4–БОБ
Бешинчи ваҳий: чироқпоя ва иккита зайтун дарахти
1 Мен билан гаплашган фаришта қайтиб келиб, худди мени уйқудан уйғотгандай қилиб турғизди. 2 У мендан:
— Нима кўряпсан? — деб сўради. Мен шундай жавоб бердим:
— Тилладан ясалган бир чироқпояни кўряпман, унинг устида мой учун бир товоқ турибди. Чироқпояда эса еттита мойчироқ турибди. У мойчироқларнинг ҳар бирида еттитадан жўмраги бор. 3 Чироқпоянинг олдида иккита зайтун дарахти бор. Бу дарахтларнинг бири чироқпоянинг ўнг томонида, иккинчиси эса чап томонида турибди.
4 Мен билан гаплашган фариштадан сўрадим:
— Булар нима, эй тўрам?
5 У мендан:
— Нималигини билмайсанми? — деб сўради. Мен:
— Йўқ, тўрам, — деб жавоб бердим.

6 У менга шундай деди:
— Қуйидагилар Эгамизнинг Зарубабелга берган хабаридир: “Қудрат билан эмас, куч билан эмас, Менинг Руҳим ила муваффақиятга эришасан, — дейди Сарвари Олам. 7 — Эй баланд тоғ , сен нима бўлибсан?! Зарубабел олдида сен текислик бўласан. Зарубабел Менинг уйимни қайта қуради, унинг энг охирги тошини қўяди. Шундан кейин бутун халқ: «Худо марҳамат қилсин!» деб ҳайқиради.”
8 Яна Эгамиз менга қуйидаги сўзини аён қилди: 9 “Зарубабел ўз қўллари билан уйимнинг пойдеворини ётқизди. Қурилишни ҳам ўзи тугатади. Ана шунда Мен, Сарвари Олам, сени юборганимни халқ англаб олади. 10 Қурилишнинг бошланиши арзимасдай кўринса ҳам, кўнглингиз чўкмасин! Зеро, Менинг кўзларим, яъни Эгангизнинг еттита кўзи Зарубабелнинг қўлидаги ёзув ўйилган тошга хурсандчилик билан қарайди.”

Шунда Фаришта менга деди:
— Сен кўрган еттита мойчироқ бутун ер юзига қараб турувчи Эгамизнинг еттита кўзидир.
11 Мен фариштадан сўрадим:
— Чироқпоянинг ўнг ва чап томонида турган зайтун дарахтларининг маъноси нима? 12 Олтин новлари орқали тилласимон мой оқаётган зайтун дарахтларининг икки шохи нимани билдиради?
13 У мендан:
— Билмайсанми? — деб сўради. Мен:
— Йўқ, тўрам, — деб жавоб бердим. 14 У шундай деди:
— Булар бошига мой суртиб танланган, бутун оламнинг Раббийси олдида хизмат қиладиган икки зотдир .