45–БОБ
Худо Борухга ваъда беради
1 Яҳудо шоҳи Йўшиё ўғли Ёҳайиқим ҳукмронлигининг тўртинчи йили эди. Еремиё юқоридаги сўзларни Нериё ўғли Борухга айтиб, ўрама қоғозга ёздиргандан сўнг , унга шундай деди:
2-4 — Эй Борух, Исроил халқининг Худоси — Эгамиз сенга шундай гапларни айтиб қўйишимни буюрди: сен: “Шўрим қурсин! Эгам қайғу устига қайғу орттирди, юрак–бағрим эзилиб кетди, жонимни қўярга жой тополмаяпман”, деб айтган экансан. Шунинг учун Эгамиз сенга айтмоқда: “Мен бутун юрт бўйлаб бунёд қилган ҳамма нарсамни бузиб ташлайман, мустаҳкам қилиб ўрнатганларимни қўпориб ташлайман. 5 Сен ўзинг учун катта режалар тузма! Мана, Мен барча одамзоднинг бошига кулфат ёғдираман. Аммо сенинг жонингни сақлаб қоламан, борган жойингда сени асрайман.” Эгамизнинг каломи шудир.