10–БОБ
Фаришта ва кичкина ўрама қоғоз
1 Мен самодан тушаётган бошқа кучли бир фариштани кўрдим. У булутга бурканган эди. Унинг боши узра камалак бор эди. Юзи қуёшдай порлар, оёқлари олов устунларидай ловуллаб турар эди. 2 Унинг қўлида кичкинагина очилган ўрама қоғоз бор эди. У ўнг оёғини денгиз устига, чап оёғини ер юзига қўйганича, 3 шер ўкиргандай қаттиқ ҳайқирди. У ҳайқирганда етти момақалдироқ ҳам тилга кириб, гулдурос овоз билан гапира бошлади. 4 Етти момақалдироқ гапирганда, мен уларнинг гапларини ёзмоқчи бўлдим. Лекин самодан бир овоз шундай деди:
— Етти момақалдироқнинг гапларини ёзма, уларни сир сақла!
5 Денгиз ва ер юзида турган, мен кўрган фаришта ўнг қўлини осмонга кўтарди. 6-7 У то абад барҳаёт Худо ҳақи онт ичди. Еру осмонни, денгиз ва уларни тўлдирган жамики жониворларни яратган Худо ҳақи онт ичиб, шундай деди:
— Худо пайғамбар қулларига Ўзининг сир тутган режасини маълум қилганди. Еттинчи фаришта карнай чалганда, Худо ўша режасини амалга оширади. Энди кечиктирмайди.
8 Самодан келган овоз менга яна деди:
— Бор, денгиз ва ер устида турган фариштанинг қўлидан очиқ ўрама қоғозни ол.
9 Мен фариштанинг ёнига бориб:
— Ўрама қоғозни менга беринг, — дедим. Фаришта менга деди:
— Мана, ол! Уни егин! У ичингни ачитиб юборади, оғзингга эса асалдай ширин таъм беради.
10 Мен ўрама қоғозни фариштанинг қўлидан олиб едим. У оғзимда асалдек ширин эди. Аммо уни ютганимдан кейин ичим ачишиб кетди.
11 Сўнг менга шундай деб айтишди:
— Сен яна кўп элатлар ҳақида, халқлар, миллатлару шоҳлар ҳақида башорат қилишинг керак.