4–БОБ
Юнуснинг ғазаби ва Худонинг шафқати
1 Бу воқеадан Юнус қаттиқ хафа бўлиб ғазабланди. 2 У Эгамизга ибодат қилиб деди: “Эй Эгам! Шунақа қилишингни ўз юртимда эканимдаёқ айтмаганмидим?! Шунинг учун мен Таршишга қочган эдим–да. Сен иноятли, раҳмдил, жаҳли тез чиқмайдиган, содиқ севгиси мўл, ғазабидан тушиб кечирадиган Худо эканлигингни билган эдим. 3 Энди, илтижо қиламан, Эгам, жонимни олиб қўя қол. Яшаганимдан кўра, ўлганим яхшироқ.”
4 Эгамиз эса: “Наҳотки шундан сен хафа бўлдинг?!” деди.
5 Юнус шаҳардан чиқиб, шаҳарнинг шарқ томонига бориб ўтирди. Шу ерда чайла ясаб, энди шаҳарга нима бўларкин, деб чайланинг соясида кутиб ўтирди.
6 Бир пайт, Юнуснинг бошига соя бўлсин, қайғуси барҳам топсин деб, Парвардигор Эгамиз бир ўсимлик ўстирди. Ўсимлик Юнуснинг тепасида кўтарилди. Юнус бу ўсимлик ўсганидан жуда хурсанд бўлди. 7 Кейинги куни эса тонг пайтида Худо бир қуртни юборган эди, қурт ўсимликни кемириб қуритди. 8 Қуёш юқорига кўтарилганда, Худо шарқдан гармсел юборди. Қуёш Юнуснинг бошини шундай қиздирдики, у ҳолдан кета бошлади. Юнус: “Бунақа яшаганимдан, ўлганим яхшироқ”, деб ўзига ўлим тилади .
9 Худо Юнусга:
— Битта ўсимлик нобуд бўлганидан жаҳлинг чиқдими? — деди.
— Ҳа, жаҳлим чиқди, ўлимимга ҳам рози бўлдим, — деб жавоб берди Юнус.
10 Шунда Эгамиз айтди:
— Бу ўсимлик учун сен меҳнат қилмагансан, экиб–ўстирмагансан, ўзи бир кечада ўсиб, бир кечада йўқ бўлди. Сен шу ўсимлик учун ачинганингда, 11 Мен қудратли Найнаво шаҳрига ачинмаслигим керакми?! Ахир, бу ерда оқ–қорани ажрата олмайдиган болаларнинг ўзидан юз йигирма мингдан ортиғи ва талай ҳайвонлар яшайди–ку!