40–БОБ
Эгамиз яна Аюбга гапиради
1 Шундан кейин Эгамиз қуюн орасидан гапириб, Аюбга шундай деди:
2 “Қани, эркакка ўхшаб белингни боғла,
Сени сўроқ қиламан, жавоб бер–чи.
3 Сен Мени адолатсизликда айбламоқчимисан?
Мени ҳукм қилиб, ўзингни оқламоқчимисан?
4 Сенинг қўлинг Худонинг қўлидай қудратлими?
Унинг овозига ўхшаб гумбурлайдиган овозинг борми?
5 Шундай бўлса, қани, ўзингни шонли дабдабага ўрагин–чи,
Улуғворлик ва салобат билан буркангин–чи.
6 Ғазабингни тўкиб соч,
Ҳамма такаббур инсонларга назар солгин–да,
Уларнинг попугини пасайтириб қўй.
7 Ҳа, барча мағрур инсонларга қарагин–да,
Уларни ер билан битта қил.
Фосиқларни турган жойида эзиб ташла.
8 Ҳаммасини тупроққа кўмиб ташла,
Ҳа, юзига тупроқ тортиб, қабрни ёп.
9 Шунда Мен сенга тан бераман,
Ўз кучинг билан нажот топа оларкансан, дейман.
10 Бегемотга қарагин,
Худди сени яратганимдай уни ҳам Мен яратганман,
У ҳўкизга ўхшаб ўт ейди.
11 Унинг белида кучи кўп,
Қорин мушаклари кучга тўла.
12 Думи садр дарахтидай кучли,
Сон мушаклари жуда ҳам бақувват.
13 Унинг суяклари бронзадан ясалган новлардай,
Қўл–оёқлари темирдай мустаҳкам.
14 Мен яратган жониворлар орасида у энг ажойибидир,
Яратганнинг Ўзигина унга бас кела олади.
15 Ёввойи ҳайвонлар ўйнаб юрадиган қирлар
Унга озиқ беради.
16 У халқоблардаги қамишлар орасида,
Нилуфар гуллари тагида ётади.
17 У нилуфар гулларининг соясида ётади,
Ирмоқ бўйидаги толлар уни ўраб олади.
18 Дарё жўшиб оқса ҳам у қўрқмайди,
Иордан дарёсининг тўлқинлари юзига урилса ҳам
У бехавотир тураверади.
19 Биров унинг кўзларини кўр қилиб, ушлай оладими?!
Илмоқ билан бурнини тешиб тута оладими?!
20 Махлуқ Левитанни балиқ сингари,
Илмоқ билан ушлай оласанми?!
Тилини арқон билан боғлай оласанми?!
21 Бурнидан арқон ўтказиб,
Жағини илмоқ билан теша оласанми?!
22 Ўша махлуқ қайта–қайта сендан раҳм–шафқат тилайдими?!
Хўш, у сенга майин сўзлар билан гапирадими?!
23 Сен билан аҳд тузиб,
Бир умрга қулинг бўлиб қоладими?
24 Қуш билан ўйнагандай у билан ўйнай оласанми?
Ёки қизларинг учун уни боғлаб бера оласанми?
25 Балиқчилар унинг учун савдолашадими?!
Савдогарларга уни бўлиб берадими?!
26 Унинг терисини найза билан теша оласанми?
Бошини балиқчиларнинг санчқиси билан ёра оласанми?
27 Агар унга қўл теккизсанг,
Бир умрга пушаймон бўласан!
Иккинчи қўл теккизмайдиган бўласан.
© © Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020