиз деди: “Қуйида Исроил қабилаларининг номлари ва уларнинг улуш қилиб олган ерлари қайд этилган. Дан қабиласининг ҳудуди Исроил юртининг шимолида жойлашган. Унинг чегараси Хетлон йўли бўйлаб Лево–Хоматга , сўнг Хазор–Энанга боради. Хазор–Энан шаҳри жанубдаги Дамашқ ва шимолдаги Хомат ҳудудлари орасида жойлашган. Дан қабиласининг ҳудуди Исроил юртининг ғарбий чегарасидан шарқий чегарасигача чўзилади. 2 Дан қабиласи ҳудудидан жанубда Ошер қабиласи жойлашади, унинг ҳудуди ҳам Исроил юртининг ғарбий чегарасидан шарқий чегарасигача чўзилади. 3 Ошер ҳудудидан жанубда Нафтали қабиласи жойлашади, уларнинг ҳудуди ҳам ғарбдан шарққача чўзилади. 4-7 Нафталидан жанубда Манаше қабиласи, Манашедан жанубда Эфрайим, сўнг Рубен, сўнг Яҳудо қабилалари жойлашади. Ҳамма қабилаларнинг ҳудудлари Исроил юртининг ғарбий чегарасидан шарқий чегарасигача чўзилади.
Махсус ажратилган ер
8 Яҳудо ҳудудидан жанубда махсус ажратилган ер бўлади. Бу ернинг ғарбдан шарққа чўзилган узунлиги ҳар бир қабилага ажратилган ернинг узунлиги билан тенг, яъни ғарбдаги Ўрта ер денгизидан то шарқдаги Иордан дарёсигача бўлади. Шимолдан жанубга чўзилган эни эса 25.000 тирсак бўлади. Бу махсус ажратилган ернинг ўртасида Маъбад жойлашади.
9 Бу ҳудуднинг бир қисми Мен, Эгангизга ажратилган бўлиб, ғарбдан шарққа 25.000 тирсакни, шимолдан жанубга 20.000 тирсакни ташкил қилади. 10 Мен бу муқаддас еримнинг ярмини руҳонийларга бераман. Уларга ажратилган ернинг ғарбдан шарққа бўлган узунлиги 25.000 тирсак, шимолдан жанубга чўзилган эни 10.000 тирсак бўлади. Руҳонийларга ажратилган ернинг марказида Менинг Маъбадим жойлашади. 11 Бу ер фақат Зодўх авлодидан тайинланган руҳонийларга тегишли бўлади, чунки улар Менинг талабларимни бажардилар. Исроил халқи ва бошқа левилар Мендан юз ўгирганларида, улар Мендан юз ўгирмадилар. 12 Менга ажратилган ҳудуднинг энг муқаддас жойи руҳонийларнинг махсус улуши бўлади. Руҳонийларнинг бу ери левиларнинг ерларига туташган бўлади. 13 Мен муқаддас еримнинг иккинчи ярмини левиларга бераман. Уларга бериладиган ернинг ғарбдан шарққа бўлган узунлиги 25.000 тирсак, шимолдан жанубга чўзилган эни 10.000 тирсак бўлади. Хуллас, руҳоний ва левиларга бериладиган ернинг умумий узунлиги 25.000 тирсак, эни 20.000 тирсак бўлади. 14 Бу ерни сотиш, айирбошлаш ёки бировнинг номига ўтказиш қатъиян ман этилади. Ахир, бу ер Меники, у муқаддасдир.
