15–БОБ
Адашган қўй ва йўқолган танга ҳақида масал
1 Ҳамма солиқчилар ва гуноҳкорлар Исонинг таълимотини тинглаш учун келар эдилар. 2 Фарзийлар билан Таврот тафсирчилари: “Ана, У гуноҳкорларни қабул қилиб, улар билан бирга еб–ичяпти”, деб минғирлаб норози бўлдилар. 3 Исо эса уларга қуйидаги масални айтиб берди: 4 “Сизларнинг орангизда кимнингдир юзта қўйи бўлса–ю, биттаси адашиб қолса, тўқсон тўққизтасини яйловда қолдириб, адашган қўйни топмагунча қидирмайдими? 5 Ўша қўйини топганда, хурсанд бўлиб елкасига кўтариб олади. 6 У уйига келиб, дўстларини, қўшниларини чақиради ва уларга:
— Мен йўқолган қўйимни топдим! Хурсандчилигимга шерик бўлинглар, — деб айтади.
7 Сизларга айтаманки, худди шу сингари, тавбага ҳожат сезмаган тўқсон тўққизта солиҳ одамдан кўра, тавба қилган битта гуноҳкор учун самода кўпроқ шодлик бўлади.
8 Ёки қайси бир аёлнинг ўнта кумуш тангаси бўлса–да, биттасини йўқотиб қўйса, у чироқ ёқиб тангани топмагунча уйини супуриб–сидириб синчиклаб қидирмайдими?! 9 Тангани топгач, дугоналарини ва қўшниларини чақириб:
— Мен йўқолган тангамни топдим! Хурсандчилигимга шерик бўлинглар, — дейди.
10 Сизларга айтаманки, худди шу сингари, тавба қилган битта гуноҳкор учун Худонинг фаришталари ҳузурида шодлик бўлади.”
Дарбадар ўғил ҳақида масал
11 Исо яна деди: “Бир одамнинг икки ўғли бор экан. 12 Уларнинг кичиги отасига:
— Ота, мол–мулкингиздан менга тегишли қисмини беринг, — дебди.
Отаси мол–мулкини икки ўғлига бўлиб берибди.
13 Орадан кўп ўтмай, кичик ўғил бор нарсасини йиғиштириб, узоқ бир мамлакатга кетибди. У ерда шалоқ яшаб, мол–дунёсини кўкка совурибди. 14 Борини исроф қилгандан кейин, ўша мамлакатда оғир қаҳатчилик бошланибди. Йигит ҳам муҳтожликда қолибди. 15 У бориб, ўша мамлакат фуқароларидан бирига ёлланибди. У одам эса йигитни ўз даласидаги чўчқаларни боқишга юборибди. 16 Йигит чўчқалар ейдиган қўзоқлар билан қорнини тўйдиришга ҳам зор бўлибди, лекин унга шуни ҳам раво кўришмас экан.
17 Ниҳоят йигит ақлини йиғиб олиб, ўзига ўзи дебди:
— Отамнинг қанчадан–қанча ёлланма ишчиларининг нони ошиб–тошиб ётибди, мен эса бу ерда очликдан ўляпман. 18 Энди отамнинг олдига бориб, унга шундай деб айтаман: “Ота, мен Худога ва сизга қарши гуноҳ қилдим. 19 Энди сизнинг ўғлингиз деб аталишга лойиқ эмасман. Мени ёлланма ишчиларингиз қаторига қабул қилинг.”
20 Йигит отаси олдига равона бўлибди. Йигит ҳали узоқда келар экан, отаси уни кўриб, ўғлига раҳми келибди. У югуриб бориб, ўғлини қучоқлаб, ўпибди.
21 Кейин ўғли отасига айтибди:
— Ота, мен Худога ва сизга қарши гуноҳ қилдим. Энди сизнинг ўғлингиз деб аталишга лойиқ эмасман.
22 Отаси эса хизматкорларига буюрибди:
— Тез бўлинглар, энг нафис тўн келтириб елкасига ёпинглар, қўлига узук тақинглар, оёқларига чориқ кийгизинглар. 23 Бўрдоқи бузоқни олиб чиқиб, сўйинглар. Еб–ичайлик, хурсандчилик қилайлик. 24 Чунки бу ўғлим мен учун ўлган эди, энди тирилди, йўқолган эди, энди топилди.
Шундай қилиб, хурсандчилик қила бошлабдилар. 25 Катта ўғил шу пайтда далада экан. Қайтаётиб уйга яқинлашганда, қулоғига мусиқа ва ўйин–кулги садолари эшитилибди. 26 Хизматкорлардан бирини чақириб:
— Нима гап? — деб сўрабди.
27 — Укангиз қайтиб келдилар. Отангиз уни соғ–саломат кўргани учун бўрдоқи бузоқни сўйдилар, — деб жавоб берибди хизматкор.
28 Шунда катта ўғилнинг жаҳли чиқибди, ичкарига киришдан бош тортибди. Отаси эса ташқарига чиқиб, ўғлига ўтиниб гапирибди. 29 Аммо у отасига шундай жавоб берибди:
— Менга қаранг! Шунча йилдан бери сизга қулдай ишлаб келаман. Бирорта гапингизни ерда қолдирмадим. Лекин дўстларим билан хурсандчилик қилишим учун сиз менга битта улоқча ҳам бермадингиз. 30 Аммо мол–мулкингизни фоҳишалар билан еб, йўқ қилган анави ўғлингиз қайтиб келганда, сиз бўрдоқи бузоқни сўйдирдингиз!
31 Отаси унга шундай жавоб берибди:
— Ўғлим! Сен доимо мен билан биргасан. Менинг бор нарсам сеники. 32 Бугун эса байрам қилиб, хурсанд бўлишимиз керак. Ахир, бу уканг биз учун ўлган эди, энди тирилди, йўқолган эди, энди топилди.”
© © Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020