4–БОБ
Эгамизнинг куни яқинлашиб қолди
1 Сарвари Олам шундай дейди: “Ана, Эгангизнинг куни яқинлашиб қолди. Ўша кун ловуллаган тандирдай бўлади. Такаббурлар билан ёвузларнинг ҳаммаси гўё хас–чўпдир. Келаётган ўша куни ҳаммаси ёндириб ташланади. Улардан на шохлар, на илдизлар қолади.
2 Сизлар учун эса, эй номимни эшитиб қўрқадиганлар, нажот қуёш каби кўтарилади, сизларга шифо нурларини сочади. Ҳа, сизлар шодланасизлар. Оғилхонадан қўйиб юборилган бузоқлардай сакрайсизлар. 3 Ёвузларни босиб эзасизлар. Ҳа, Мен белгилаган ўша кунда улар оёғингиз остидаги тупроқдай бўлади, — дейди Сарвари Олам. 4 — Қулим Мусонинг кўрсатмаларини эсланг. Унга Синай тоғида бутун Исроил халқи учун берган одил қонун–қоидаларимни эсга олинг. 5 Мана, Мен, Эгангизнинг улуғ ва даҳшатли куни келишидан олдин, олдингизга Илёс пайғамбарни юборяпман. 6 Илёс оталарнинг юракларини фарзандларига, фарзандларнинг юракларини эса оталарига мойил қилади. Токи Мен юртни лаънатлаб йўқ қилмайин.”
© © Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020