15 Менга ажратилган ердан жанубда шаҳарга қарашли ерлар бўлади. Бу ернинг ғарбдан шарққа бўлган узунлиги 25.000 тирсак, шимолдан жанубга чўзилган эни 5000 тирсак бўлиб, бу ерларда одамларнинг уйлари ва яйловлари бўлади. Шаҳар ўша ернинг марказида жойлашади. 16 Шаҳарнинг эни ва узунлиги бир хил 4500 тирсак бўлади. 17 Шаҳар ҳар томондан эни 250 тирсак бўлган яйловлар билан ўралган бўлади. 18 Шаҳардан ортиб қолган ғарбдаги ва шарқдаги 10.000 тирсакка 5000 тирсак бўлган ер майдони далалар учун мўлжалланган. У ерда шаҳардаги ишчилар учун озуқа етиштирилади. 19 Шаҳарда яшайдиган ҳар қандай одам, қайси қабиладан бўлмасин, ўша далаларга экин экиши мумкин. 20 Демак, махсус ажратилган ер тўртбурчак шаклда, ҳар бир томони 25.000 тирсак узунликда бўлади. Бу ер муқаддас ерларни ва шаҳар қарамоғидаги ерларни ўз ичига олади.
21 Махсус ажратилган ернинг ғарб ва шарқ томонидаги ортган ерлар Исроил ҳукмдорига қарашли бўлади. Ҳукмдорнинг шарқдаги ерлари Иордан дарёсига, ғарбдаги ерлари Ўрта ер денгизига бориб тақалади. Ғарбдаги ернинг ҳам, шарқдаги ернинг ҳам узунлиги 25.000 тирсак бўлади. Уларнинг ўртасида Менинг муқаддас улушим, Маъбадим, 22 Левиларнинг улуши ва Қуддус шаҳри жойлашади. Ҳукмдорнинг ерлари шимолда Яҳудо қабиласининг ерларига, жанубда Бенямин қабиласининг ерларига чегарадош бўлади.
Жанубдаги қабилаларнинг ерлари
23 Қолган қабилаларга қуйидаги ерлар улуш қилиб берилади: махсус ажратилган ердан жанубда Бенямин қабиласининг ҳудуди бўлиб, Исроил юртининг шарқий чегарасидан ғарбий чегарасигача чўзилади. 24 Бенямин ҳудудидан жанубда Шимўн қабиласининг ҳудуди бўлиб, юртнинг шарқий чегарасидан ғарбий чегарасигача чўзилади. 25 Шимўн ҳудудидан жанубда Иссахор қабиласининг ҳудуди бўлиб, шарқий чегарадан ғарбий чегарагача чўзилади. 26 Иссахор ҳудудидан жанубда Забулун қабиласининг ҳудуди бўлиб, шарқий чегарадан ғарбий чегарагача чўзилади. 27 Забулун ҳудудидан жанубда Гад қабиласининг ҳудуди бўлиб, шарқий чегарадан ғарбий чегарагача чўзилади.
28 Гад ҳудудининг жанубий чегараси Тамар шаҳридан то Кадешдаги Марива сувларигача боради, кейин Миср чегарасидаги ирмоқ бўйлаб ўтиб, Ўрта ер денгизигача етади. 29 Шундай қилиб, Исроил юрти ўн икки қабилага бўлиб берилади, олган ерлари уларнинг улуши бўлади.” Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.
Қуддус дарвозалари
30 Эгамиз деди: “Шаҳарнинг дарвозалари қуйидагича бўлсин: шаҳарнинг шимолий девори 4500 тирсак узунликда бўлиб, 31 унинг учта дарвозаси бўлади. Шаҳар дарвозаларига Исроил қабилаларининг номлари берилади. Бу томондаги дарвозаларнинг номлари Рубен, Яҳудо ва Леви бўлади. 32 Шарқий деворнинг узунлиги ҳам 4500 тирсак бўлади, унинг учта дарвозаси Юсуф, Бенямин ва Дан қабилалари номлари билан аталади. 33 Жанубий деворнинг узунлиги ҳам 4500 тирсак бўлади, унинг учта дарвозаси Шимўн, Иссахор ва Забулун деб номланади. 34 Ғарбий деворнинг узунлиги ҳам 4500 тирсак бўлади, унинг учта дарвозаси Гад, Ошер ва Нафтали деб номланади. 35 Шаҳарни ўраб турган деворнинг умумий узунлиги 18.000 тирсак бўлади. Ўша вақтдан бошлаб шаҳарнинг номи «Эгамиз шу ердадир» бўлади.”
© © Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020