9–БОБ
Халқ гуноҳлари учун тавба қилади
1 Еттинчи ойнинг йигирма тўртинчи куни Исроил халқи яна йиғин қилди. Улар қайғудан қанорга ўраниб, бошларидан тупроқ сочиб, рўза тутдилар. 2 Исроил насли ўзларини ҳамма бегоналардан айириб олдилар, сўнг ўзларининг ва ота–боболарининг гуноҳлари учун тавба қилдилар. 3 Улар тахминан уч соат давомида тик туриб, Эгаси Худонинг Таврот китобидан ўқилган сўзларни эшитдилар. Кейинги уч соат давомида эса тавба қилиб, Эгаси Худога сажда қилдилар. 4 Ўша ерда левилар турадиган бир зина бор эди. Ешува, Баних, Кадмил, Шабаниё, Бўнах, Шаравиё, Баних ва Ханонах ўша зинага чиқиб, Эгаси Худога қаттиқ овозда илтижо қилдилар.
Левилар тавба–тазарру билан ибодат қиладилар
5 Сўнгра левилардан бўлган Ешува, Кадмил, Баних, Хашавниё, Шаравиё, Хўдиё, Шабаниё ва Патихиё халққа даъват қилиб дедилар: “Энди туринглар, Эгангиз Худони олқишланглар!” Левилар ҳамду сано ўқидилар:
“Эй Эгамиз Худо! Сенга абадулабад ҳамду санолар бўлсин. Сенга муносиб ҳамду сано айтишга тилимиз ожиз бўлса–да, ҳамма Сенинг улуғвор номингни олқишласин.
6 Ёлғиз Сен Эгамиздирсан! Сен осмонни, беқиёс фалакни, ундаги ҳамма самовий жисмларни, заминни, заминдаги ҳамма нарсани, денгизларни, денгизлардаги ҳамма нарсани яратгансан. Уларнинг ҳаммасига жон ато қилган Сенсан. Самодаги фаришталар Сенга сажда қилади.
7 Сен Парвардигор Эгамизсан. Сен Ибромни танлаб олдинг, уни Халдейдаги Ур шаҳридан олиб чиқдинг, унга Иброҳим деб исм бердинг. 8 Унинг содиқлигига амин бўлдинг. Шунинг учун у билан аҳд қилиб, дединг: «Сенинг наслларингга Канъон, Хет, Амор, Париз, Ёбус ва Гиргош халқларининг юртларини бераман.» Сен аҳдингда турдинг, чунки Сен содиқ Худосан.
9 Ота–боболаримизнинг Мисрдаги азоб–уқубатларини Ўзинг кўрдинг, уларнинг Қизил денгизда қилган дод–фарёдларини эшитдинг. 10 Сен фиръавнга, унинг барча аъёнларига, Миср юртининг халқига қарши аломату мўъжизалар кўрсатдинг. Чунки улар ота–боболаримизга нисбатан сурбетларча иш тутганларини билардинг. Ўшанда қозонган довруғинг шу кунгача сақланиб қолган. 11 Сен ота–боболаримизнинг кўз ўнгида денгизни иккига бўлдинг, шу боис улар денгиз орқали қуруқ ердан ўтдилар. Уларни таъқиб қилаётган Мисрликларни эса Сен денгиз қаърига улоқтирдинг. Улар баҳайбат сувларга тошдай ғарқ бўлдилар. 12 Сен кундузи ота–боболаримизни устун шаклидаги булут билан бошлаб бординг, кечалари устун шаклидаги аланга билан уларнинг йўлларини ёритдинг.
13 Сен Синай тоғи узра келиб турдинг, самодан туриб уларга гапирдинг, уларга адолатли қоидалар, тўғри қонунлар, яхши фармонлару амрлар бердинг. 14 Сенга бағишланган Шаббат кунига риоя қилиш тўғрисида уларга кўрсатмалар бердинг. Қулинг Мусо орқали уларга амрлар, фармонлар, қонунлар бердинг.
15 Улар оч қолганларида, самодан нон бердинг, чанқаганларида қоядан уларга сув чиқариб бердинг. Сен Канъон юртини уларга бераман, дея онт ичган эдинг. Сўнг уларга, боринглар, ўша ерни мулк қилиб олинглар, деб айтдинг. 16 Лекин ота–боболаримиз ўзларига бино қўйиб, ўжарлик қилдилар, Сенинг амрларингга итоат этмадилар. 17-18 Улар Сенга итоат этишдан бош тортдилар, уларнинг орасида кўрсатган мўъжизаларингни эсга олмадилар. Шу қадар ўжарлик қилдиларки, Мисрдаги қулликка қайтиб бориш учун ўзларига йўлбошчи тайинладилар. Лекин Сен кечирадиган, иноятли, раҳмдил, жаҳли тез чиқмайдиган, содиқ севгиси мўл Худосан. Бизнинг ота–боболаримиз ўзларига буқанинг тасвирини ясаб: «Мана бизларни Мисрдан олиб чиққан худойимиз», деган эдилар. Шу тариқа ўта шаккоклик қилган эдилар. Ҳатто ўшанда ҳам Сен ота–боболаримизни тарк этмадинг.
19 Сен ғоят раҳмдил бўлганинг учун ота–боболаримизни саҳрода ташлаб кетмадинг. Уларни кундузлари доим булут устуни билан йўлда бошлаб бординг, кечалари юра олсин деб, доим аланга устуни билан йўлларини ёритдинг. 20 Уларга ўгит берсин деб, эзгу Руҳингни бахш этдинг, уларнинг оғзидан маннани узмадинг, чанқоқлари босилсин деб, сув бердинг. 21 Сен қирқ йил саҳрода уларга ғамхўрлик қилдинг, улар ҳеч нарсага муҳтожлик сезмадилар, кийимлари тўзмади, оёқлари шишиб кетмади.
