38–БОБ
Эгамиз Аюбга жавоб беради
1 Шундан кейин Эгамиз қуюн орасидан Аюбга шундай деб айтди:
2 “Билмай туриб гапираётган ким?
Ким донолигимга гумон қиляпти?
3 Қани, эркакка ўхшаб белингни боғла,
Сени сўроқ қиламан, жавоб бер–чи.
4 Заминнинг пойдеворини қўйганимда қаерда эдинг?
Доно экансан, қани айт–чи!
5 Ер юзининг сарҳадларини белгилаган ким?
Ахир, ўзинг биласан–ку!
Ким ернинг устидан чизиқ ўтказди?
6-7 Ернинг пойдеворини нима ушлаб турибди?
Тонг юлдузлари жўр бўлиб, қўшиқ куйлаганда,
Илоҳий зотлар қувончдан ҳайқирганда
Ернинг тамал тошини қўйган ким?
8 Денгиз ер тубидан отилиб чиққанда,
Дарвозаларни ёпиб, тўсиб қўйган ким?
9 Ахир, Мен булутларни денгизга кийим қилиб қўйдим.
Денгизни қалин зулмат билан ўраб қўйган Менман.
10 Мен денгизга чегаралар белгиладим,
Денгизни тамбаланган дарвозалар билан тўсиб қўйдим.
11 Мен денгизга: «Фақат мана шу ергача келасан,
Сенинг мағрур тўлқинларинг шу ерда тўхтайди», деб айтдим.
12 Сен умрингда бирор марта, тонг отсин, деб буюрганмисан?
Ёки, шарқдан кун чиқсин, деб айтганмисан?
13 Қуёш нурига: «Ернинг тўрт бурчига тарқалиб,
Фосиқларни яширинган жойидан силтаб чиқаргин», деб айтганмисан?
14 Кун ёришар экан, матодаги безаклар каби
Муҳр босилган мум каби
Ер юзидаги қирлару водийлар ўз шаклини кўрсатади.
15 Фосиқларга нур берилмайди,
Уларнинг ёмон ниятда кўтарилган қўли синади.
16 Денгиз тубидаги булоқларни бориб кўрганмисан?
Сувлар тубида юриб, текшириб кўрганмисан?
17 Ўлим дарвозалари қаердалигини биласанми?
Зулмат дарвозаларини сенга кўрсатишганми?
18 Бу дунёнинг қанчалик улканлигини биласанми?
Агар шуларнинг ҳаммасини билсанг, Менга айт–чи!
19 Ёруғликнинг масканига олиб борадиган йўлни,
Зулматнинг турар жойини биласанми?
20 Уларни ўз жойларига олиб бора оласанми?
Ўша жойга қандай боришни биласанми?
21 Ҳа, сен биласан албатта!
Сен ёруғлик ва зулматдан олдин туғилгансан–да!
Қанчалик узоқ умр кўряпсан–а!
22 Қор сақланадиган омборхоналарни кўрганмисан?
Дўл сақланадиган омборларни–чи?
23 Мен уларни кулфат кунлари учун,
Уруш ва жанг кунлари учун сақлаб қўйганман.
24 Ёруғлик манбаига олиб борадиган йўл қани?
Шарқ шамоли чиқадиган жой қаерда?
25 Селу жалага ким йўл очиб берган?
Чақмоқнинг йўлларини ким белгилаган?
26 Ҳувиллаб ётган биёбонга,
Кимсасиз чўлга ким ёмғир ёғдиради?
27 Ташландиқ харобазорларни сувга қондириб,
У ерларда майсалар ўстирадиган ким?
28 Ёмғирнинг отаси борми?
Шабнамни ким дунёга келтирган?
29 Муз қаердан туғилади?
Самодан тушадиган қировга ким ҳаёт берган?
30 Сув тошлардай қотиб қолади,
Денгиз сатҳи музлайди.
31 Парвин юлдузларини сен боғлаб қўя оласанми?
Ҳулкар юлдузини ушлаб турган арқонларни еча оласанми?
32 Юлдуз туркумларини ўз мавсумида жойига бошлайсанми?
Катта айиқ ва кичик айиқ буржидаги юлдузларга йўл кўрсата оласанми?
33 Осмон қонунларини биласанми?
Сен ўша қонунларни ер юзига татбиқ қила оласанми?
34 Булутларга қараб бақириб кўргин–чи,
Қани, устингга ёмғир ёғармикан?
35 Сен чақмоқни чақтира оласанми?
У келиб, хизматингиздаман, дейдими?
36 Ким юракларга донолик берган?
Каллага ақл–идрокни ким солиб қўйган?
37-38 Қани, булутларни санашга кимнинг ақли етади?
Ер қақраганда, тупроқ қотиб, кесакка айланганда
Ким фалак мешларини ағдариб, ёмғир ёғдира олади?
39-40 Ғорларида яширин ётган,
Инларида кутиб ётган
Шернинг болаларини тўйдира оласанми,
Она шерга ўлжа топиб бера оласанми?
41 Қарғанинг болалари қорни очиб, дайдиб юрганда,
Менга фарёд қилганда эҳтиёжларини қондирган ким, ахир?
© © Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020