6–БОБ
Нахимиёга қарши фитна
1 Санбаллат, Тўвиё, Арабистонлик Гашим ва бошқа душманларимиз деворни қуриб бўлганимни, деворда биронта ҳам ўпирилган жой қолмаганини эшитишди. Лекин дарвозаларнинг қанотларини ҳали ўрнаштириб бўлмаган эдим. 2 Шунда Санбаллат ва Гашим менга: “Кел, Онў текислигидаги қишлоқлардан бирида учрашайлик”, деб хабар жўнатишди. Лекин улар менга шикаст етказишга қасд қилаётган эдилар. 3 Шунинг учун уларга хабарчилар орқали шундай жавоб бердим: “Мен муҳим иш билан бандман, бора олмайман. Сизларнинг олдингизга кетсам, иш тўхтаб қолади!” 4 Улар менга тўрт марта шундай хабар жўнатишди, мен бир хил жавоб беравердим. 5 Бешинчи марта Санбаллатнинг одами қўлида очиқ мактуб билан келди. 6 Мактуб шундай ёзилган эди:
“Бошқа халқлар орасида шундай миш–мишлар юрибди, Гашим ҳам ўша гапни айтяпти: сен ва яҳудийлар исён қилмоқчи бўлиб, деворни қураётган экансизлар. Хабарларга қараганда, сен яҳудийларнинг шоҳи бўлишни мўлжаллаётган экансан. 7 Сен Қуддусда пайғамбарлар тайинлабсан. Пайғамбарлар: «Яҳудонинг шоҳи бор», деб сен тўғрингда башорат қилишаётган экан. Бу гап–сўзлар албатта шоҳнинг қулоғига етиб боради. Таклифим шуки, келгин, бу ҳақда маслаҳатлашиб олайлик.”
8 Мен унга шундай жавоб жўнатдим: “Айтганларингнинг ҳаммаси ёлғон. Ҳаммасини ўзинг тўқиб чиқаргансан.” 9 Улар бизни қўрқитмоқчи бўлган, “Шундай қилсак, уларнинг қўллари ишдан совийди, ишлари охирига етмай, қолиб кетади”, деб ўйлаган эдилар. Шунинг учун мен: “Эй Худо, менга куч бер!” деб ёлвордим.
10 Бир куни мен Махитавалнинг набираси, Далоёнинг ўғли Шамаёникига бордим. У уйига беркиниб олган экан. Шамаё менга шундай деди :
Кел, Худонинг уйида учрашайлик,
Муқаддас хонасига кириб олайлик ,
Эшикларини беркитиб қўяйлик.
Ахир, душманларинг сени ўлдиргани келяптилар,
Шу кеча жонингга қасд қилмоқчи бўляптилар.
11 — Лекин мен шундай жавоб бердим:
— Менинг мартабамдаги одам бундай вазиятда қочармиди?! Муқаддас хонада яшириниб олсам, жонимни ҳақиқатан ҳам қутқара оламан, деб ўйлаяпсизми?! Муқаддас хонага ҳечам кирмайман!
12 Шамаёнинг сўзлари Худодан эмаслигини мен аниқ билдим. Тўвиё ва Санбаллат Шамаёни ёллаганлари учун, у менга шу хабарни берган эди. 13 Уларнинг бундан мақсади мени қўрқитиш, айтганларини қилдириб, мени гуноҳга ботириш эди. Шунда обрўйим тўкилиб, уларга мазах бўлиб қолардим.
14 Эй Худойим! Тўвиё билан Санбаллатнинг қилмишларини ёдингда тут. Мени қўрқитмоқчи бўлган пайғамбар аёл Новадиёнинг ва бошқа пайғамбарларнинг қилмишларини унутма, уларнинг жазосини бер.
Деворни таъмирлаш ишлари тугайди
15 Шундай қилиб, девор Элул ойининг йигирма бешинчи куни — эллик икки кунда битказилди. 16 Атрофдаги халқлардан бўлган душманларимиз буни эшитиб, қўрқдилар, хижолатда қолдилар. Чунки бу иш Худойимизнинг мадади билан қилинганини улар билдилар.
17 Эллик икки кун давомида Яҳудо йўлбошчилари ва Тўвиё бир–бирлари билан мактуб ёзишиб турди. 18 Чунки Яҳудо юртидаги кўп одам Тўвиёга содиқ эди, бунга икки сабаб бор эди: Тўвиёнинг қайнатаси Орах ўғли Шаханиё эди, Тўвиёнинг ўғли Ёҳуханон эса Бархиё ўғли Машулломнинг қизига уйланган эди. 19 Ўша одамлар менинг олдимда Тўвиёнинг савоб ишларидан гапиришар, ўз навбатида менинг гапларимни унга етказишар эди. Тўвиё эса мени қўрқитиш ниятида мактуб жўнатарди.
© © Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020