10–БОБ
Халқ гуноҳи учун тавба қилади
1 Эзра Худонинг уйи олдида ўзини ерга отиб йиғлаганича, халқнинг гуноҳларини эътироф этди. У Худога илтижо қилаётганда, атрофига Исроилдан катта жамоа — эркагу аёл, болалар йиғилишди. Халқ ҳам аччиқ–аччиқ йиғларди. 2 Элам наслидан Ёхиёл ўғли Шаханиё Эзрага шундай дея мурожаат қилди: “Биз маҳаллий халқларнинг бутпараст аёлларига уйланиб, Худойимизга хиёнат қилдик. Лекин шунга қарамай, биз — Исроил халқи учун ҳали ҳам умид бор! 3 Келинг, Худойимиз билан аҳд қилайлик. Ҳазратим, сизнинг маслаҳатингизга кўра ва Худойимизнинг сўзларидан қўрқадиганларнинг маслаҳатига кўра, барча бутпараст хотинларни болалари билан бирга қўйиб юборайлик. Худонинг қонунига амал қилайлик. 4 Қани ҳазратим, ишга киришинг, бу сизнинг бурчингиздир. Биз сиз биланмиз. Дадил бўлинг, ишни бошланг.”
5 Шунда Эзра ўрнидан туриб, руҳонийларнинг, левиларнинг ва бутун Исроил халқининг бошлиқларига, айтилганларни қиламиз, деб онт ичирди. Ҳаммалари онт ичдилар. 6 Сўнг Эзра Худонинг уйи олдидан кетиб, Элиашаб ўғли Ёҳуханоннинг хонасига борди, тунни ўша ерда ўтказди. У на нон еди, на сув ичди, сургундан қайтганларнинг хиёнаткорлиги дастидан қайғураётган эди.
7 “Сургундан қайтганларнинг ҳаммаси Қуддусга тўплансин”, деб Яҳудо юрти ва Қуддус бўйлаб жар солинди. 8 “Агар кимки уч кун ичида келмаса, йўлбошчиларнинг ва оқсоқолларнинг буйруғига кўра, уларнинг ҳамма мол–мулки мусодара қилинсин, ўзлари сургундан қайтганлар жамоасидан чиқарилсин”, деб хабар берилди.
9 Уч кун ичида Яҳудо ва Бенямин ҳудудида яшаётганларнинг ҳаммаси Қуддусда тўпланди. Бу воқеа тўққизинчи ойнинг йигирманчи кунида рўй берди. Одамлар Худонинг уйи олдидаги ҳовлида жойлашиб ўтирди. Аҳволнинг жиддийлигидан ва кучли ёмғир ёғаётганидан халқ титрарди. 10 Руҳоний Эзра ўрнидан туриб, халққа деди: “Сизлар бутпараст аёлларга уйланиб, Эгамизга хиёнат қилдингизлар, Исроил халқининг айблари устига айб орттирдингизлар. 11 Энди ота–боболарингизнинг Худоси — Эгамиз олдида бу гуноҳларингизни тан олинглар, Унинг хоҳиши бўйича иш тутинглар. Ўзларингизни маҳаллий халқлардан айириб, бутпараст хотинларингизни қўйиб юборинглар.” 12 Шундан кейин бутун жамоа баланд овоз билан жавоб берди: “Сиз ҳақсиз! Айтганларингизни қиламиз. 13 Лекин халқ кўп, ёмғир ҳам ёғяпти, шунинг учун очиқ жойда тура олмаймиз. Орамиздаги кўпчилик бу гуноҳга қўл урган, шунинг учун бу масалани бир–икки кунда ҳал қилиб бўлмайди. 14 Майли, йўлбошчиларимиз Қуддусда қолсинлар, улар бу ишнинг масъулиятини ўз зиммаларига олсинлар. Бутпараст аёлларга уйланганларнинг ҳаммаси белгиланган вақтда ўз шаҳар оқсоқоли ва ҳаками билан бирга келишсин. Бу қилмишимиздан ғазабланган Худо шунда ғазабидан тушади.” 15 Фақат Осойил ўғли Йўнатан билан Тихво ўғли Яхзиё бу таклифга қарши чиқдилар, левилардан Машуллом ва Шаббатай ҳам уларни қўллаб–қувватладилар.
