4–БОБ
Сохта устозларнинг ёлғон таълимоти фош этилади
1 Худонинг Руҳи яққол айтяптики, охирги замонларда баъзи одамлар имондан қайтадилар. Улар ёлғончи руҳларга ва жинлар таълимотига қулоқ соладилар. 2 Бундай таълимотни тарқатган одамлар риёкор ва ёлғончидирлар. Уларнинг виждони ўлган, гўё қиздирилган темир билан куйдирилиб йўқ қилинган. 3 Улар уйланишни ва эрга тегишни ман этадилар, маълум овқатларни тақиқлайдилар. Ҳолбуки, бу овқатларни Худо берган. Ҳақиқатни билиб олган имонлилар Унга шукрона айтиб, ейишлари учун яратган. 4 Чунки Худо яратган ҳар бир нарса яхшидир. Биз ҳеч бир таомни тақиқламай, шукрона айтиб, ҳаммасини ейишимиз лозим. 5 Биз овқатимиз учун Худога шукурлар айтганимизда, Худо барча озуқани ҳалол деб эълон қилганини эътироф этган бўламиз.
Исо Масиҳнинг содиқ хизматкори бўлгин
6 Сен бу насиҳатларимни биродарларингга ўргатсанг, Исо Масиҳнинг лаёқатли хизматкори бўласан. Ўзинг риоя қилаётган соғлом таълимотни ва имонимизнинг ақидаларини ўзлаштириб, руҳан озиқланиб борасан. 7 Сафсатабоз кампирларга хос бемаъни афсоналардан юз ўгир. Художўй бўлишга астойдил ҳаракат қил. 8 Ахир, шундай бир мақол бор–ку: “Жисмоний машқ тана учун фойда берар, художўйлик эса ҳар томонлама фойда келтирар, у дунёю бу дунёда ҳаёт бахш этар.” 9 Бу гап тўғри ва асослидир, у ҳар жиҳатдан қабул қилинишга лойиқдир. 10 Одамлар абадий ҳаётга эга бўлишлари учун биз жон–жаҳдимиз билан хизмат қиляпмиз . Барҳаёт Худога умид боғлаганмиз. У барча инсонларнинг, айниқса имонлиларнинг Нажоткоридир .
11 Сен биродарларга таълим бергин, бу ўгитларга риоя қилишларини уларга ўргатгин. 12 Ёшсан деб, ҳеч ким сени камситмасин. Аксинча, ҳамманинг ҳурматини қозониш учун сен сўзда, юриш–туришда, меҳр–оқибатда, имонда ва ахлоқда имонлиларга ўрнак бўлгин. 13 Мен олдингга боргунимча жамоатда Муқаддас битикларни овоз чиқариб ўқишга , насиҳат ва таълим беришга вақтингни бағишла. 14 Ўзингга берилган инъомга эътиборли бўл, уни ишга сол. Ахир, сен бу инъомингни айтилган башоратлар ва оқсоқоллар устингга қўл қўйиб қилган дуолари натижасида олгансан.
15 Айтганларимнинг ҳаммасини амалда қўлла. Ўзингни бу вазифага сидқидилдан бағишла, шунда сен Худонинг йўлида шахдам қадам билан, илдамлаб бораётганингни ҳамма кўради. 16 Ҳаёт тарзингга, нималар ўргатаётганингга эътибор қил. Бу фаолиятингни астойдил давом эттир, шундай қилсанг, ўзингни ҳам, тингловчиларингни ҳам қутқарасан.