8–БОБ
Ишаёнинг ўғли халқ учун аломат
1 Шунда Эгамиз менга айтди:
— Катта лавҳа олиб, унга: “Мохиршалолхошбозга тегишли”, деб тушунарли қилиб ёз. 2 Мен руҳоний Уриё билан Ябаракиё ўғли Закариёни Ўзимга ишончли гувоҳлар қилиб тайинлайман.
3 Шундан кейин мен хотиним билан ётдим. У ҳомиладор бўлиб, ўғил туғди. Шунда Эгамиз менга деди:
— Унинг исмини Мохиршалолхошбоз деб қўй. 4 Бола ҳали “ота”, “она” деб айтишни ўрганмасдан олдин, Оссурия шоҳи Дамашқнинг бойликларини ва Самариядан тортиб олган ўлжаларини олиб кетади.
5 Эгамиз яна менга гапириб:
6 — Бу халқ тинч оқадиган Шилўвах сувларидан воз кечди, Ратан ва Рамалиё ўғли Пекахдан кўнгиллари шод бўлди, — деди. 7 — Шунинг учун Мен, Раббий, халқимга қарши Оссурия шоҳини ва унинг шонли лашкарини бошлаб келмоқдаман. Улар Фурот дарёсининг баҳайбат тўлқинлари кабидир. Ҳамма ирмоқлардан ошиб, ҳамма қирғоқлардан тошиб кетади. 8 Сел каби Яҳудони босади, унинг бўғзига етиб келади.

Шунга қарамай, Худо биз биландир!
У ёйилган қанотлари паноҳида юртимизни омон сақлайди!
9 Эй халқлар, сафарбар бўлаверинг, ҳалокатга йўлиқасиз!
Эй узоқ юртлардаги жамики эллар, эшитинг!
Жангга бел боғлайверинг, аммо ҳалокатга йўлиқасиз!
Ҳа, бел боғлайверинг, аммо ҳалок бўласиз!
10 Пухта режа қилаверинг, аммо режангиз пучга чиқади,
Сўз бераверинг, аммо амалга ошмайди,
Чунки Худо биз биландир!

11 Эгам қудрати билан мени Ўзига жалб қилиб, шундай кўрсатма берди:
— Бу халқнинг йўлидан борманглар. 12 Бу халқ исён деб айтадиган ҳамма нарсани сизлар исён деб билманглар. Уларни қўрқувга соладиган нарсалардан сизлар қўрқманглар, ваҳимага тушманглар. 13 Сизлар Мен, Сарвари Оламни муқаддас деб иззат қилинглар. Фақат Мендан қўрқинг, фақатгина Мен сизни ваҳимага солай. 14 Ўшанда Мен Ўзим сизларга паноҳ бўламан. Аммо Исроилнинг иккала хонадони учун Мен қоқилтирадиган тош, тўсқинлик қиладиган қоя, Қуддус аҳолиси учун тузоқ ва тўр бўламан. 15 Улардан кўплари қоқилади, йиқилиб, бурда–бурда бўлади. Улар тузоққа тушиб, асир бўлади.
16 Эй шогирдларим, Эгам менга берган бу сўзларни авайлаб асранг. 17-18 Сарвари Олам Сион тоғида маскан қилган. У Ёқуб наслидан юзини яширяпти, аммо мен Уни кутаман, умидим Ундадир. Мана, қаранг, Эгам берган фарзандларим билан бирга мен шу ердаман! Исроилда биз белги ва аломатмиз .
19 Халқлар сизларга: “Арвоҳ чақирувчиларга боринглар, ғалати товуш чиқариб, тушунарсиз сўзларни пичирлаб айтадиган фолбинларга маслаҳат солинглар”, деб айтсалар, сизлар ўз Худойингизга бормайсизми?! Ахир, тириклар ўликлардан насиҳат излаб борадими?! 20 Арвоҳ чақирувчиларга боришни маслаҳат берганларга рўшнолик бўлмайди. Сизлар уларга эмас, Худонинг йўл–йўриқлари ва таълимотига маслаҳат солинг . 21 Сизларни нотўғри йўлга бошлаган ўша халқлар бу юрт бўйлаб ўтади, улар оч, изтиробда. Оч қолиб, ғазабланиб, шоҳини ва худоларини лаънатлайди. Юқорига қарайди, 22 ерга қарайди. Ана, кулфат ва зулмат, ғам ва офат. Улар йўқ бўлиб кетади.