2–БОБ
Худонинг инояти туфайли ҳаётга эришиш
1 Сизлар бир вақтлар гуноҳлару айбларингиз туфайли руҳан ўлик эдингизлар. 2 Сизлар бу дунёнинг одатлари бўйича, ёвуз руҳий кучларнинг ҳокими бўлган шайтонга бўйсуниб, гуноҳга ботиб яшардингиз. Худога итоат қилмай яшаётганларнинг юракларида амал қилаётган шайтондир. 3 Биз ҳам бир вақтлар худбин истакларимизни қондириб яшар эдик. Тана эҳтиросларига ва бемаъни ўй–хаёлларга берилиб яшайдиган, барча одамзод каби, табиатан Худонинг қаҳр–ғазабига лойиқ бўлган итоатсиз инсонлар эдик. 4 Аммо меҳр–шафқатга бой Худо Ўзининг бизга бўлган буюк муҳаббатини қуйидагича кўрсатди: 5 гарчи биз гуноҳларимиз туфайли руҳан ўлик бўлсак ҳам, Худо бизни Масиҳ билан бирга тирилтирди. Биз Худонинг инояти туфайли қутқарилганмиз. 6 Худо бизни Масиҳ билан бирга тирилтирди ва бизга самода У билан бирга жой берди. Булар Исо Масиҳ туфайли амалга ошди. 7 Худонинг инояти беҳад мўл эканлиги то абад намоён бўлиши учун, У бизга Исо Масиҳ орқали меҳр–шафқат кўрсатди. 8 Ахир, сизлар Худодан иноят топиб, имон орқали нажот топгансиз. Бу Худонинг инъомидир, сизнинг ютуғингиз эмас. 9 Яна ҳеч ким: “Мен савоб ишларим туфайли қутулганман”, деб мақтанмасин. 10 Ахир, биз Худонинг ижодимиз. Худо бизни хайрли ишлар қилишимиз учун Исо Масиҳ орқали яратди, бу ишларни биз учун азалданоқ тайёрлаб қўйган эди.
Исо Масиҳ орқали халқлар бирлашади
11 Эсингизда бўлсин, суннат қилинган яҳудийлар бир вақтлар сиз — ғайрияҳудий бўлганларни “суннатсиз” деб атардилар. Ваҳоланки, яҳудийларнинг суннати фақатгина жисмоний суннат эди. 12 Ўша пайтда сизлар Масиҳни билмас эдингизлар, Исроил халқига тегишли эмасдингиз. Худонинг Исроил халқи билан тузган аҳдларига ва берган ваъдаларига бегона бўлиб, бу дунёда умидсиз ва Худосиз яшар эдингиз. 13 Сизлар олдин Худодан узоқ эдингиз, энди эса Исо Масиҳ орқали, Унинг тўкилган қони туфайли Худога яқинлашдингиз.
14-15 Масиҳнинг Ўзи бизнинг тинчлик манбаимиздир. У Ўз танасини фидо қилиб, яҳудийлар ва ғайрияҳудийларни бирлаштирди, уларнинг орасидаги адоват деворини қулатди. Исо Масиҳ яҳудийларга берилган қонунни ва унинг амрларию қоидаларини бекор қилди. Масиҳ туфайли ғайрияҳудийлар билан яҳудийлар бирлашиб, янги бир халқ бўлдилар, шундай қилиб Масиҳ тинчлик ўрнатди. 16 Хочдаги ўлими орқали Масиҳ ғайрияҳудийларни ҳам, яҳудийларни ҳам Худо билан яраштирди–да, уларнинг орасидаги адоватни йўқ қилди. 17 Масиҳ келиб, сизларга — олдин Худодан узоқ бўлганларга ҳам, Худога яқин бўлганларга ҳам тинчлик Хушхабарини эълон қилди. 18 Масиҳ туфайли энди ҳаммамиз бир Руҳ орқали Отамиз Худонинг ҳузурига кира оламиз.
19 Демак, сизлар энди бегона ҳам, келгинди ҳам эмассизлар, балки Худонинг азиз халқи қаторидасиз, Унинг хонадони аъзоси бўлдингизлар. 20 Сизлар худди бир бинодайсизлар. Бу бинонинг асоси ҳаворийлару пайғамбарлардир . Бинонинг тамал тоши эса Исо Масиҳнинг Ўзидир. 21 Бу иморат Раббимиз Исо Масиҳ орқали бир бўлиб, юксалиб боради ва Унга бағишланган муқаддас маъбад бўлади. 22 Исо Масиҳга тегишли бўлганингиз учун сизлар ҳам бу иморатнинг бир қисмисиз. Бу иморатни Худонинг Руҳи Ўзига маскан қилиб олади.