7–БОБ
1 Инсоннинг ердаги меҳнати машаққатли–ку!
Унинг кунлари мардикорнинг кунига ўхшайди–ку!
2 Ҳа, инсон сояни қўмсаган қулга ўхшайди!
Ўз ҳақини кутган мардикордайдир у!
3 Менга ҳам мақсадсиз ойлар,
Қайғуга тўла тунлар берилган.
4 Ётганимда: «Қачон тонг отаркан?» — дейман,
Лекин тун жуда чўзилиб кетади,
Тонг отгунча ағнаб чиқаман.
5 Танамни қурт ва яра босиб кетган,
Терим ёрилиб, йиринглаб кетган.
6 Кунларим бўзчининг мокисидан ҳам тезроқ ўтади,
Асло умид бағишламай ўтиб кетаверади.
Аюб Худога ёлворади
7 Эй Худойим, ҳаётим бир нафасдай эканлигини ёдингда тут,
Кўзларим энди ҳеч қачон яхшиликни кўрмайди.
8 Ҳозир мени кўриб турибсан, лекин бу узоққа чўзилмас,
Мени қидирасан, лекин мен ўшанда бўлмайман.
9 Булут тарқалиб, йўқ бўлиб кетади.
Худди шунга ўхшаб, ўликлар диёрига кетганлар қайтиб келмайди.
10 Улар уйларига қайтиб келмайдилар,
Ўз яшаган жойларида уларни билмайдилар.
11 Шунинг учун жим бўлмай,
Ўз дардимни баён қиламан,
Алам–ҳасратда шикоят қиламан.
12 Эй Худойим! Нима учун устимдан қўриқчи қўйдинг?
Мен денгизманми ёки денгиз махлуқиманми?
13 «Тўшагим менга тасалли берар,
Уйқу дардимни енгиллаштирар», — десам,
14 Тушлар орқали мени қўрқитасан,
Ваҳийлар орқали даҳшатга соласан.
15 Шунда мен, қани энди бўғилиб қўя қолсам, дейман,
Ахир, шу жисмимда яшашдан кўра, ўлим афзалроқ.
16 Ҳаётимдан нафратланяпман, абадий яшамайман.
Ҳаётим бир нафасдай бўлса ўзи, мени тинч қўйгин, ахир!
17 Инсон ким бўлибдики,
Унга шунчалик эътибор берсанг?!
Одам ким бўлибдики,
У ҳақда ўйласанг?!
18 Ҳар тонг уни текшириб,
Ҳар лаҳзада синасанг?!
19 Бир лаҳзага мендан юз ўгиргин,
Тинч қўйгин, ҳеч бўлмаса бир ютинай.
20 Гуноҳ қилган бўлсам, Сенга нима, эй одамзод Қўриқчиси?!
Нима учун мени Ўзингга нишон қилиб олдинг?!
Сенинг менда қасдинг борми?!
21 Нима учун гуноҳимни кечириб,
Айбимдан фориғ қилмайсан?
Ахир, яқинда тупроққа қайтаман–ку!
Мени қидирганингда эса йўқ бўлиб кетган бўламан.”
© © Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020