26–БОБ
Тир шаҳри ҳақида башорат
1 Сургун бўлган пайтимизнинг ўн биринчи йили , ойнинг биринчи кунида Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди: 2 “Эй инсон, мана, Тир Қуддус ҳақида шундай деб айтмоқда: «Аҳа! Халқларнинг савдо дарвозаси бузилди. Менга кенг йўл очилди. Энди у вайрон бўлганда, мен бойиб кетаман.»
3 Шунинг учун Тирга айт: «Эгамиз Раббий демоқда: Мен сенга қаршиман! Мен кўплаб халқларни сенга қарши йиғаман, улар денгиз тўлқинлари каби сенга ёпириладилар. 4 Шаҳрингнинг деворларини бузиб, минораларингни қулатадилар. Мен тупроғингни супуриб ташлайман, сени яланғоч бир тошлоқ ҳолига келтираман. 5 Денгиз ўртасидаги бу оролда балиқчилар тўрларини ёйиб қуритадиган бўладилар. Ахир, буларни Мен айтдим. Шаҳринг халқларга ўлжа бўлади. 6 Сенга қарашли соҳилдаги ҳамма қишлоқлар аҳли қиличдан ўтказилади. Ўшанда Эганг Мен эканлигимни сен билиб оласан.
7 Эгамиз Раббий демоқда: сенга қарши энг буюк шоҳни — Бобил юртининг ҳукмдори Навухадназарни қўзғатаман. У сенинг устингга шимолдан отлару жанг араваларини, суворилару катта лашкарни тортиб келади. 8 Бобил шоҳи сенга қарашли барча қишлоқларингни қиличдан ўтказади. Шаҳар атрофига қамал иншоотларини қурдиради, шаҳар деворига қиялатиб тупроқ уйдиради , сенга қарши қалқонларини ўрнатади. 9 Девортешар қуроллар билан деворларингга зарба беради. Болталар билан минораларингни бузади. 10 Деворидан тешик очилган шаҳарга одамлар бостириб киргандай, Бобил шоҳи сенинг дарвозаларингдан бостириб киради. Сувориларининг, ғилдирагу жанг араваларининг шовқинидан деворларинг титрайди. Сон–саноқсиз отларининг кўтарган чанги сени қоплаб олади. 11 Отларининг туёқлари ҳамма кўчаларингни топтайди. Одамларинг қиличдан йиқилади, улкан устунларинг ер билан яксон бўлади. 12 Душман бойликларингни талаб кетади, молларингни ўлжа қилиб олади. Деворларингни йиқитади, ҳашаматли уйларингни вайрон қилади, тошлари, ёғочлари, ҳатто тупроғини ҳам денгизга улоқтиради. 13 Мен қўшиқларингга чек қўяман. Арфангнинг наволари ҳам эшитилмайдиган бўлади. 14 Мен сени яланғоч бир тошлоққа айлантираман, балиқчилар тўрларини қуритадиган бир ер бўласан. Ҳеч ким шаҳрингни қайта қурмайди. Ахир, буларни Мен айтдим. Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.»
15 Яна Тирга айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: шаҳрингда қирғин бўлганда, ярадорлар инграганда, қулашингнинг шовқинидан соҳилдаги барча халқларни титроқ босади. 16 Денгиз бўйидаги салтанатларнинг шоҳлари тахтларидан тушиб, зар чопону нақш солинган либосларини ечишади. Улар ваҳимага бурканиб, ерга ўтиришади. Бошингга келган кулфатдан даҳшатга тушиб, тўхтовсиз титрашади. 17 Улар сен ҳақингда шундай марсия куйлашади:
‘Эй донг таратган денгизчилар шаҳри,
Нақадар вайрон бўлиб кетдинг–а!
Сен ва сенинг аҳолинг денгиз қудрати эдингиз,
Соҳилдаги барча халқларни даҳшатга солар эдингиз.
18 Сен қулаган кунинг соҳилларни титроқ босди,
Ҳалокатингдан денгиздаги ороллар саросимага тушди.’
19 Эгамиз Раббий шундай демоқда: эй Тир, Мен сени ҳувиллаган харобазорга айлантираман. Денгиз тубидаги улкан сувлар билан вайроналарингни қоплайман. 20 Сени гўрга , қадимда ўтиб кетган одамлар олдига тушираман. Сен ер ости салтанатида яшайсан, абадий вайроналар орасидаги марҳумларга ҳамроҳ бўласан. Тириклар дунёсига ҳеч қачон қайтиб келмайсан, обод бўлиб илгариги мавқеингга эришмайсан. 21 Ҳа, Мен бошингга даҳшатли ўлим келтираман, сени йўқ қиламан. Сени қидирганлар ҳеч қачон топа олмайдилар. Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.»”
© © Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020