22 Сен уларга шоҳликлар ва халқлар устидан ғалаба ато қилдинг, қўлга киритган ернинг ҳар бир парчасини тақсимлаб бердинг. Улар Хашбон шоҳи Сихўннинг юртини , Башан шоҳи Ўгнинг юртини мулк қилиб олдилар. 23 Сен уларнинг наслларини самодаги юлдузлар сингари кўпайтирдинг. Ота–боболарига ваъда қилган юртга уларни олиб кирдинг. 24 Улар бориб, Канъон юртини мулк қилиб олдилар. Сен уларга Канъон юрти аҳолисини бўйсундириб бердинг, бу юртни шоҳларию маҳаллий халқлари билан бирга уларнинг қўлларига бериб: «Буларга истаганингизни қилинглар», дединг. 25 Ота–боболаримиз мустаҳкам шаҳарларни, ҳосилдор ерларни қўлга киритдилар, ажойиб буюмлар билан тўла уйларга, қазилган сардобаларга, узумзорларга, зайтунзорларга, кўплаб мевали дарахтларга эга бўлдилар. Еб тўйдилар, семирдилар, Сенинг улуғ марҳаматингдан кўнгилларини чоғ қилдилар.
26 Лекин шунга қарамай, улар яна итоатсизлик қилиб, Сенга қарши бош кўтардилар. Қонунларингни менсимадилар, «Эгамизга қайтинглар», деб даъват қилган пайғамбарларингни ўлдирдилар. Ўтакетган шаккокликлар қилдилар. 27 Шунинг учун Сен уларни душманлари қўлига бердинг, душманлари уларга зулм ўтказдилар. Улар азоб тортганларида Сенга илтижо қилишди, Сен уларнинг илтижоларини самодан туриб эшитдинг. Буюк раҳм–шафқатинг туфайли уларга қутқарувчиларни юбординг. Қутқарувчилар уларни душманлари қўлидан халос қилдилар. 28 Лекин ҳаммаси яхши бўлгандан кейин, улар Сенинг олдингда яна қабиҳлик қилишди. Сен уларни яна душманлари қўлига бериб, тарк этдинг. Душманлари улар устидан ҳукмронлик қилишди. Ота–боболаримиз яна Сенга юз буриб, илтижо қилганларида, самодан туриб уларнинг илтижоларини эшитдинг. Сен раҳмдил бўлганинг учун кўп марталаб уларга нажот бердинг.
29 Қонунларим бўйича олдингидай яшанглар, деб уларни огоҳлантирдинг. Лекин улар ўзларига бино қўйиб, Сенинг амрларингга итоат этмадилар. Гарчи қонун–қоидаларингга амал қилиш ҳаёт берса–да, улар бу қонун–қоидаларингга қарши гуноҳ қилдилар, ўжарлик билан қонун–қоидаларингдан юз ўгирдилар, итоат этишдан бош тортдилар. 30 Узоқ йиллар Сен уларга сабр–тоқат қилиб келдинг, Руҳинг ила пайғамбарлар орқали халқингни огоҳлантириб келдинг. Лекин улар Сенга қулоқ солмадилар. Шу сабабдан Сен уларни таслим қилиб, бегона халқларнинг қўлига бердинг. 31 Аммо шундай бўлса ҳам, буюк раҳм–шафқатинг туфайли Сен уларни қириб ташламадинг, уларни тарк этмадинг, чунки Сен иноятли, раҳмдил Худосан!
32 Эй Худойимиз! Сен буюк, қудратли ва ҳайбатли Худосан! Сен аҳдингда турасан, содиқ севгингни сақлайсан. Чеккан азоб–уқубатларимиздан кўз юмма. Ахир, Оссурия шоҳлари давридан бугунгача шоҳларимиз, йўлбошчиларимиз, руҳонийларимиз, пайғамбарларимиз, ота–боболаримиз, бутун халқимиз бошига оғир азоб–уқубатлар тушди. 33 Сен бизни жазолаб тўғри қилдинг. Сен садоқат билан иш тутдинг, биз эса қабиҳлик қилдик. 34 Шоҳларимиз, йўлбошчиларимиз, руҳонийларимиз, ота–боболаримиз Сенинг қонунларингга риоя қилмадилар, Сен берган амрларингга, огоҳлантиришларингга улар қулоқ солмадилар. 35 Ҳатто ўз шоҳлигига эга бўлган пайтларида, Сен уларга буюк марҳамат кўрсатган бўлсанг ҳам, улар Сенга хизмат қилмадилар. Сен уларга кенг, серҳосил бир юрт бердинг, лекин улар қабиҳ ишларидан қайтмадилар.
36 Мана, бугун биз қулмиз! Сен ота–боболаримизга берган юртда биз қул бўлиб яшаяпмиз. Сен эса бу юртни ота–боболаримизга меваларидан, мўл–кўлчилигидан баҳраманд бўлсин деб бергансан. 37 Аммо гуноҳларимиз оқибатида Сен бизни шоҳларга тобе қилиб қўйдинг. Юртимизнинг мўл ҳосили ўшаларга кетади. Улар бизга ва чорвамизга хоҳлаган ишини қилади. Эвоҳ, оғир кулфатда қолдик!”
Халқ Худога итоат этишга қарор қилади
38 Халқ қуйидагича қарор қилди:
“Бўлиб ўтган воқеалар туфайли биз ёзма равишда қатъий қарор қиляпмиз. Йўлбошчиларимиз, левиларимиз ва руҳонийларимиз бу қарорга муҳрларини босдилар.
© © Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020