5–БОБ
Сулаймон Эгамизнинг уйини қуришга тайёргарлик кўради
1 Тир шоҳи Хирам: “Сулаймонни отасининг ўрнига мой суртиб шоҳ қилиб кўтаришибди” деган хабарни эшитгач, аъёнларини унинг ҳузурига жўнатди. Хирам Довудни доимо ўзига дўст деб биларди . 2 Сулаймон ҳам Хирам ҳузурига аъёнларини жўнатиб, шу гапларни айтиб юборди:
3 “Сиз биласизки, отам доимо душманларига қарши жанг қилиш билан банд бўлиб, ўзининг Эгаси Худога атаб бир уй бунёд эта олмади. Ниҳоят, Эгам отам Довуднинг душманларини унинг оёқлари остига ташлади. 4 Эгам Худо энди менга ҳар тарафдан осойишталик ато этди: ҳозирда на ғанимим бор, на ҳужум хавфи бор. 5 Эгам отам Довудга: «Сендан кейин тахтга ўғлингни ўтқазганимда, Менга атаб уйни у барпо қилади», деган эди. Шунинг учун Эгам Худога атаб бир уй қурмоққа қарор қилдим. 6 Энди сиз амр беринг, Лубнонда менга садр дарахтлари кесиб берсинлар. Менинг одамларим сизнинг одамларингиз билан бирга ишлайдилар. Одамларингизга сиз сўраган ҳақни бераман. Ўзингиз биласиз, дарахт кесишда Сидонлик одамларингизга тенг келадиган устаси бизнинг орамизда йўқ.”
7 Хирам Сулаймон юборган хабарни эшитгач, жуда хурсанд бўлиб, шундай деди: “Ўша буюк халқни бошқариш учун Эгамиз Довудга доно бир ўғил ато қилибди, Эгамизга ҳамду санолар бўлсин.” 8 Кейин у Сулаймонга шундай хабар жўнатди:
“Менга айтиб юборган гапларингни эшитдим. Садр ва сарв дарахти кесишни сўраган экансан, эҳтиёжингни қондираман. 9 Қаролларим ёғочларни Лубнондан денгизга судраб келадилар. Қаерни тайин этсанг, ёғочлардан сол қилиб, денгиз соҳили бўйлаб ўша ерга келтириб бераман. У ерда солларни ечдираман, сен эса олиб кетаверасан. Менинг эҳтиёжимни қондириб, одамларим учун озиқ–овқат берасан.”
10 Шундай қилиб, Хирам, Сулаймоннинг эҳтиёжига кўра, садр ва сарв ёғочлари берди. 11 Сулаймон эса, Хирамнинг одамлари истеъмол қилсин деб, 200.000 тоғора буғдой ва 40.000 кўза тоза мой берди. У ҳар йили Хирамга шунча миқдорда буғдой ва мой бериб турди. 12 Эгамиз эса ваъдасига кўра, Сулаймонга донишмандлик берди. Хирам билан Сулаймон ўртасида тотувлик пайдо бўлиб, улар ўзаро сулҳ туздилар.
13 Шоҳ Сулаймон бутун Исроилдан 30.000 қаролни мажбурлаб олди. 14 Навбати билан ойига 10.000 нафар қаролни Лубнонга жўнатиб турди. Улар бир ой Лубнонда, икки ой уйда бўлишарди. Бу қаролларга Одонирам бошчилик қиларди. 15 Яна Сулаймоннинг оғир юк ташувчи 70.000, қирларда тош кесадиган 80.000 одами бор эди. 16 Булардан ташқари, қаролларни назорат қиладиган, ишнинг бошида турадиган 3300 нафар назоратчи ҳам бор эди. 17 Сулаймон амр бергач, улар Эгамизнинг уйи пойдеворини тарошланган тошдан барпо қилиш учун йирик мармар тошларни кесдилар. 18 Сулаймоннинг одамлари, Хирамнинг одамлари, Габолликлар тошларни йўндилар, ниҳоят, Эгамизнинг уйини қуриш учун дарахт ва тошларни ҳозирлаб бўлдилар.
© © Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020