18–БОБ
Билдад иккинчи марта гапиради: у Аюбни фосиқлар қаторига қўшади
1 Шунда Шувахлик Билдад жавоб берди:
2 “Қачонгача валдирайсан–а?!
Гапингни ўйлаб гапиргин, кейин суҳбатлашамиз.
3 Нима, бизни мол деб ўйлаяпсанми?
Ёки бизни гўл деб биляпсанми?
4 Жаҳл билан ўзингни жароҳатлаяпсан.
Нима энди, сени деб ер юзи ҳувиллаб қолиши керакми?!
Ёки қоялар ўрнидан қўзғалиши керакми?!
5 Фосиқларнинг чироғи албатта ўчади,
Оловининг учқуни ёруғлик бермайди.
6 Чодиридаги ёруғлик зулматга айланади,
Тепасида осилган чироғи ўчади.
7 Собит қадам фосиқлар энди қоқилиб юради.
Ўз режалари уларни оёғидан чалади.
8 Ўз оёқлари уларни тузоққа етаклайди,
Ўзлари чуқурликка йиқилиб тушади.
9 Қопқон уларни товонидан қисиб қолади,
Тўр уларни маҳкам тутади.
10 Ерда фосиқларга илмоқ ташланган,
Уларнинг йўлига тузоқ қўйилган.
11 Ҳар томондан уларни ваҳима босиб,
Ҳар қадамда ортидан қувиб юради.
12 Очликдан уларнинг силлалари қуриб қолади ,
Кулфат ҳам уларнинг қоқилишини кутиб туради.
13 Касаллик уларнинг терисини кемириб битиради,
Ўлат уларнинг оёқ–қўлларини чиритиб юборади.
14 Паноҳлари бўлган чодирларидан уларни суғуриб олиб,
Ўликлар диёри шоҳининг олдига олиб келишади.
15 Фосиқларнинг чодирларидан ҳеч нарса қолмайди,
Улар яшаган жой олтингугурт билан қопланади .
16 Уларнинг илдизлари қуриб қолади,
Новдалари ҳам сўлиб қолади.
17 Ер юзидан уларнинг хотираси ўчиб кетади,
Кўчаларда улардан ном–нишон ҳам қолмайди.
18 Улар ёруғликдан зулматга ҳайдаладилар,
Ҳа, бу дунёдан қувиб чиқариладилар.
19 Халқи орасида улардан авлод–зурриёт қолмайди,
Улар яшаган жойлар кимсасиз бўлиб қолади.
20 Уларнинг тақдиридан ғарбдагилар даҳшатга тушади,
Шарқдагиларни эса ваҳима босади.
21 Ҳа, ёвузларнинг маскани шу аҳволга тушиб қолади,
Худосизларнинг жойи шундай бўлиб қолади.”
© © Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020