5–БОБ
Жамоатдаги ахлоқсизликни йўқ қилиш ҳақида
1 Орангизда жинсий ахлоқсизлик бор эканлиги ҳақида гаплар юрибди. Бундай ахлоқсизлик ҳатто бутпарастлар орасида ҳам содир бўлмаган экан. Орангиздаги бир киши ўз отасининг хотинини хотин қилиб яшаётган экан. 2 Сизлар эса кеккайиб юрибсизлар. Аксинча, мотам тутиб, бундай иш қилган одамни орангиздан ҳайдаб чиқаришингиз керак–ку! 3-4 Тўғри, ҳозир жисмонан сизлар билан эмасман, аммо руҳан сизлар билан биргаман. Мен гўё сизларнинг ёнингизда бўлгандек, бу ишни қилган одам ҳақида аллақачон Раббимиз Исо Масиҳ номи билан ҳукм чиқардим. Сизлар бирга йиғилганингизда, Исо Масиҳнинг қудрати ва менинг руҳим сизлар билан бирга бўлади. 5 Шунда ўша одамни шайтонга топширинглар, токи унинг танаси ҳалокатга учрасин , руҳи эса Раббимиз Исо келган кунда халос бўлсин.
6 Мақтанишингиз ўринли эмас. Наҳотки озгина хамиртуруш бутун хамирни ачитишини билмасангизлар? 7 Орангиздан эски хамиртурушни чиқариб ташланглар, шу тариқа янги хамирдай бўлинглар. Сизлар аслида хамиртурушсиз хамирдайсизлар–ку! Чунки Масиҳ Ўз жонини фидо қилиб, бизнинг Фисиҳ қурбонлигимиз бўлди! 8 Шунинг учун Фисиҳ байрамини нишонлагандай, янги ҳаётимизни нишонлаб яшайлик! Ёмонлик ва бузуқлик тимсоли бўлган хамиртурушга ҳаётимиздан ўрин бермай, софлик ва ҳақиқат билан кун кечирайлик.
9 Мен олдинги мактубимда сизларга жинсий томондан ахлоқсиз бўлган одамлар билан муносабатда бўлмаслик ҳақида ёзган эдим. 10 Шубҳасизки, бу дунёнинг зинокорларини, тамагирларини, товламачиларини, бутпарастларини назарда тутмаган эдим, акс ҳолда, сизлар бу дунё билан бутунлай алоқани узишингизга тўғри келар эди. 11 Мен сизларга, ўзини биродар деб атаб туриб, зинокор, тамагир, бутпараст, ғийбатчи, майхўр ёки товламачи одам билан алоқа қилманглар, у билан бирга ҳатто овқат ҳам еманглар, деб айтган эдим. 12-13 Қолаверса, имонлилар жамоатидан ташқаридагиларни ҳукм этишга бизнинг нима ҳақимиз бор? Уларни Худо ҳукм қилади. Сизлар жамоатдагиларни ҳукм қилсангиз, бас. Фосиқ одамни ўз орангиздан ҳайдаб чиқаринглар.
© © Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020