10–БОБ
Тўло
1 Абумалекнинг ўлимидан сўнг Пувах ўғли Тўло Исроил халқини душманлардан озод қилди. У Иссахор қабиласидан бўлган Дўдўнинг набираси бўлиб, Эфрайим қирларидаги Шомир шаҳрида истиқомат қиларди. 2 У Исроил халқига йигирма уч йил давомида ҳакам бўлиб хизмат қилди. Сўнгра оламдан кўз юмиб, Шомирда дафн қилинди.
Ёвир
3 Ундан кейин Гиладлик Ёвир ҳакам бўлди. У йигирма икки йил давомида Исроилга раҳнамолик қилди. 4 Унинг ўттизта ўғли бор эди. Улар ўттизта эшакни минишар ва Гилад ўлкасидаги ўттизта шаҳарга эгалик қилишарди . Бу шаҳарлар бугунга қадар Ёвир шаҳарлари деб аталади. 5 Ёвир оламдан ўтиб, Камонда дафн қилинди.
Йифтох
6 Исроил халқи яна Эгамизнинг олдида қабиҳликлар қилиб, Баал ва Аштаретнинг тасвирларига сиғиниш билан бир қаторда, Орам, Сидон, Мўаб, Оммон ва Филист халқларининг худоларига сажда қилди. Эгамиздан юз ўгириб, Унга сажда қилмай қўйди. 7 Бундан ниҳоятда ғазабланган Эгамиз Исроил халқини Филист ва Оммон халқларининг қўлига берди. 8 Ўша йили улар Исроил халқига зулм қилиб, роса эздилар. Иорданнинг шарқида, яъни Гилад ўлкасида истиқомат қилган Исроил халқига улар ўн саккиз йил давомида зулмини ўтказиб келдилар. Илгарилари бу ерлар Амор халқига тегишли эди. 9 Шуниси етмагандай, Оммон халқи Яҳудо, Бенямин ва Эфрайим қабилаларига ҳам ҳужум қилмоқчи бўлиб, Иордан дарёсининг нариги қирғоғига ўтиб олган эди.
Бундан қаттиқ ташвишга тушган 10 Исроил халқи:
— Биз гуноҳ қилдик! — дея Эгамизга фарёд қилди. — Биз ўз Худойимиздан юз ўгириб, Баалнинг тасвирларига сиғиндик.
11 Эгамиз эса уларга шундай деди:
— Мен сизларни Миср, Амор, Оммон ва Филист халқларининг зулмидан қутқардим. 12 Сидонликларнинг, Омолек ва Моюн халқларининг жабру зулмидан нолиб, Менга ёлворганингизда, сизларга нажот бердим. 13 Шунга қарамай, сизлар Мендан юз ўгириб, бошқа худоларга сиғиндингизлар. Бўлди, етар! Энди сизларни қутқармайман! 14 Бориб, ўзларингиз танлаб олган худоларингизга илтижо қилинглар. Қийналганингизда улар сизларга нажот беришсин.
15 — Биз гуноҳ қилдик! Бизга хоҳлаганингни қил, аммо бугун бизни душманларимиздан қутқаргин, — дея ўтинди Исроил халқи Эгамиздан.
16 Шундай қилиб, улар бегона худоларнинг тасвирларини йўқ қилиб, Эгамизга сажда қилдилар. Исроил халқининг чеккан азоб–уқубатларини кўрган Эгамиз уларга ниҳоятда ачинди.
17 Оммон халқи одамларини жангга сафарбар қилиб, қароргоҳини Гилад ўлкасида жойлаштирди. Исроил халқи эса тўпланиб, қароргоҳини Миспахда жойлаштирди. 18 Исроил қабилаларининг раҳнамолари: “Оммон халқига ким биринчи бўлиб ҳужум қилар экан?” — дея бир–бирларига қараб олишди. Сўнг: “Жангни бошқарган одам Гиладга ҳоким бўлади” деган қарорга келишди.
© © Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020