3–БОБ
Худо халқларни ҳукм қилади
1 Эгамиз шундай дейди: “Ўша кунларда Мен Яҳудо ва Қуддуснинг олдинги мавқеини тиклайман. 2 Сўнг барча халқларни йиғиб, Ҳукм водийсига олиб тушаман. У ерда халқим Исроил ҳақи улар билан даъволашаман, чунки улар Менинг халқимни турли элларга тарқатиб юбордилар. Юртимни эса ўзаро бўлишиб олдилар. 3 Улар халқим учун қуръа ташлаб, ўғил–қизларимни сотиб юбордилар. Тушган пулга фоҳишабозлигу айш–ишрат қилдилар.
4 Эй Тир, Сидон ва бутун Филист халқи, Менда нима қасдингиз бор?! Сизлар ҳали Мендан ўч олмоқчимисиз?! Борди–ю, ниятингиз шу бўлса, Мен ўша заҳотиёқ қилмишингизга яраша жазоингизни бераман. 5 Сизлар олтину кумушларимни тортиб олдингиз, қимматбаҳо хазиналаримни саждагоҳларингизга олиб кетдингиз. 6 Яҳудо ва Қуддус халқини юнонларга сотиб, ўз ватанидан йироқ қилдингиз. 7 Энди Мен Яҳудо ва Қуддус халқини сизлар сотган юртлардан олиб чиқаман. Қилмишингизга яраша жазоингизни бераман. 8 Ўғил–қизларингизни Яҳудо халқига сотаман, улар эса фарзандларингизни олисдаги бир халққа — Саволикларга сотишади.” Зотан, бу сўзларни Эгамиз айтди.

9 Халқлар орасида шундай деб эълон қилинг:
“Жангга тайёрланиб, жангчиларни сафарбар қилинг!
Сипоҳларингиз ҳужум қилсин!
10 Омочларингиздан ясанг қиличлар,
Ўроқларингиздан қилинг найзалар.
Заифлар ҳам қўлига қурол тутсин.
11 Эй теваракдаги халқлар, шошилинг ,
Қани, ҳаммангиз водийда тўпланинг.”

Ўз сипоҳларингни, эй Эгам, чақир!

12 Эгамиз шундай дейди:
“Барча халқлар бўлсин сафарбар,
Ҳукм водийсига келишсин улар.
Мен у ерда ўтирарман,
Ҳамма халқлар устидан ҳукм чиқарарман.
13 Қани, келинглар,
Етилган буғдойни ўргандай уларни ўринглар,
Пишган узумни эзгандай , босиб йўқ қилинглар,
Хумлар тўлган,
Уларнинг қабиҳликлари билан тўлиб–тошган.”

14 Минг–минглаб оломон тўпланган
Ҳукм водийсида!
Зотан, яқинлашгандир
Эгамизнинг куни Ҳукм водийсига.
15 Қуёш ҳам, ой ҳам қорайган,
Юлдузлар нури сўнган.

16 Эгам Қуддусдан туриб ҳайқирар,
Сиондан гулдурос овози янграр,
Еру осмон ларзага келар.
Аммо Эгам Ўз халқини паноҳига олар,
У Исроил халқининг қўрғони бўлар.
Худо Ўз халқини баракалайди
17 Эгамиз шундай дейди:
“Эй халқим, шунда сизлар
Эгангиз Худо Мен эканлигимни биласизлар.
Мен муқаддас тоғим Сионда қурганман маскан.
Табаррук бир шаҳар бўлади Қуддус,
Босқинчилар энди асло унга қилмас тажовуз.

18 Ўша куни сут оқар қирлардан,
Узум шарбати келар тоғлардан,
Яҳудодаги ўзанлар сувга тўлар,
Менинг уйимдан булоқ отилиб чиқар,
Акас дарахтлари ўсадиган қақроқ сойликни суғорар.

19 Миср ҳувиллаб, Эдом бўм–бўш саҳрога айланар.
Оҳ, Яҳудо халқига зулм ўтказди улар,
Бегуноҳ одамларнинг қонин тўкдилар.
20-21 Мен албатта жазолайман уларни!
Асло оқламайман жиноятчиларни!
Яҳудо эса абадий яшар,
Қуддус авлодлар оша барқарор бўлар.
Мен, Эгангиз, Сионда қурганман маскан.”