3–БОБ
Юнус Найнаво аҳолисини тавбага чақиради
1 Юнусга Эгамиз иккинчи марта шу сўзларни аён қилди: 2 “Қани, бўл, қудратли Найнаво шаҳрига бориб, Менинг сўзларимни жар солиб у ердагиларга эълон қил.”
3 Юнус Эгамизнинг амрига бўйсуниб, Найнаво томонга кетди. Найнаво жуда катта шаҳар бўлиб, уни айланиб чиқишга уч кун вақт кетарди. 4 Юнус шаҳар бўйлаб бир кун йўл юриб ўтди. У айланиб юриб: “Яна қирқ кундан кейин Найнаво хароб бўлади”, деб жар солди.
5 Найнаволиклар Худога ишониб, рўза тутамиз, деб эълон қилдилар. Шаҳардаги каттаю кичик тавба қилиб қанорга ўранди .
6 Бу хабар Найнаво шоҳига ҳам етиб борди. У тахтдан тушиб, шоҳона либосларини ечди, қанорга ўраниб, кулга ўтирди. 7 Ўзи ва амалдорлари номидан бутун Найнаво бўйлаб қуйидаги фармонни эълон қилди: “На инсонлар, на ҳайвонлар — мол–қўйлар ҳеч нарса емасин, сув ичмасин. 8 Инсонлар ҳам, ҳайвонлар ҳам қанорга ўрансин. Ҳар ким Худога ялиниб илтижо қилсин, ёвуз қилмишидан қайтсин, зулм қилмасин. 9 Ким билади, балки Худо раҳм қилиб, бизга бўлган ғазабини қайтарар, биз ҳалок бўлмасмиз.”
10 Худо уларнинг қилган ишларини, ёвуз қилмишларидан қайтганини кўриб, раҳм қилди ва уларнинг устига “юбораман”, деб айтган офатни юбормади.
© © Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020