4–БОБ
1 Мен яна бу дунёда бўлаётган зулмни кўрдим. Мана эзилганларнинг кўз ёшлари, лекин уларнинг юпатувчиси йўқ. Уларга зулм қилаётганларида куч бор, эзилганларнинг эса юпатувчиси йўқ. 2 Шунда мен: “Марҳумлар тириклардан бахтлироқдир”, дедим. 3 Аммо ҳали туғилмаганлар марҳумлардан ҳам бахтлироқдир, чунки улар бу дунёда қилинаётган қайғули ишларни кўрмаганлар.
4 Мен яна бир нарсани кўрдим: инсон ҳамма ишни моҳирлик билан қилади, лекин бу ишни бировга ғайирлик билан қилса, бу ҳам беҳуда , шамол орқасидан қувишдайдир. Аммо:
5 Нодон қўлларини қовуштириб ўтириб ўзини ўзи хароб қилади.
6 Вақтни елга совуриб, машаққатли меҳнат билан икки ҳовуч нарсага эришиш мумкин, лекин хотиржамлик билан бир ҳовуч нарсага эга бўлиш ундан афзалроқдир.
7 Бу дунёда яна бир беҳудаликни кўрдим. 8 Мана, бир киши — ёлғиз, унинг фарзандлари ҳам, ака–укалари ҳам йўқ. У тиним билмай меҳнат қилади, кўзи эса бойликка тўймайди. У: “Ким учун ишлаяпман, нима учун ўзимни роҳат қилишдан қисяпман?!” демайди. Бу ҳам беҳудадир, қайғули ишдир.
9 Икки киши бир кишидан кўпроқ иш бажара олади, улар ўз меҳнатлари учун яхши тақдирланадилар. 10 Агар биттаси йиқилса, иккинчиси турғизади, лекин ёлғиз бўлганнинг аҳволи чатоқдир, у йиқилса, турғизишга ёнида ҳеч ким бўлмайди. 11 Икки киши бирга ётса, совуқ қотмайдилар, агар киши бир ўзи ётса қандай қилиб исинади?! 12 Киши бир ўзи бўлса, уни йиқитиш осон, лекин икки киши ўзларини ҳимоя қила олади. Учта ипдан эшилган арқонни узиш қийиндир.
13 Қари, маслаҳатга қулоқ солмайдиган нодон шоҳдан камбағал, лекин доно бўлган йигит яхшироқдир. 14 Шунга ўхшаш бир йигит ўз юртида камбағал бўлиб туғилиб, қарзини тўлай олмай қамоққа тушиб қолиши мумкин. Лекин қамоқдан чиққандан кейин келажакда шоҳ бўлиши ҳам мумкин. 15 Шоҳнинг вориси бўлган ўша йигитни қўллаб–қувватлашга тайёр бўлган, мана шу дунёда яшаётганларни кўрдим. 16 Унга эргашганлар сон–саноқсиз бўлиб кетиши, унинг обрўси ортиши мумкин. Шундай бўлса ҳам, келажак авлод уни рад қилади. Ҳа, бу ҳам беҳуда экан, шамолнинг орқасидан қувишдай экан.
Шошқалоқлик билан ваъда берманг
17 Худонинг уйига борганда қадамингизни ўйлаб босинг. Нодонлардай ҳаракат қилмасдан, аксинча, қулоқ солиш учун боринглар. Нодонлар Худога ўйламасдан қурбонлик келтирадилар . Ўйламасдан, бепарволик билан қурбонлик келтириш фосиқлик эканлигини эса тан олмайдилар.
© © Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020