39–БОБ
Бобилдан келган элчилар
1 Ўша пайтларда Бобил шоҳи Баладон ўғли Мардухбаладон шоҳ Ҳизқиёга мактублару ҳадялар жўнатди. У Ҳизқиёнинг хасталаниб, кейин соғайганини эшитганди. 2 Ҳизқиё элчиларни кўриб хурсанд бўлди. Хазинасидаги бор нарса — омборлардаги ҳамма қимматбаҳо ашёларини, олтинни, кумушни, хушбўй зираворларни ва мойларни, бутун қурол–яроғ омборини уларга кўрсатди. Ҳизқиёнинг саройидаю ўз шоҳлигида уларга кўрсатмаган ҳеч нарсаси қолмади.
3 Ишаё пайғамбар шоҳ Ҳизқиёнинг ҳузурига келиб:
— Бу одамлар қаердан келибди? Сенга нималар деди? — деб сўради.
— Узоқ бир юртдан, Бобилдан келибдилар, — деб жавоб берди Ҳизқиё.
4 — Улар саройингда нималарни кўрди? — деб сўради Ишаё.
— Саройимдаги ҳамма нарсани кўрдилар, — дея жавоб берди Ҳизқиё. — Хазиналаримда мен уларга кўрсатмаган ҳеч нарса қолмади.
5 Шунда Ишаё айтди:
— Энди Сарвари Оламнинг сўзига қулоқ сол. 6 Эгамиз айтмоқдаки: “Бир кун келиб, саройингдаги ҳамма нарса, ота–боболарингнинг бугунгача тўплаб қолдирганлари Бобилга ташиб кетилади. Ҳеч нарса қолмайди. 7 Сенинг пушти камарингдан бино бўлган ўғилларингдан баъзилари ҳам олиб кетилади. Улар Бобил шоҳининг саройида бичилган қуллар бўлиб хизмат қилади.”
8 Ҳизқиё Ишаёга:
— Эгамиз сен орқали айтган сўзлар хосиятлидир, — деди–да, ичида: “Умрим охиригача тинч, хотиржам яшар эканман–ку”, деб ўйлади.
© © Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020