12–БОБ
Марям жазоланади
1 Мусо Ҳабашистонлик аёлга уйлангани учун Марям ва Ҳорун Мусога қарши гапирдилар. 2 Иккови: “Эгамиз ёлғиз Мусо орқали гапирибдими?! У биз орқали ҳам гапирмаганми?!” дейишди. Эгамиз уларнинг бу гапини эшитди. 3 Мусо жуда камтар одам эди, ер юзида камтарликда унга тенг келадигани йўқ эди.
4 Эгамиз бирдан Мусо, Ҳорун ва Марямга:
— Учовингиз ҳам Учрашув чодирига келинглар! — деб амр берди.
Шундан сўнг учовлари Учрашув чодирига келишди. 5 Эгамиз устун шаклидаги булутда тушиб, Чодирга кираверишда турди ва Ҳорун билан Марямни чақирди. Иккови олдинга чиқди. 6 Эгамиз уларга деди:
— Менинг сўзларимни эшитиб олинглар. Орангизда пайғамбар бўлганда, Мен, Эгангиз, Ўзимни уларга ваҳийда аён қиламан, улар билан тушларида гаплашаман. 7 Лекин қулим Мусо билан бошқача гаплашаман. Менинг бутун халқим орасида ишончлиси Мусодир . 8 Мен у билан жумбоқли башоратлар орқали эмас, балки юзма–юз, очиқ–ойдин гаплашаман. Мусо Мен, Эгангизнинг шарпасини кўради. Наҳотки сизлар Менинг қулим Мусога қарши гапиришдан қўрқмадингизлар?!
9 Эгамиз улардан қаттиқ ғазабланиб, узоқлашди.
10 Булут Чодир тепасидан кетиши биланоқ, Марям тери касаллигига чалиниб, қордай оппоқ бўлиб қолди. Ҳорун буни кўриб, 11 Мусога ёлворди:
— Эй ҳазратим, биз аҳмоқлик қилиб қўйдик! Ўтинаман, гуноҳимиздан ўтинг! 12 Марям она қорнидаёқ чирий бошлаган ўлик чақалоққа ўхшаб қолмасин!
13 Шунда Мусо Эгамизга илтижо қилиб:
— Эй Худо, унга шифо бер! — деб ёлворди. 14 Эгамиз эса Мусога шундай жавоб берди:
— Агар Марямнинг ўз отаси унинг юзига тупурганда, у етти кун шарманда бўлиб юрмасмиди?! Марямни қароргоҳдан чиқариб юборинглар, у етти кундан кейингина қароргоҳга қайтиб келиши мумкин.
15 Шундай қилиб, Марям қароргоҳдан ҳайдаб чиқарилди. У етти кун қароргоҳдан ташқарида бўлди. У қайтиб келмагунча халқ йўлга чиқмай турди.
© © Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020