20–БОБ
Минг йиллик тинчлик
1 Мен самодан тушаётган бир фариштани кўрдим. Унинг қўлида тубсиз чуқурликнинг калити ва катта занжир бор эди. 2 Фаришта аждарҳони тутиб олди. Иблис ва шайтон деб аталган бу алмисоқ илонни у минг йил муддатга кишанлаб қўйди. 3 Яна халқларни алдамасин деб, уни тубсиз чуқурликка ташлаб, қамаб қўйди. Минг йил тамом бўлгунга қадар кираверишни муҳрлади. Минг йил ўтгандан кейин уни қисқа бир муддатга озод қилиши керак эди.
4 Бундан сўнг, мен тахтларни ва тахтларда ўтирганларни кўрдим. Худо тахтларда ўтирганларни оқлаган эди . Улар Исо ҳақидаги шаҳодати ва Худонинг сўзи туфайли боши олинганларнинг жонлари эди. Улар махлуққа ва унинг тасвирига сажда қилмаганлар, пешаналари ва қўлларига унинг тамғасини бостирмаганлар. Улар тирилиб, Масиҳ билан минг йил ҳукмронлик қилдилар. 5-6 Бу биринчи тирилишдир. Биринчи тирилишда иштирок этганлар бахтли ва муқаддасдир. Иккинчи ўлим уларга ҳоким эмас. Улар Худонинг ва Масиҳнинг руҳонийлари бўлиб, У билан минг йил давомида ҳукмронлик қиладилар.
Қолган ўликлар эса минг йил ўтмагунча тирилмади.
Шайтон жазоланади
7 Минг йил ўтгач, шайтон ўз зиндонидан озод этилади. У чиқиб, ернинг тўрт бурчагидаги халқларни, яъни Гўг ва Магўгни алдаб, жангга тўплайди. Тўпланган халқларнинг сони денгиз қумидай сон–саноқсиз бўлади.
8 Улар бутун ер юзини қоплаб оладилар, Худо азизларининг қароргоҳини ва Худо яхши кўрадиган шаҳарни қамал қиладилар. 9 Шунда осмондан олов тушиб, уларни қириб ташлайди. 10 Уларни алдаган иблис олтингугуртли кўлга ташланади. Махлуқ ва сохта пайғамбар ҳам ўша кўлга ташланган эдилар. Улар кечаю кундуз, абадулабад у ерда азоб чекадилар.
Қиёмат куни
11 Кейин мен улкан бир оқ тахтни ва тахтда ўтирган Зотни кўрдим. Унинг ҳузуридан еру осмон қочар эди, бироқ уларга яширингани жой топилмади. 12 Мен ўша улкан тахт олдида турган каттаю кичик ўликларни кўрдим. Китоблар очилди. Ҳаёт китоби деган бошқа бир китоб ҳам очилди. Ўликлар китобларда ёзилгани бўйича қилмишларига яраша ҳукм этилди. 13 Денгиз ўзидаги ўликларни берди, ўлим ҳам, ўликлар диёри ҳам ўзларидаги ўликларни берди. Ҳар бир киши қилмишига яраша ҳукм этилди. 14 Ўлим ва ўликлар диёри олов кўлига ташланди. Мана бу олов кўли иккинчи ўлимдир . 15 Исмлари ҳаёт китобида ёзилмаганларнинг ҳаммаси олов кўлига ташланди.
© © Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020