13–БОБ
Филистлар билан уруш
1 Шоҳ Шоул ўттиз ёшида тахтга ўтириб, Исроилда қирқ икки йил шоҳлик қилди . 2 У Исроил лашкаридан уч мингта одам саралаб олиб, қолганларини уйларига жўнатиб юборди. Ўша уч мингтадан икки мингтасини Михмаш ва Байтил қирларига жойлаштирди, мингтасини эса Бенямин уруғига қарашли Гиво шаҳрига — Йўнатаннинг ихтиёрига юборди. 3 Орадан кўп ўтмай, Йўнатан Филистларнинг Гебо шаҳридаги қўнолғасини мағлуб қилди. Бу хабар Филистлар орасида тезда тарқалди. Шоул: “Ибронийлар бу ҳодисадан хабардор бўлсин”, деб бутун ўлка бўйлаб бурғу чалдирди. 4 Шундай қилиб, Шоул Филистлар қўнолғасини енгганини ва Филистлар Исроил халқидан нафратланганини Исроил халқининг ҳаммаси билди. Сўнг лашкар Гилгалда Шоулнинг атрофига тўпланди.
5 Филистлар ҳам Исроил лашкари билан уришмоқ учун йиғилишди. Уч мингта жанг араваси, олти мингта отлиқ сипоҳ ва денгиз қирғоғидаги қум сингари сон–саноқсиз лашкар йўлга чиқиб, Байт–Обун шаҳрининг шарқидаги Михмашга келди. Улар ўша ерда қароргоҳ қуришди. 6 Исроил лашкарининг аҳволи оғирлашиб, қийналиб қолди ва улар ғорларга, хандақларга, қоялар орасига, қабрларга, сардобаларга яшириндилар. 7 Ибронийларнинг айримлари эса Иордан дарёси шарқидаги Гад ва Гилад ерларига кечиб ўтишди.
Шоул у вақтда ҳали ҳам Гилгалда эди. Унга эргашганларнинг ҳаммаси қўрқиб кетишди. 8 Шомуил Шоулга: “Мени етти кун кут”, деб айтгани учун , уни Гилгалда етти кун кутиб турди. Шомуил Гилгалга келавермагач, лашкар энди Шоулнинг ёнидан қоча бошлади. 9 Шунинг учун Шоул:
— Куйдириладиган қурбонлик билан тинчлик қурбонликларини менга олиб келинглар, — деб буюрди. Кейин у куйдириладиган қурбонликларни назр қилди.
10 Шоул қурбонликни куйдириб бўлган ҳам эдики, Шомуил келиб қолди. Шоул, унга салом берай деб, пешвоз чиқди.
11 — Нима қилиб қўйдинг?! — деди Шомуил.
— Одамларим менинг ёнимдан қочиб кетяпти, — деди Шоул. — Сиз эса белгиланган куни келмадингиз. Бунинг устига, Филистлар Михмашда тўпланиб туришибди. Уларни кўриб, 12 энди Филистлар Гилгалга устимга бостириб келади, мен эса ҳанузгача Эгамдан ёрдам сўраб илтижо қилмадим, деб ўйладим. Шундан кейин куйдириладиган қурбонликни қилишга мажбур бўлдим.
13 Шомуил Шоулга деди:
— Нодонларча иш тутибсан, ўз Эганг Худонинг сенга берган амрига итоат этмадинг. Бўлмаса, Эгам Исроилдаги шоҳлик тахтингни то абад мустаҳкам қилган бўларди. 14 Энди сенинг шоҳлигинг узоққа бормайди. Эгам Ўз кўнглига мос биттасини топди, уни Ўз халқи устидан ҳукмдор қилиб тайинлади. Чунки сен Эгамнинг амрига итоат қилмадинг.
15 Шундан сўнг Шомуил Гилгалдан чиқиб, Бенямин уруғига қарашли Гиво шаҳрига жўнаб кетди. Шоул ёнида қолган одамларни санаб чиқди, ҳаммаси бўлиб тахминан олти юз киши экан. 16 Шоул, ўғли Йўнатан ва уларнинг лашкари Бенямин қабиласига қарашли Гебода жойлашдилар. Филистлар эса Михмашда қароргоҳ қурган эдилар. 17 Филистларнинг илғорлари уч гуруҳга бўлиниб, Исроил қишлоқларини талаш учун қароргоҳдан чиқишди. Гуруҳлардан бири Шувол ҳудудидаги Ўфра шаҳри томонга, 18 иккинчиси Байт–Хўрон шаҳри томонга, учинчиси эса чўл томонга — Завўм водийси кўриниб турган чегара адирга йўл олди.
19 Филистлар: “Ибронийлар қилич, найза ясай олмасин”, деб бутун Исроил юртида бирорта ҳам темирчи қолдирмаган эдилар. 20 Шунинг учун бутун Исроил халқи омоч тишларини, чўкичларини, болта ва ўроқларини ўткирлаш учун Филистларнинг олдига борар эди. 21 Омоч тиши билан чўкични ўткирлаш баҳоси икки мисқол кумуш , паншаха, болта ва темир учли говронни ўткирлаш баҳоси бир мисқол кумуш эди. 22 Шу сабабдан Шоул билан Йўнатаннинг жангчиларидан бирортасида қилич ёки найза йўқ эди, фақат Шоул ва унинг ўғлида бор эди, холос.
23 Бу пайтга келиб, Филистлар қўнолғасини Михмаш довонида жойлаштирган эдилар.
© © Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020