8–САНО
1 Ижрочилар раҳбарига. Соз жўрлигида айтиладиган Довуд саноси.
2 Эй Эгам, бизнинг Раббимиз!
Бутун ер юзида Сенинг номинг улуғвордир!
Осмондан ҳам юксакдир Сенинг шуҳратинг!
3 Душманларингнинг,
Қасоскорларнинг овозини ўчирай дея,
Сен болалар ва чақалоқларни
Ўз қудратингни сўйлашга ўргатдинг.
4 Қўлларинг ижоди бўлган осмонингга қарадим,
Ўзинг жойлаштирган юлдузлару ойга боқдим.
5 Инсон зоти недирки, у ҳақда ўйлагайсан?!
Бандалар недирки, Сен уларни ардоқлагайсан?!

6 Сен уларни Ўзингдан андак паст қилдинг,
Иззату шараф тожини уларга кийгиздинг.
7 Жамики яратганинг узра уларни ҳукмрон қилдинг ,
Бор нарсани уларнинг оёғи остига қўйдинг:
8 Жамики молу қўйларни ҳам,
Барча ёввойи ҳайвонларни ҳам,
9 Самодаги қушларни ва денгиздаги балиқларни,
Денгизда сузувчи ҳар хил махлуқларни.
Ҳа, уларнинг устидан инсонни ҳукмрон қилдинг.

10 Эй Эгам, бизнинг Раббимиз!
Бутун ер юзида Сенинг номинг улуғвордир!