16 Шундай қилиб, сургундан қайтганлар берилган таклифни қабул қилдилар. Руҳоний Эзра уруғбошилар орасидан одамларни тайинлаб, уларнинг исмларини ёзиб қўйди. Ўнинчи ойнинг биринчи куни улар бу ишни текширишга киришдилар. 17 Биринчи ойнинг биринчи кунига келиб, бутпараст аёлларга уйланган барча эркаклар билан боғлиқ бўлган масала кўриб чиқилди.
Бутпараст аёлларга уйланганларнинг рўйхати
18 Бутпараст аёлларга уйланган одамлар қуйидагилардир:
Руҳонийлардан:
Ёҳузадах ўғли Ёшуанинг уруғидан ва унинг ҳамкорларидан — Масиё, Элиазар, Ёрив ва Гадалиё. 19 Улар хотинларини қўйиб юборишга онт ичдилар ва айблари учун битта қўчқорни айб қурбонлиги қилдилар.
20 Иммар уруғидан — Хонин ва Забадиё.
21 Харим уруғидан — Масиё, Илёс, Шамаё, Ёхиёл ва Уззиё.
22 Пашхур уруғидан — Элийўнай, Масиё, Исмоил, Натанил, Йўзабад ва Эласах.
23 Левилардан:
Йўзабад, Шимах, Килаёх (Килит деб ҳам айтилади), Патихиё, Яҳудо ва Элиазар.
24 Қўшиқчилардан:
Элиашаб.
Маъбад дарвозабонларидан:
Шаллум, Талим ва Ури.
25 Исроил халқининг қолганларидан:
Парўш уруғидан — Ромиё, Йизиё, Малкиё, Миёмин, Элазар, Малкиё ва Бинаё.
26 Элам уруғидан — Маттаниё, Закариё, Ёхиёл, Абди, Ёримўт ва Илёс.
27 Затту уруғидан — Элийўнай, Элиашаб, Маттаниё, Ёримўт, Забад ва Азизах.
28 Бўвай уруғидан — Ёҳуханон, Ханониё, Заббай ва Отлей.
29 Баних уруғидан — Машуллом, Маллух, Одаё, Ёшув, Шаёл ва Ёримўт.
30 Пахатмўаб уруғидан — Адна, Хилол, Бинаё, Масиё, Маттаниё, Базалил, Биннуй ва Манаше.
31 Харим уруғидан — Элиазар, Ишшиё, Малкиё, Шамаё, Шимўн, 32 Бенямин, Маллух, Шамариё.
33 Хашум уруғидан — Маттанай, Маттатах, Забад, Элифалет, Ёримай, Манаше ва Шимах.
34 Баних уруғидан — Мадай, Имром, Увал, 35 Бинаё, Бидаё, Халух, 36 Ваниё, Миромўт, Элиашаб, 37 Маттаниё, Маттанай ва Ясой.
38 Биннуй уруғидан — Шимах , 39 Шаламиё, Натан, Одаё, 40 Махнадбай, Шошай, Шорой, 41 Озариёл, Шаламиё, Шамариё, 42 Шаллум, Эмориё ва Юсуф.
43 Наво уруғидан — Явиёл, Маттитиё, Забад, Забино, Яддай, Йўэл ва Бинаё.
44 Юқоридагиларнинг ҳаммаси бутпараст аёлларга уйланган эдилар. Ўша аёллардан айримлари уларга фарзандлар ҳам туғиб берган эдилар .
© © Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020