10–БОБ
1 Эй сиз, ёвуз фармонлар чиқарадиганлар,
Қонунлар ёзиб, жабр келтирадиганлар.
2 Камбағални адолатдан маҳрум қиляпсиз,
Мазлум халқимни талаяпсиз,
Овингиз бўлаётир бевалар,
Ўлжангиз бўлаётир етимлар.
3 Қиёмат куни келганда, сиз нима қиласиз?
Узоқдан бало келганда, нима қиласиз?
Ёрдам сўраб кимга қочиб борасиз?!
Бойлигингизни қаерга олиб кетасиз?!
4 Йўқ, асир бўлиб йиқилиб қоласиз,
Ё жасадлар тагида қолиб кетасиз.
Аммо шундай бўлса ҳам,
Эгам тушмас ғазабидан,
Унинг қўли ҳамон
Исроилга қарши кўтарилган.
Худо такаббур Оссурияни ҳукм қилади
5 Эгам айтар: “Мана Оссурия! Ғазабимнинг ҳассаси!
Унинг қўлидадир қаҳримнинг таёғи!
6 Мен уни шаккок элга қарши юбораман,
Ғазабимни ўша халққа қарши сочаман,
Овлаб, ўлжа қил, деб унга амр қиламан.
Халқларни лойдай оёқ ости қилади у.
7 Аммо Оссурия Менинг қуролим эканини
Хаёлига ҳам келтирмас,
Булар ҳақида у ўйламас ҳам.
Унинг фикри–ёди:
Халқларни қириб ташлашдир,
Битта қўймай уларни йўқ қилишдир.
8 Оссурия шоҳи шундай ўйлайди:
«Лашкарбошиларим шоҳлар эмасми?!
9 Хално шаҳрини Кархамиш шаҳридай вайрон қилмадикми?!
Хомат ҳам Арпаддай қулади–ку!
Самария Дамашқ каби эмасми?!
10 Олганимдай беҳуда бутлар шоҳликларини,
Оламан Қуддусу Самариянинг санамларини.
11 Не қилган бўлсам Самария ва унинг санамларини,
Шундай қиламан Қуддусу унинг бутларини.»”
12 Аммо Раббий тузган режаларини Сион тоғида ва Қуддусда амалга оширгандан кейин, шундай дейди: “Энди такаббур, кибор Оссурия шоҳи билан ҳисоб–китоб қиламан. 13 Ахир, Оссурия шоҳи шундай деган эди:
«Ўз кучим билан буларни амалга оширдим,
Донолигим билан қилдим, ахир, идроклиман.
Халқларнинг чегарасини йўқ қилдим,
Уларнинг хазиналарини ўлжа қилиб олдим.
Қудратли шоҳларини тахтдан улоқтирдим.
14 Қуш инига қўл суқиб тухум йиққани каби,
Халқларнинг бойликларини тўпладим.
Ташлаб кетилган тухумларни қандай тўпласалар,
Жамики юртларни мен шундай йиғиб олдим.
Ё қанот қоққан, оғзин очган,
Ё овозин чиқарган биров бўлмади.»”
Ишаёнинг Оссурия шоҳига жавоби
15 Болта мақтанарми уни ишлатганга?!
Арра ўзини мақтайдими уни қўлга олганга?!
Калтак ушлаганни калтакнинг ўзи кўтарадими?!
Ҳасса ўзини ушлаганни кўтарадими?!
16 Эй Оссурия,
Шу боис Сарвари Олам — Раббий
Оғир хасталикни юборар паҳлавонларингиз орасига.
Касалликларининг қизғин палласида
Уларнинг баданларидан ўт чиқади,
Улар гўё лов–лов этиб ёнади.
17 Исроилнинг Нури ёлқин бўлади,
Исроил халқининг Муқаддас Худоси олов бўлади.
Олов ёндириб, тиканзору чангалзорларини
Бир кунда ямлаб ютади.
18 Оссуриянинг муҳташам ўрмонлари
Ва унумдор далалари
Оғир хасталикка йўлиққан инсондай,
Тамомила хароб бўлади.
19 Ўрмондаги дарахтлар шунчалик оз қоларки,
Ҳаттоки ёш бола ҳам уларни санай олади.
Худо Ўз халқини тинчлантиради
20 Ўша куни Исроилнинг қолган–қутгани,
Ёқуб наслининг қутулганлари
Бошқа суянмайди ўз зулмкорларига ,
Улар садоқат билан таянади
Исроил халқининг Муқаддас Худоси — Эгамга.
21 Ёқуб наслининг қутулганлари, омон қолганлари
Қайтади қудратли Худога.
22 Эй Исроил, сенинг халқинг
Денгиз қумидай кўп бўлса ҳам,
Энди улардан фақатгина саноқли одамлар қайтади.
Зеро, “Қирғин бўлсин”, дея қарор қилинган,
Худо одил ҳукмини Ўз халқининг бошига солади.
23 Шубҳасиз, бутун ер юзида қиёмат бўлади, зотан, Сарвари Олам — Раббий шундай қарор қилган.
24-25 Шу боис Сарвари Олам — Раббий шундай айтмоқда: “Эй халқим, Қуддус аҳли! Мисрликлар каби, Оссурияликлар сизларга таёқ кўтарадилар, сизларни қамчи билан урадилар. Аммо ҳадемай ғазабимни босаман, улардан қўрқманглар. Энди Оссурияликларга қаҳримни сочиб, уларни қираман. 26 Ҳа, Мидиёнларни Орив қоясида шундай қирган эдим . Ҳассамни кўтариб, Миср лашкарини денгизда ғарқ қилдим . Энди худди шундай қилиб, Мен, Сарвари Олам, уларга қарши қамчимни кўтараман. 27 Ўша куни Оссуриянинг юкини елкангиздан улоқтираман. Унинг бўйинтуруғи бўйнингиздан олиб ташланади. Ҳа, бўйинтуруқ йўқ қилинади, чунки сизлар кучга тўлдингиз .”
28 Оссурия лашкари Ояз шаҳрига келди,
Мигрон бўйлаб ўтди,
Қурол–аслаҳасини Михмашда шай қилди.
29 Улар Гебо сўқмоғини кесиб ўтдилар–у,
Рама халқи ваҳимага тушиб қолди,
Улар Шоулнинг шаҳри Гивода омонат тўхтади–ю,
Шаҳар аҳли қочиб кетди.
30 Фарёд қилинг, эй Галим аҳли!
Эшит, эй Лайшо!
Эй шўрлик Онотўт!
31 Мадменах аҳли қочиб кетди,
Гебим аҳли, паноҳ топай деб, учиб кетди.
32 Ўша куни Оссурия лашкари Нав шаҳрида туради.
Қуддус шаҳри жойлашган тепаликка —
Азиз Сион тоғига қараб муштини кўтаради.
33 Қара, Сарвари Олам — Раббий
Қудратли кучи ила дарахт шохларини кесиб ташлайди,
Баланд дарахтларни қирқиб ташлайди,
Юксалганларини ерга уради.
34 У болта билан кесиб ташлайди ўрмондаги чангалзорни,
Қудратли Худо қулатиб юборади Лубнон дарахтларини.
© © Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020