136–САНО
1 Бобилдаги дарёлар бўйида ўтирардик,
Йиғлаб, у ерларда Қуддусни эслардик.
2 Лираларимизни ўша ердаги толларга осиб қўйгандик.
3 Бизни у ерда асирга олганлар:
“Қўшиқ айтиб беринглар”, дердилар,
Бизга зулм қилганлар кўнгилларини чоғ қилгани:
“Бизга Қуддус қўшиқларидан куйланглар”, дердилар.
4 Қандай қилиб бегона юртда
Биз Эгамизга қўшиқ куйлай олардик?!
5 Эй Қуддус, агар сени унутсам,
Ўнг қўлим қуриб қолсин.
6 Агар мен сени эсламасам,
Қуддусни энг катта шодлигим деб билмасам,
Тилим танглайимга ёпишиб қолсин.
7 Эй Эгам, Қуддус қулаган кунда
Эдомликлар нима қилганини ёдда тутгин.
Ахир, улар: “Қулатинг, йиқитинг уни!
Пойдеворигача қулатиб ташланг!” деб бақирган.
8 Эй Бобил шаҳри! Қирғинга маҳкум бўлгансан .
Бизга не қилган бўлсанг,
Ўшани бошингга соладиганлар бахтлидир.
9 Сенинг гўдакларингни ушлаб, қояга уриб,
Тилка–пора қиладиганлар бахтлидир.
© © Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020