11–САНО
1 Ижрочилар раҳбарига. Саккиз торли асбоб жўрлигида айтиладиган Довуд саноси.
2 Нажот бергин бизга, эй Эгам!
Тақводор бир инсон қолмади,
Сенга содиқ инсон йўқ бўлиб кетди.
3 Ҳамма бир–бирига ёлғон сўзлайди,
Хушомадгўйлик билан бир–бирини алдайди.

4 Хушомадгўй тилларни Эгамиз кесиб ташласин,
Мақтанчоқ оғизларни У қириб ташласин.
5 Ахир, улар: “Оғзимиз билан эришамиз ҳар нарсага,
Тилимиз ўзимизники, ким хўжайин бизга?!” деб айтади.

6 Эгамиз айтмоқда: “Муҳтож эзилиб кетди,
Бечора нола қилди. Энди қўзғаламан,
Ўзлари интилган нажотга етказаман.”
7 Эгамизнинг ваъдалари ғоятда покдир,
Унинг сўзлари ўчоқда
Етти карра тозаланган кумушга ўхшайди.

8-9 Ҳар тарафда қабиҳлар дайдиб юради,
Ҳар ёқда одамлар ёмонликни мақтаб юради.
Эй Эгам! Булардан бизларни сақлагайсан,
То абад бу наслдан бизни ҳимоя қилгайсан.