22–БОБ
Элифаз учинчи марта гапиради: у Аюбни ўта гуноҳкорликда айблайди
1 Темонлик Элифаз шундай деди:
2 “Инсон Худога қандай фойда келтиради?!
Доно инсон У учун бирор фойдали иш қила оладими?!
3 Солиҳ бўлсанг бу Қодир Худога қандай завқ келтиради?!
Юрган йўлларинг пок бўлса, Унга қандай фойда?!
4 У сенга художўйлигинг учун танбеҳ берадими?!
Бунинг учун сени ҳукм қиладими?!
5 Ахир, фосиқлигинг қанчалар оғир?!
Гуноҳингнинг чеки йўқ–ку!
6 Яқинларингдан ҳеч бир сабабсиз гаров олдинг,
Камбағаллардан кийимини ечиб олиб , яланғоч қолдирдинг.
7 Чанқаганларга сув бермадинг.
Қорни очлардан нонингни қизғандинг.
8 Ҳа, қудратлилар юртга эгалик қиладилар,
Обрўлилар у ерда яшайдилар.
9 Беваларни қуруқ қўл билан орқага қайтардинг,
Етимларга ёрдам қўлини чўзмадинг.
10 Шунинг учун атрофинг тузоқлар билан ўралган.
Тўсатдан сени ваҳима босган.
11 Атрофингни зулмат қамраб олган,
Кўзларинг ҳеч нарсани кўрмаяпти,
Сув тошқинлари сени кўмиб кетган.
12 Юксакдаги баланд юлдузларга қара.
Аммо Худо само чўққисида–ку!
13 Шунда ҳам сен: «Худо нимани биларди,
Зулмат орасидан У қандай ҳукм қила оларди», дейсан.
14 «Қуюқ булутлар Уни яширган, У бизни кўрмайди,
Худо осмон гумбази узра айланиб юрибди–ку», деб айтасан.
15 Сен фосиқлар юрган
Азалий йўлдан юраверасанми?
16 Улар ҳаётдан бевақт маҳрум бўлдилар,
Умр пойдеворларини сел ювиб кетди.
17 Фосиқлар Худога шундай дедилар:
«Бизни тинч қўйгин.
Эй Қодир Худо, бизга нима қила олардинг?»
18 Аммо уларга барака бериб, уйларини тўлдирган Худо–ку!
Фосиқларнинг ўй–хаёлларидан мен жирканаман.
19 Солиҳлар фосиқларнинг аҳволини кўриб, хурсанд бўладилар,
Айбсизлар фосиқларни мазах қилиб куладилар.
20 Улар: «Душманларимиз йўқ қилинди,
Битта қолмай оловда ёниб кетдилар », деб айтадилар.
21 Худо билан тортишаверма!
У билан ярашгин,
Шунда фароғатда яшайсан.
22 Худонинг оғзидан чиққан ўгитларига қулоқ тут,
Сўзларини юрагингда сақла.
23 Қодир Худога юз бурсанг, соғлигу бойлигинг қайта тикланади.
Чодирингни фосиқликдан тозаласанг,
24 Олтинни чанг деб билиб,
Офир тилласини дарёга отсанг,
25 Қодир Худонинг Ўзи сенинг хазинанг бўлади.
У сенинг қимматбаҳо кумушинг бўлади.
26 Шунда Қодир Худодан завқ топасан,
Худога юз бурасан.
27 Сен Унга илтижо қиласан, У эса сенга қулоқ тутади.
Унга берган ваъдаларингни бажарасан.
28 Нима ният қилсанг, ҳаммаси амалга ошади,
Ҳаёт сўқмоқларинг нурга тўлади.
29 Агар шарманда бўлган одам учун Худога илтижо қилсанг,
Худо ўша одамни шармандаликдан қутқаради.
30 Сенинг пок қўлларинг туфайли
Ҳатто айбдорлар ҳам нажот топади.”
© © Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020