2–БОБ
Нахимиё Қуддусга боради
1 Шоҳ Артахшас ҳукмронлигининг йигирманчи йили , Нисон ойи эди. Бир куни шоҳга шароб келтирилди. Мен шаробни олиб кириб, унга узатдим. Шоҳ қаршисида мен ҳеч қачон ғамгин аҳволда бўлмагандим. 2 Шунинг учун шоҳ мендан сўради:
— Нега ғамгин кўринасан? Касалга ўхшамайсан–ку! Юрагингда бирор дардинг бўлса керак–а?
Мен қаттиқ қўрқиб кетдим, 3 шунга қарамай шоҳга дедим:
— Шоҳ ҳазратларининг умрлари узоқ бўлсин. Ота–боболаримнинг қабрлари жойлашган шаҳар ташландиқ бўлиб, ўша шаҳарнинг дарвозалари ёндириб юборилса–ю, нега ғамгин бўлмайин?! 4 — Шоҳ мендан:
— Тилагинг нима? — деб сўради. Шунда мен Самовий Худога ибодат қилиб, 5 шоҳга шундай жавоб бердим:
— Агар шоҳ ҳазратлари маъқул топсалар, бу қулингиз шоҳ ҳазратларидан марҳамат топган бўлса, мени Яҳудо юртига — ота–боболаримнинг қабрлари жойлашган шаҳарга юборсалар, деб илтимос қилмоқчи эдим, токи мен у шаҳарни қайтадан қурайин.
6 Малика ҳам шоҳнинг ёнида ўтирган эди. Шоҳ мендан:
— Қанча вақт йўл юрасан? Қачон қайтиб келасан? — деб сўради. Мен унга қачон қайтиб келишимни айтдим. Шоҳ менга марҳамат қилиб, ижозат берди. 7 Сўнгра мен шоҳга яна дедим:
— Агар шоҳ ҳазратлари маъқул деб топсалар, Фурот дарёсининг ғарбидаги вилоят ҳокимларига мактублар ёзиб берилса, токи Яҳудога кириб боришим учун улар менга ижозат беришсин. 8 Яна шоҳ ҳазратлари ўрмон қоровули Осифга ҳам мактуб ёзиб, унга кўрсатмалар берсалар, у менга дарахтлар кесиб берсин. Маъбад ёнидаги қалъа дарвозалари учун, шаҳар девори ва ўзим яшайдиган уй учун керак бўладиган ёғоч билан у мени таъминласин.
Мен нима сўраган бўлсам, шоҳ ҳаммасига ижозат берди, чунки Худойимнинг марҳамати менга ёр эди.
9 Шоҳ бир неча лашкарбошисини ва отлиқ сипоҳларини менга ҳамроҳ қилиб жўнатди. Мен Фурот дарёсининг ғарбидаги вилоят ҳокимлари ҳузурига бориб, уларга шоҳнинг мактубларини бердим. 10 Байт–Хўронлик Санбаллат ва Оммонлик малай Тўвиё: “Исроил халқининг манфаати учун жон куйдирадиган биттаси келибди” деган гапни эшитиб, ғоят ғазабландилар.
Нахимиё Қуддус деворини кўздан кечиради
11 Шундай қилиб, мен Қуддусга етиб келдим. Орадан уч кун ўтгач, 12 тунда ўрнимдан турдим, ёнимга бир нечта шерикларимни олиб, ташқарига чиқдим. Лекин Қуддус ҳақидаги Худо кўнглимга солган режамни ҳеч кимга айтмадим. Мен минган эшакдан бўлак бошқа бирорта ҳайвонни ўзимиз билан олмадик. 13 Мен тунда Сойлик дарвозаси орқали шаҳардан чиқиб, Аждар булоғига , у ердан Гўнг дарвозасига бордим. Вайрон бўлиб ётган Қуддус деворини, ёниб кетган дарвозаларини кўздан кечирдим. 14 Сўнгра Булоқ дарвозасига ва Шоҳ ҳовузига бордим. Лекин миниб бораётган эшагим вайроналар орасидан йўл топа олмади. 15 Шу сабабдан мен Қидрон сойлигига тушдим. Сойлик бўйлаб чиқиб бориб, ўша ердан деворни кўздан кечиришда давом этдим. Сўнг ортимга қайтиб, Сойлик дарвозаси орқали шаҳарга кирдим.
16 Қаерга борганимни, нима қилаётганимни шаҳар амалдорлари билмасдилар. Мен яҳудийларга, руҳонийларга, йўлбошчиларга, амалдорларга ва ишда қатнашадиган бошқа одамларга ҳали ҳеч гап айтмагандим. 17 Ниҳоят, энди уларга шундай дедим: “Қанчалар кулфатда қолганимизни ўзларингиз кўриб турибсизлар! Қуддус вайрон бўлиб ётибди, шаҳарнинг дарвозалари ёниб кетган. Келинглар, шаҳар деворини қайтадан қурайлик, шармандали аҳволимиздан қутулайлик.” 18 Худойимнинг марҳамати менга ёр бўлганини ва шоҳнинг менга айтган гапларини уларга айтиб бердим. Улар: “Қурилишни бошлайлик”, дейишди. Шундай қилиб, улар ишни бошлашга тайёр бўлдилар.
19 Байт–Хўронлик Санбаллат, Оммонлик малай Тўвиё ва Арабистонлик Гашим буни эшитиб, бизнинг устимиздан кулдилар, нафрат билан шундай дедилар:
— Бу қилаётганларингиз нимаси?! Сизлар шоҳга қарши исён кўтаряпсизларми?!
20 Мен уларга шундай жавоб бердим:
— Самовий Худо ишимизнинг барорини беради. Биз, Унинг қуллари, деворни қайта қуришни бошлаймиз. Аммо сизлар бизга гапларингизни ўтказа олмайсизлар, қўлингиздан ҳеч нарса келмайди. Сизлар бизнинг диний маросимларимизда ҳам қатнаша олмайсиз.