53–САНО
1-2 Ижрочилар раҳбарига. Зифликлар Шоулнинг олдига бориб: “Довуд халқимиз орасида яшириниб юрибди”, деб хабар берганларидан кейин , Довуднинг айтган қасидаси . Торли асбоблар жўрлигида айтилади.
3 Эй Худо! Буюк қудратинг ила мени қутқаргин!
Куч–қувватинг ила менга адолатли ҳукм чиқаргин!
4 Эй Худо, эшитгин илтижоимни,
Тинглагин айтганларимни!
5 Бегоналар қарши қўзғалди менга,
Зўравонлар қасд қилмоқчи жонимга,
Улар Сени писанд қилмайдилар.
6 Эй Худо, менга мадад берасан,
Эй Раббий, менинг жонимни асрайсан.
7 Душманларимнинг қабиҳликлари ўз бошига келсин,
Сен содиқсан, уларни қириб ташлагин!
8 Шод бўлиб, Сенга қурбонлик келтираман,
Ўзинг яхшисан, эй Эгам, Сенга шукур айтаман!
9 Сақладинг ҳар қандай кулфатдан мени,
Кўзларим кўрди душманларим мағлубиятини.
© © Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020