25–БОБ
Яҳудо шоҳи Эмозиё
1 Эмозиё тахтга ўтирган пайтда, йигирма беш ёшда эди. У Қуддусда йигирма тўққиз йил ҳукмронлик қилди. Онаси Қуддуслик бўлиб, исми Ёҳуваддон эди. 2 Эмозиё Эгамиз олдида тўғри ишлар қилди, аммо чин юракдан қилмаган эди. 3 Эмозиё ўз шоҳлигини мустаҳкамлаб олгандан кейин, отасини ўлдирган аъёнларни йўқ қилди. 4 Бироқ Мусонинг қонунида ёзилганига кўра, қотилларнинг болаларини ўлдирмади, чунки Эгамиз: “Оталар фарзандларининг гуноҳи учун ўлдирилмасин, фарзандлар оталарининг гуноҳи учун ўлдирилмасин, ҳар ким ўзининг гуноҳи учунгина ўлим жазосига тортилсин”, деб амр қилган эди .
Эдом юртига қарши уруш
5 Эмозиё Яҳудо ва Бенямин қабилаларини, уларнинг уруғларига кўра, ҳарбий қисмларга бўлди. Улар устидан мингбоши ва юзбошиларни тайинлади. Эмозиёнинг лашкари йигирма ва ундан юқори ёшдаги 300.000 сараланган жангчидан ташкил топган бўлиб, уларнинг ҳаммаси урушга яроқли, қилич ва қалқонни моҳирлик билан ишлата олар эди. 6 Булардан ташқари, Эмозиё 200 пуд кумушга Исроилдан 100.000 баҳодир жангчини ёллади. 7 Лекин Худонинг бир одами Эмозиёнинг ҳузурига келиб, шу гапни айтди:
— Эй шоҳ! Исроил лашкари сен билан бормасин, чунки Эгамиз улар билан эмас. Исроил халқига ёрдам беришдан Эгамиз воз кечган. 8 Сен жасорат билан жанг қилсанг ҳам, барибир Худо сени ғанимларинг олдида мағлуб қилади, чунки ёрдам берадиган ва мағлуб қиладиган Худодир.
9 Эмозиё Худонинг одамидан сўради:
— Исроил лашкари учун тўлаган икки юз пуд кумуш нима бўлади?
Худонинг одами:
— Эгамиз сенга бундан ҳам кўпроғини беришга қодир, — дея жавоб берди.
10 Шундан кейин Эмозиё Исроилдан келган лашкарга жавоб бериб, уларни уйларига қайтариб юборди. Улар Яҳудо халқидан қаттиқ ғазабланиб, жаҳл устида уйларига қайтиб кетдилар.
11 Эмозиё жасорат кўрсатиб, лашкарини Туз водийсига бошлаб борди. У ерда Эдомликлардан 10.000 нафарини ўлдирди. 12 Яҳудо лашкари уларнинг яна 10.000 нафарини тириклайин асирга олиб, қоя чўққисидан пастга итариб юборди. Уларнинг ҳаммаси тошларга урилиб ҳалок бўлдилар.
13 Шу орада Эмозиё орқага қайтариб юборган Исроил лашкари Самария билан Байт–Хўрон оралиғидаги Яҳудо шаҳарларига ҳужум қилди, улар 3000 кишини ўлдириб, кўп ўлжа олдилар.
14 Эмозиё Эдомликларни мағлуб қилгандан кейин ўзи билан Эдомликларнинг худоларини олиб келди. Уларни ўзига худо қилиб ўрнатди, ўша худоларга сажда қилиб, қурбонликлар келтирди. 15 Эгамиз бундан қаттиқ ғазабланиб, Эмозиёнинг ҳузурига пайғамбарини юборди. Пайғамбар унга шу сўзларини айтди:
— Нимага сен бегона худоларга сажда қиляпсан? Бу худолар ўз халқини сенинг қўлингдан қутқара олмади–ку!
16 — Қачондан бери сен шоҳнинг маслаҳатчиси бўлиб қолдинг?! — деб пайғамбарнинг гапини бўлди шоҳ. — Овозингни ўчир! Бўлмаса жонингни оламан.
Пайғамбарнинг гапи оғзида қолди, бироқ у шоҳни шундай деб огоҳлантириб қўйди:
— Сен шу ишни қилиб, менинг маслаҳатимга қулоқ солмаганинг учун Худо сени нобуд қилишга қарор қилганини биламан.
Исроил халқи Яҳудо юртини мағлуб қилади
17 Яҳудо шоҳи Эмозиё ўз аъёнлари билан маслаҳатлашиб, Исроил шоҳи Ёҳўшга : “Қани, менга жанг майдонида рўбарў келиб кўр–чи ”, деган хабар жўнатди. Ёҳўш Ёҳухознинг ўғли, Ёҳунинг набираси эди.
18 Исроил шоҳи Ёҳўш эса бунга жавобан Яҳудо шоҳи Эмозиёга шу хабарни жўнатди: “Лубнон тоғларида бир ғовтикан садр дарахтига, қизингни ўғлимга хотинликка бер, деб хабар йўллабди. Ўша пайтда бир йиртқич ҳайвон ўша ердан ўтиб кетаётиб, ғовтиканни босиб янчиб кетибди. 19 Шунга ўхшаб сен ҳам: «Кўриб қўй, Эдомни мағлуб қилдим», деб мақтаниб, юрагинг киборликка тўлибди. Уйингда ўтиравер. Нима учун қитмирлик қиляпсан? Ўз бошингни ҳам, Яҳудо халқининг бошини ҳам балога гирифтор қиляпсан!”
20 Лекин Эмозиё қулоқ солмади. Бу Худонинг иши эди. Яҳудо халқи Эдомнинг худоларига сажда қилгани учун, Худо уларни душманнинг қўлига беришга қарор қилган эди. 21 Шунинг учун Исроил шоҳи Ёҳўш Яҳудо шоҳи Эмозиё устига юриш қилди. Иккала томоннинг лашкари Яҳудонинг Байт–Шамаш шаҳрида рўбарў келди. 22 Исроил лашкари Яҳудо лашкарини мағлуб этди. Яҳудо лашкарининг ҳаммаси уйларига қочиб кетди. 23 Исроил шоҳи Ёҳўш Яҳудо шоҳи Эмозиёни Байт–Шамашда асир қилиб олди. Эмозиё Охозиёнинг невараси, Йўшнинг ўғли эди. Сўнг Ёҳўш Эмозиёни Қуддусга олиб борди. У ерда Қуддус деворининг Эфрайим дарвозасидан Бурчак дарвозасигача бўлган 400 тирсак қисмини буздирди. 24 Худонинг уйида Обидадомнинг насли қўриқлаган ҳамма олтину кумушни ва ашёларни тортиб олди. Булардан ташқари, сарой хазинасини ва асирларни олиб, Самарияга қайтиб кетди.
25 Яҳудо шоҳи Эмозиё Исроил шоҳи Ёҳўшнинг ўлимидан кейин ўн беш йил яшади. 26 Эмозиёнинг бошқа ишлари бошдан охиргача “Яҳудо ва Исроил шоҳлари китоби”да ёзилган. 27 Эмозиё Эгамиздан юз ўгирган вақтда Қуддусда унга қарши фитна уюштирилди. Эмозиё бундан хабар топиб, Лахиш шаҳрига қочди. Аммо душманлари Эмозиёнинг ортидан одам юбориб, уни ўша ерда ўлдиртирдилар. 28 Эмозиёнинг жасадини отда Қуддусга олиб келдилар. У Довуд қалъасида ота–боболарининг ёнига дафн қилинди.