31–БОБ
Шоҳ Ҳизқиёнинг ислоҳотлари
1 Байрам тугагандан кейин, ўша ердаги бутун халойиқ Яҳудо, Бенямин, Эфрайим ва Манаше ҳудудидаги шаҳарларга бориб, бутсимон тошларни парчалаб ташладилар, Ашеранинг устунларини кесдилар, саждагоҳлар ва қурбонгоҳларни вайрон қилдилар. Биттасини ҳам қолдирмадилар. Шундан кейин ҳаммалари ўз шаҳарларига, ўзларининг мулкига қайтдилар.
2 Ҳизқиё руҳонийларни ва левиларни гуруҳларга бўлди. Ҳар бир гуруҳга қуйидаги вазифаларни тақсимлаб берди: Эгамизнинг Маъбади ҳовлисида куйдириладиган қурбонликларни ва тинчлик қурбонликларини назр қилиш, у ерда хизмат қилиб, ҳамду сано ва мадҳиялар айтиш. 3 Эгамизнинг қонунига кўра, ҳар куни эрталаб ва кечқурун, Шаббат кунлари, янги ой шодиёналари ва тайинланган байрам кунлари куйдириладиган қурбонликлар келтирилиши лозим эди. Шоҳ Ҳизқиё ўзининг шахсий мулкидан бу қурбонликлар учун ҳайвонларни берди. 4 У Қуддусда яшаган халққа: “Руҳонийлар ва левиларга тегишли улушни беринглар, токи улар ўзларини тўлиқ Эгамизнинг қонунларини бажаришга бағишласинлар”, деб фармон берди. 5 Фармон берилгач, халқ буғдойнинг, шароб, зайтун мойи, асал ва далада етиштирилган донларнинг биринчи ҳосилидан мўл қилиб олиб келдилар. Улар олиб келган ҳамма нарсанинг ушри ниҳоятда мўл эди. 6 Яҳудо шаҳарларида яшаган Исроил ва Яҳудо халқи мол–қўйларининг ушрини ҳамда Эгаси Худога атаб бағишланган инъомларнинг ушрини олиб келиб, уюм–уюм қилдилар. 7 Халқ инъомлар олиб келишни учинчи ойда бошлаб, еттинчи ойда тугатди. 8 Ҳизқиё ва унинг аъёнлари келиб уюм–уюм инъомларни кўришгач, Эгамизга ҳамду сано айтиб, Исроил халқини дуо қилишди.
9 Ҳизқиё руҳонийлар ва левилардан бу инъомлар ҳақида сўраганда, 10 Зодўх хонадонидан бўлган олий руҳоний Озариё Ҳизқиёга шундай жавоб берди: “Халқ инъомларни Эгамизнинг уйига олиб кела бошлаганидан бери, озуқамиз етарли. Жуда кўп ортиб қолгани ҳам бор. Ҳа, Эгамиз Ўз халқига барака берди, ортганининг кўплигини бир кўриб қўйинг.” 11 Шунда Ҳизқиёнинг буйруғига биноан, Эгамиз уйининг омборхоналари тайёрланди. 12 Бу омборхоналарга ҳамма ҳадялар, ушрлар ва бағишланган инъомлар қўйилди. Буларга назоратчи қилиб леви Хонаниё, унинг ёрдамчиси қилиб укаси Шимах тайинланди. 13 Уларнинг қўли остида қуйидаги ўн нафар леви ишлайдиган бўлди: Ёхиёл, Озазиё, Нахат, Осойил, Яримўт, Йўзабад, Элиёл, Йисмахиё, Махат ва Бинаё. Буларнинг ҳаммаси шоҳ Ҳизқиё ва олий руҳоний Озариё томонидан тайинланган эдилар.
14 Кори Маъбаднинг шарқий дарвозаси дарвозабони бўлиб, Худога кўнгилдан қилинган назрлар учун масъул эди. Кори леви Йимнахнинг ўғли эди. Унинг вазифаси Эгамизга аталган инъомларни ва энг муқаддас назрларни руҳонийлар ва левиларга бўлиб бериш эди. 15 Унинг содиқ ёрдамчилари Эден, Минёмин, Ешува, Шамаё, Эмориё ва Шаханиё эдилар. Улар руҳонийларга қарашли шаҳарларда хизмат қилиб, у ердаги руҳонийларнинг оилаларига гуруҳлари бўйича улуш тақсимлаб беришар эди. Ёшу қарига бир хил улуш ажратишарди: 16 Эгамизнинг уйидаги хизматни гуруҳлари бўйича бажарадиган ҳамма эркакларга, шунингдек, насабномада номлари қайд этилган уч ва ундан юқори ёшдаги ўғил болаларга улуш беришарди. 17 Улар хонадонлари бўйича рўйхатга олинган руҳонийларга, шунингдек, йигирма ва ундан юқори ёшдаги левиларга улуш ажратишарди. Левиларнинг рўйхати бажарадиган вазифалари ва гуруҳлари асосида тузилган эди. 18 Насабномада номлари қайд этилган ҳамма эркакларнинг оилаларига — хотини, ўғил–қизлари, чақалоқларига ҳам улуш бериларди. Зотан, улар ўзларини пок сақлашда садоқат кўрсатар эдилар. 19 Шаҳарларнинг четларида истиқомат қилган, Ҳорун наслидан бўлган руҳонийларга келсак, уларга ҳам улуш тарқатадиган одамлар тайинланган эди. Бу одамлар руҳоний уруғидан бўлган ҳар бир эркак зотига ва рўйхатга олинган ҳар бир левига улуш беришар эди.
20 Шу йўсинда, Ҳизқиё бутун Яҳудо бўйлаб улуш тарқатиш вазифасини уддалади. У Эгаси Худо олдида яхши, тўғри ва ҳалол ишлар қилди. 21 Маъбад хизматига, Худонинг қонунлари ва амрларига оид қилган ҳар бир ишини Худога интилган ҳолда, чин юракдан қилгани учун кўп муваффақиятга эришди.